Карвонсарой
Хавфсизлик

Тошкент ўз мудофаа саноатини мустаҳкамлаб, армияни модернизация қилади

Рустам Темиров

Ўзбекистон армияси бронетранспортёри, 14 январ, Самарқанд. (Замира Болтаева)

Ўзбекистон армияси бронетранспортёри, 14 январ, Самарқанд. (Замира Болтаева)

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон янги турдаги қуроллар ва қўш мақсадли технологиялар билан ўз ҳарбий маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хориждан импорт қилиш орқали Қуролли кучларини модернизация қилишни режалаштирмоқда.

31 январ куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли кучларини қуроллантириш бўйича янги давлат комиссиясини тузиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Янги комиссияга Мирзиёевнинг ўзи бошчилик қилади. Комиссия мудофаа соҳасидаги давлат харидларини тасдиқлаш, Қуролли кучларни ҳарбий ва қўш мақсадли маҳсулотлар билан таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, мудофаа соҳасидаги корхоналар фаолиятини тартибга солиш, янги корхоналар ташкил этиш ( жумладан, хорижий шериклар билан ҳамкорлик қилиш орқали) ва молиялаштириш манбаларини белгилаш билан шуғулланади.

Шунингдек, фармонга кўра, 2017 йилда тузилган Мудофаа саноати давлат қўмитаси ўрнига Мудофаа саноати агентлиги ташкил этилади.

Мамлакатларнинг ҳарбий қудратини баҳоловчи Global Firepower 2023 индексида Ўзбекистон 145 давлат ичида 62-ўринни эгаллаб, Марказий Осиёдаги энг қудратлиси бўлди. [Карвонсарой]

Мамлакатларнинг ҳарбий қудратини баҳоловчи Global Firepower 2023 индексида Ўзбекистон 145 давлат ичида 62-ўринни эгаллаб, Марказий Осиёдаги энг қудратлиси бўлди. [Карвонсарой]

Фарғона шаҳридаги ўзбек аскарлари, 2022 йил, 16 октябр. [Тимур Йўлдошев]

Фарғона шаҳридаги ўзбек аскарлари, 2022 йил, 16 октябр. [Тимур Йўлдошев]

Агентлик илмий изланишлар, шунингдек, лойиҳа ва тажриба-синов ишларини ташкиллаштиради.

Бир сўз билан айтганда, янги комиссия ва агентликнинг ташкил этилиши Ўзбекистон қуролли кучлари инфратузилмасини энг юқори даражага олиб чиқишга қаратилган.

Ушбу ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон мамлакатда ишлаб чиқарилаётган ҳарбий ва қўш мақсадли маҳсулотларнинг бир қисмини экспорт қилиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Айни пайтда янги давлат корхонаси – «Ўзтехтрейд» қурол-яроғ ва технологияларни импорт қилиш билан шуғулланади.

Хорижий ҳамкорлар билан ҳарбий-техникавий ҳамкорликни давом эттириш, мудофаа саноатига хорижий сармояларни жалб этиш ҳам устувор йўналишлардан биридир.

Таҳдидларни аниқлаш

Ўзбекистон ҳукумати армияни қурол-яроғ билан таъминлаш масаласи учун тўғри вақтни танлади, дейди Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence ташкилоти директори Алишер Илҳомов.

«Бугунги нотинч паллаларда, айниқса, Москванинг неоимпериал сиёсати ва Украинадаги уруш нуқтаи назаридан, бу долзарб муаммога айланиб бормоқда», деди у.

Илҳомов бир қанча асосий жиҳатларни санаб ўтди.

Биринчидан, Украинадаги уруш НАТО қуроллари ва ҳарбий технологияларининг Россия қуролли кучлариникидан устун эканлиги кўрсатди.

Иккинчи масала – технология ёки бутловчи қисмларнинг минтақага таъсир ўтказишда давом этаётган Россияга чиқиб кетиши хавфини инобатга олиб, НАТО бундай қуролларни Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё республикалари билан бўлишадими ёки йўқми?

Учинчидан, Ўзбекистон қурол ишлаб чиқариш ва харид қилишни режалаштирар экан, мамлакат хавфсизлигига таҳдидлар қаердан келиб чиқаётгани ва уларнинг моҳиятини ҳисобга олиши керак.

Бу таҳдидлар икки томондан: Россия ва Афғонистондан бўлиши мумкин, дейди Илҳомов.

«Ўзбекистон Россия билан чегарадош бўлмагани учун Россиядан таҳдид асосан самолётлар ёрдамида олиб келинадиган қўпорувчи гуруҳлар кўринишида намоён бўлиши мумкин», деб қўшимча қилди у.

Афғонистонга келсак, террорчи ёки қўпорувчи гуруҳларнинг кириб келишидан хавотир бор, дейди у.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон тегишли қуроллар ва технологияларга муҳтож.

Энг аввало, разведка, жумладан, сунъий йўлдош разведкаси ускуналари зарур. Бундан ташқари, камикадзе дронлар, зирҳли пиёда жанговар машиналари, миномётлар, тунги кўриш асбоблари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига эҳтиёж катта, деди Илҳомов.

Ўзбекистон нима ишлаб чиқара олади?

Ҳозирги вазиятданл келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистон ўз ҳудудида энг юқори технологик қуролларни ишлаб чиқара олиши даргумон, дейди Илҳомов.

