Карвонсарой
Дипломатия

Украинага ҳужум бошлаганидан бир йил ўтиб, Россиянинг ўз «иттифоқчилари» билан муносабатлари совуқлигича қолмоқда

Канат Алтинбаев

Россия президенти Владимир Путин Кремлда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашди, Москва, 28 ноябр. [Михаил Климентьев/Sputnik/AFP]

Россия президенти Владимир Путин Кремлда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашди, Москва, 28 ноябр. [Михаил Климентьев/Sputnik/AFP]

ОЛМАОТА – Россия президенти Владимир Путиннинг Украинадаги «махсус ҳарбий операцияси» унинг мамлакатига ҳалокатли таъсир қилиб, жадал суръатда ёмонлашиб бораётган иқтисод, бўлинган жамият, халқаро миқёсдаги иҳоталаниш ва қачонлардир яқин бўлган иттифоқчилардан узоқлашиб бориш каби оқибатларга олиб келди.

Қозоғистон қачонлардир шимолий қўшниси Россиянинг энг яқин иттифоқчиларидан бири саналар эди. У Москва бошқарувидаги иккита блок – Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) аъзосидир.

Россиянинг Украинага ҳужуми бу алоқалар учун синовга айланди.

Россиянинг КХШТдаги бешта ҳамкоридан фақат Беларус унинг босқинини қўллаб-қувватлади. Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон бундай қилгани йўқ.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян 10 январ куни Ереванда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ереван бу йил Россия етакчилигидаги КХШТ ҳарбий машғулотларида иштирок этмаслигини айтиб, Москвадан ҳафсаласи пир бўлганини кўрсатган. [Карен Минасян/AFP]

Арманистон бош вазири Никол Пашинян 10 январ куни Ереванда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ереван бу йил Россия етакчилигидаги КХШТ ҳарбий машғулотларида иштирок этмаслигини айтиб, Москвадан ҳафсаласи пир бўлганини кўрсатган. [Карен Минасян/AFP]

Олтин жангчи қиёфасидаги Қозоғистоннинг Мустақиллик монументи –суверен Қозоғистон тимсоли. Олмаота, 21 феврал. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Олтин жангчи қиёфасидаги Қозоғистоннинг Мустақиллик монументи –суверен Қозоғистон тимсоли. Олмаота, 21 феврал. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Россиянинг Украинага кутилмаган ҳужуми Қозоғистонни асабийлашишга мажбур қилди, дейди Вашингтондаги Миллий мудофаа университетининг халқаро хавфсизлик коллежи доценти Эрика Марат.

Сўнгги йилларда Остона Россия сиёсатшуносларининг Қозоғистондаги русофобия борасида агрессив риторика ва Қозоғистон ҳудудлари тарихан Россияга тегишли эканлиги ҳақидаги даъволарига дуч келди, дейди у.

«Киев ҳам худди шундай ташвиқот ҳужумига учраган эди», дейди Марат Украина нацистлар томоридан бошқарилиши хақидаги гап-сўзлар ва босқин учун баҳона бўлган бошқа турли сабабларни назарда тутиб.

Россиянинг Қозоғистонга қаратилган тажовузкор даъволарининг давом этаётгани Остонада хавотир келтириб чиқармоқда.

Ноябр ойида сиёсатшунос Дмитрий Дробницкий Россия давлат телевидениесига «Украинадаги каби нацизмга хос жараёнлар бошланиши мумкинлиги сабаб, Қозоғистон – Украинадан «кейинги муаммо», деб айтган эди.

2022 йил баҳорда Қозоғистон ўз мудофаасини кучайтириш, хусусан «жанговар тайёргарликни яхшилаш, хуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва фавқулодда вазиятлар идораларининг техникасини модернизация қилиш учун» 1 млрд АҚШ доллари ажратган.

Ғарбга юзланиш

Қозоғистоннинг Россиядан узоқлашаётганини кўрсатувчи бошқа белгилар ҳам йўқ эмас.

Қозоғистон Украина шарқидаги «Донецк халқ республикаси» (ДХР) ва «Луганск халқ республикаси» (ЛХР) айирмачи ҳудудларининг мустақиллигини тан олишдан бош тортган.

Босқин бошланганида Россияга қарши санкцияларга қатъий риоя қилишдан ташқари, Ғарбга кўмак бериш ҳам Остона сиёсатидан ўрин олган эди.

