Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Россиялик маҳбуслар Украинада тўп емига айланишдан бош тортмоқда

Канат Алтинбаев

Вагнер гуруҳининг минглаб ёлланма аскарлари ҳалок бўлган Украина шарқидаги шаҳардан қолган вайроналар, 13 феврал кунги сурат. [Вагнер гуруҳи]

Вагнер гуруҳининг минглаб ёлланма аскарлари ҳалок бўлган Украина шарқидаги шаҳардан қолган вайроналар, 13 феврал кунги сурат. [Вагнер гуруҳи]

БИШКЕК – Урушга боришдан бош тортган Россия қамоқхоналаридаги маҳбуслар энди қамоқ муддатини узайтириш таҳдидига дуч келишмоқда, деб хабар беради Agency.News Телеграм канали.

Тергов изоляторида сақланаётганларга эса, Украинага борадиган бўлишса, жиноий ишни ёпиш ваъда қилинмоқда, деб хабар беради агентлик 8 феврал куни.

Кремлнинг қадрдон дўсти Евгений Пригожин бошчилигидаги россиялик ёлланма аскарларнинг «Вагнер гуруҳи» ўтган йил ёздан бери қамоқхоналардан жангчилар ёллаб келади. Пригожиннинг таъкидлашича, «Вагнер маҳбуслар ёллашни бутунлай тўхтатган».

Ўзининг сийраклашиб бораётган сафларини тўлдиришга уринаётган Россия армияси ҳам Вагнердан ўрнак олиб, Россия қамоқхоналаридаги маҳбуслар орасида аскар ёллашни бошлаган.

«Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин гуруҳнинг Горячий Ключ шаҳарчасидаги ёлланма аскарлар қабристонига ташрифи чоғида, 1 январ кунги сурат. Қабристонда 21 та девор бўлиб, унинг ҳар бирида куйдирилган жасадлар қолдиқлари сақланадиганга ўхшаш 42 та бўлма бор, деб хабар беради The New York Times нашри. У ерда юзлаб вагнерчилар дафн этилган ёки ҳеч бўлмаганда уларга ёдгорлик қўйилган. [Файл]

«Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин гуруҳнинг Горячий Ключ шаҳарчасидаги ёлланма аскарлар қабристонига ташрифи чоғида, 1 январ кунги сурат. Қабристонда 21 та девор бўлиб, унинг ҳар бирида куйдирилган жасадлар қолдиқлари сақланадиганга ўхшаш 42 та бўлма бор, деб хабар беради The New York Times нашри. У ерда юзлаб вагнерчилар дафн этилган ёки ҳеч бўлмаганда уларга ёдгорлик қўйилган. [Файл]

Аммо маҳбуслар уруш воқеликларини яхшироқ англаб, қармоққа илинишни истамаяпти, дейди кузатувчилар.

17 феврал куни Буюк Британия мудофаа вазирлиги янги разведка маълумотларига асосланиб, Вагнер гуруҳи томонидан аскарликка ёлланган «50 фоизгача маҳбуслар ҳалок бўлгани» ҳақидаги тахминларни билдирди.

Ғарбнинг юқори мартабали расмийлари тахминича, Украинада ҳалок бўлган россиялик аскарлар сони 60 мингга етиши мумкин, бундан ташқари, уруш бошланганидан бери Россия мудофаа вазирлигининг яна 175 мингдан 200 минггача ҳарбий хизматчилари ва хусусий пудратчилари қурбонлар берган.

Украина расмийларига кўра, урушда 140 мингдан ортиқ Россия аскари ҳалок бўлган.

2022 йил охирида аскарликка ёлловчилар қамоқхоналар бўйлаб иккинчи юришни бошладилар, бироқ жангарилар сафидан жой олишни хоҳловчилар анча камайган, деб хабар берди Mediazona янгиликлар сайти 6 феврал куни.

«Ёзда ва кузда битта қамоқхонадан юз-икки юзта кўнгилли тўпланган бўлса, ҳозирда зўрға бир неча ўн нафар маҳбус бунга истак билдирмоқда», дейилади хабарда.

«Қўрқиб қолишган»

«Маҳбуслар ҳуқуқлари ҳимояси» ташкилотининг Парижда яшовчи адвокати Яна Хелмелнинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда Украина чегараси яқинидаги қамоқхоналарда маҳбусларни жангариликка мажбурий ёллаш тўлқини кузатилмоқда.

Хелмел аввалроқ Россиянинг Екатеринбург шаҳрида маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган, бироқ ўтган йили уруш бошланганидан кейин Россияни тарк этган.

Урушга қаршилиги уни ўз ватанида Россия армиясини «обрўсизлантиргани» учун жиноий жавобгарликка тортилиш хавфи остида қолдирди.

Илгари маҳбусларни «вагнерчилар» жангариликка ёллаган бўлса, энди бу иш билан Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари шуғулланмоқда ва бу йўлда ўзларида мавжуд воситаларни ишга солмоқда, деди у.

«Ростов вилоятидаги колонияда сақланаётган мижозимга яқинда уруш боришга рози бўлмаса, 20 йил аввал содир этган ўғрилиги учун жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилишди», деди Хелмел.

Россия ички ишлар вазирлиги (МВД) ва Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) маҳбуслар билан суҳбатлашиб, агар улар жанг қилишга рози бўлсалар, президент томонидан афв этилиш ва «ҳаётни тоза саҳифадан бошлаш» имкониятига эга бўлишларини айтмоқдалар.