Аммо, Ўзбекистон Ғарб, Туркия ёки Исроил лицензияларидан фойдаланиб, дронлар ҳамда 5-6 км масофага учувчи, қисқа масофали миномётлар учун ўқ-дорилар яратишга тўлиқ қодир.

Шунингдек, у ўзи харид қилган юқори технологик қуролларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун логистикани ташкиллаштира олади.

Ўзбекистон ҳарбий-саноат мажмуасида бешта корхона фаолият юритади. Самолётлар ва зирҳли техникани таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатишдан ташқари, уларда енгил зирҳли техника, дронлар, тунги кўриш асбоблари ва бир қатор жанговар модуллар ишлаб чиқарилади.

2022 йилда «Лочин» маҳаллий дронларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди. Бу дронлар қўш мақсадли маҳсулот намунасидир. Ўзбек «лочинлари» фуқаролик мақсадлари билан бир қаторда, разведка, душманга қарши ҳужумлар ва артиллерия учун нишонларни аниқлаштириш каби ҳарбий мақсадларда ҳам қўлланилади.

2021 йилда саккиз ўринли «Қалқон» енгил зирҳли машиналари синовдан ўтказилган.

Бу машиналар разведка ишлари, ҳарбий хизматчиларни ташиш, юкларни етказиб бериш ва ярадорларни эвакуация қилишда ишлатилиши мумкин. Уларни оломон назоратини таъминлаш учун махсус операцияларда ҳам қўллаш мумкин.

Ушбу транспорт воситаларига оид тадқиқот лойиҳаси 55 миллион долларга тушган, деб хабар берган эди Gazeta.uz 2021 йили.

Позитив ҳамкорликка интилиш

Ўзбекистоннинг ўз армиясини қайта қуроллантириш ҳақида ўйлай бошлаганига асосий сабаб Россиянинг Украинага қарши уруши бўлди, дейди Швецияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатчи Пўлат Охунов.

«Украинадаги воқеалар янги урушларнинг мутлақо бошқача техник ва замонавий инфратузилмани талаб қилишини кўрсатди. Шу боис Тошкент ҳам бу ҳақда ўйлай бошлади», дейди у.

Ўзбекистон қайси давлатлар билан ҳамкорлик қилиши керак?

Фақат НАТО давлатлари, деди у бошқа ҳеч кимда бундай замонавий ҳарбий техника йўқлигини таъкидлаб.

Аммо бу масаланинг битта лекини бор.

«Бунга Ўзбекистон раҳбариятининг Кремлга яқинлиги тўсқинлик қилиши мумкин, чунки Ғарб ҳарбий технологиялар русларга ўтиб кетишидан қўрқади», дейди Охунов.

Ваҳоланки, АҚШ аллақачон Ўзбекистонга ҳарбий техника етказиб бермоқда.

2018 йилда икки мамлакат мудофаа соҳасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган ҳарбий ҳамкорликнинг биринчи беш йиллик режасини илгари сурган.

2022 йил октябр ойи охирида АҚШ Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига умумий қиймати 2,8 миллион долларлик 50 дона Polaris MRZR енгил тактик жанговар машинасини топширди.

Ўтган ой АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник ўзбек чегарачиларига умумий қиймати 600 минг долларлик 225 дона FLIR термал монокулярини топширган эди.

Украинадан олинган сабоқлар

Украинадаги уруш Марказий Осиё давлатларининг ҳарбий ва стратегик тафаккурига кучли таъсир ўтказмоқда, дейди тошкентлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

«Эътибор беринг, 2022 йилда Қозоғистон ўзининг ҳарбий ва стратегик сиёсатини қайта кўриб чиқди ва қайта қуролланишга катта молиявий ресурслар ажрата бошлади», деди у. «Шунингдек, минтақа мудофаа қобилиятини кучайтириш ва дронлар учун ускуналар харид қилишда Туркия билан ҳамкорлик қилмоқда».

Украинадаги уруш туртки бўлмаганида ҳам, Марказий Осиё мамлакатларининг ўз мудофаа саноатини стратегик ривожлантиришга эътибор қаратиши ўринли бўларди, дейди у.

Марказий Осиё мамлакатлари олдида шимолдаги Россиядан ташқари, шарқда тобора кучайиб бораётган Хитой, жанубда эса беқарор Афғонистон бор.

«Минтақа давлатларининг мудофаа салоҳиятини ошириш ва бир-бири билан ҳамкорлик қилишдан бошқа чораси йўқ», дейди Раббимов. «Қозоғистон ва Ўзбекистон сўнгги икки йилдан бери шу йўлдан бормоқда.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Туркий иттифоқ қайта кўриб чиқилиши, НАТОга ўхшаган ва унинг стандартларига жавоб берадиган ҳарбий-сиёсий блокка айлантирилиши керак. УЙГУРЛАР ВА УКРАИНЛАР ТАҚДИРИДАН ЎРНАК ОЛИШИМИЗ ЗАРУР. Армиямиз кучли дейиш сафсата. «Дунёдаги иккинчи армия» мисоли шуни кўрсатадики, қадимги совет қуролларидан жангларда фойдаланиш мағлубиятни кафолатлайди. Қорабоғ бўйича арман-озар можароси ҳам буни исботлади.

Жавоб бериш