Аммо маҳбуслар Украина билан урушда Россиянинг катта қурбонлар бергани ҳақида эшитган ва энди муқаррар ўлим учун қамоқхонани тарк этишни истамаяпти, деди Хелмел.

«Улар агар рад жавоби беришса, қамоқда қийноқларга дучор бўлишдан қўрқишмоқда», дейди у.

Ёллашдаги муаммолар

Шу йилнинг январ ойи ҳолатига кўра, Пригожин ўзининг хусусий ҳарбий компаниясига 50 мингдан ортиқ маҳкумни жалб қилган бўлиб, ҳозирда улардан 10 минг нафаригина Украинада жанг қилмоқда, деб айтган «Қамоқдаги Россия» ташкилоти асосчиси Олга Романова яқинда My Russian Rights нашрига берган интервюсида.

Қолганлари ўлдирилган, жароҳатланган, бедарак йўқолган, таслим бўлган ёки қочиб кетган.

Ёллаш жараёнидаги муаммолар Пригожинни янги реклама кампаниясини бошлашга ундаган.

«Январ ойининг бошидан бери [Пригожиннинг] оммавий ахборот воситаларида Вагнер сафига қўшилган, олти ой Украинада жанг қилган ва ҳозир, гўёки уйига озод инсон бўлиб қайтган маҳбуслар ҳақидаги ҳикоялар ва видеолар мунтазам равишда ёйинланмоқда», деб ёзади «Медиазона».

Аслида эса бундай ҳолатлар жуда кам.

Украинадаги асосий жанг майдонига айланган Бахмут яқинида жанг қилган маҳкумлардан бири қамоқда қолган маҳбус билан суҳбатида Вагнер гуруҳига қўшилганидан афсусда эканлигини тан олган.

2022 йил охирида жангари у билан бирга Украинага жўнаб кетганларнинг 20 фоизигина тирик қолганини айтган, деб хабар беради «Медиазона».

Қамоққа олинган хорижликлар

Украинадаги жанглар туфайли қамоқдагиларга босим кучаяр экан, Россияда қамоқ муддатини ўтаётган чет элликлар хавф остида қолмоқда.

Ўтган йили кузда 23 яшар талаба Лемекани Натан Нйиренда сентябр ойида Украинадаги жангда ҳалок бўлиши ортидан Россия ва Замбия ўртасида дипломатик можаро келиб чиққан эди. Вагнерга ёлланишидан аввал у Россиядаги қамоқхонада жазо муддати ўтаётган бўлган.

Пригожин томонидан ёлланган ва жанг майдонига юборилган хорижлик маҳбусларнинг кўпчилиги Марказий Осиё давлатлари фуқароларидир.

30 яшар қирғизистонлик Аманбол (ҳақиқий исми ўзгартирилган) Россияда ўғирлик ва зўравонлик учун тўққиз йилга қамалган эди.

Уч ой аввал Вагнер гуруҳи уни ўз сафига жалб қилиб, Украинадаги урушга юборган, ҳозир эса унинг онаси ўғлининг тирик ёки ўлик эканлигини билмайди, деб хабар берган феврал ойи бошида Озод Европа/Озодлик радиосининг қирғиз хизмати – «Азаттик» радиоси.

«Азаттик» шунингдек, 30 яшар қирғизистонлик Аян Алишеровнинг Украинадаги урушда ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган. У Россиядаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган эди.

Онаси Роҳатой Абдувалиеванинг «Азаттик» радиосига айтишича, у ўғлининг қандай қилиб Россиядаги қамоқхонадан Украинага бориб қолганини тушунмайди.

Россия фуқароси бўлмаган Алишеров ноябр ойида Бахмут яқинидаги жангларда ҳалок бўлган.

«Бир дунё Қирғизистон» ҳуқуқбон ташкилоти раҳбари ва Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация аъзоси, бишкеклик Толекан Исмаилова қирғизистонлик мигрантларни Украинадаги урушда қатнашишдан бош тортишга ва имкон қадар Россияни тарк этишга чақирмоқда.

«Россия ҳукумати тажовузкор эканлигини кўрсатди ва инсониятга қарши жиноят содир этмоқда, деб айтган у. «Нафақат украиналиклар, балки бизнинг фуқаролар ҳам бу жиноят қурбонига айланмоқдалар.»

Бишкек расмийлари ҳам қирғизистонлик фуқароларнинг Украинадаги урушга бораётганидан ташвишда. Феврал бошида Қирғизистон парламенти аъзолари Россияда қирғизларнинг аскарликка ёлланаётгани билан боғлиқ масалани кўтариб чиққан.

«Фуқароларимизнинг бу низога алоқаси йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», деб айтган депутат Мейкинбек Абдалиев парламент мажлисида.

У ҳамкасбларини ушбу ёллаш ҳолатларини текширишда тегишли идораларга кўрсатма беришга чақирган.

«Яқинда (Аян) Алишеровнинг жасади Луганскдан олиб келинган. Россиядаги қамоқхонада бўлган фуқаромиз Украина ва Россия ўртасидаги урушга қандай бориб қолган? Жасади қаердан юборилган?» деб савол берган Абдалиев.

«У ерга ўз ҳохиши билан борганми ёки мажбуранми? Бунга йўл қўйиб бўлмайди

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қўрқиб қолишди. Тўғри қилишади.

Жавоб бериш

Бишкек буни қаердан билақолди? Қирғизлар ҳаммадан ақллими? )))

Жавоб бериш