Июл ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Россия ҳужуми туфайли юзага келган энергетика ва озиқ-овқат бўҳронини ҳал қилиш учун Европа Иттифоқига ўз мамлакати ресурсларини таклиф қилган.

Бу вақтга келиб, Остона Россияни четлаб ўтувчи савдо йўлларини, жумладан Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва Туркиядан ўтувчи Ўрта коридор номи билан танилган Транскаспий халқаро транспорт йўлагини фаол ривожлантираётган эди.

Ўтган йили Қозоғистоннинг Ўрта коридор орқали экспорти 2021 йилга нисбатан 650 фоизга ошган, деб хабар беради KazTAG.

Қозоғистоннинг Ғарб билан алоқасидан Россиянинг норозилиги икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашувига сабаб бўлди.

Бунга энг ёрқин мисол – ўтган йил Москва тўрт марта Қозоғистон нефтининг учдан икки қисмини Европага етказиб берувчи Қора денгиздаги Каспий қувурлар консорциуми (CPC) терминалини ёпиб қўйган.

Россиянинг ҳар сафар турли сабаблар билан операцияларни тўхтатиб қўйиши – миллиардлаб зарар кўраётган Қозоғистонга босим ўтказиш воситасидир, дейди кузатувчилар.

Имзолашдан бош тортиш

Россия билан ҳарбий ва иқтисодий иттифоқда бўлган Арманистон ҳам ўтган йили Қозоғистон сингари Москвадан узоқлаша бошлаган.

Масалан, Ереван бу йил КХШТ ҳарбий машғулотларини ўтказишдан бош тортди.

Жорий йилнинг январ ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Арманистон бош вазири Никол Пашинян «ҳозирги вазиятни ҳисобга олган ҳолда бундай тадбирни ўтказиш «ноўрин» бўлишини айтган, деб ёзади «Интерфакс».

Ўтган йилнинг ноябрида Ереванда бўлиб ўтган КХШТ саммитида Пашинян Коллектив хавфсизлик кенгаши декларацияси ва Арманистонга ёрдам кўрсатиш бўйича қўшма чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳужжатни имзолашдан ҳам бош тортган эди.

Арманистон Украина билан овора бўлиб қолган Россияни Арманистоннинг Озарбайжон билан чегарадаги можаросида КХШТ қоидаларига биноан ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганликда айблаган.

Грузия стратегик таҳлил маркази таҳлилчиси Володимир Копчак ҳам Россиянинг КХШТдаги ролини танқид қилди.

КХШТнинг мақсади ҳимоя қилиш эмас, балки блок аъзоларини «тийиб туриш, жалб қилиш ва уларга қарши гибрид уруш олиб бориш» бўлган, дейди у «Сова» онлайн нашри билан суҳбатда.

«Ҳатто ушбу иккинчи форматда ҳам Россия Украина жабҳасида, жумладан Арманистон билан ҳам муваффақиятсизликка учрагани сабабли муаммоларга дуч келмоқда. Ҳозир бунга гувоҳ бўляпмиз», деди Копчак.

Марказий Осиёдаги тенденция

Кўп йиллар Россия билан яқин ҳамкорлик қилиб келган Марказий Осиё давлатлари бугун «Россия билан муносабатлар заҳрини» кучлироқ ҳис қилмоқда, дейди бишкеклик иқтисодчи Элмира Суранчиева.

«Минтақа Россия билан савдо ҳажмининг қисқариши ва бу мамлакатдан пул ўтказмаларининг камайиши каби жиддий иқтисодий оқибатларни бошдан кечирди», деди у Карвонсаройга. «Бундан ташқари, кўп ҳолларда Россия компаниялари билан ҳамкорлик қилиш иккиламчи санкциялар хавфини англатади».

Минтақа расмийлари энди Россия билан дўстлик ва иттифоқчилик ҳақида кўтаринки баёнотлар бераётгани йўқ, Россия билан иқтисодий алоқалар эса санкциялардан таъсиридан холи йўналишларда қурилади, дейди у.

Марказий Осиёдаги энг йирик бозорлар – Қозоғистон ва Ўзбекистон Ғарб давлатлари, айниқса Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан, биргаликда янги юк ташиш йўналишларини йўлга қўйиш ва истиқболли лойиҳаларга сармоя киритишдан манфаатдор, дейди Суранчиева.

«Биз пайдо бўлаётган имкониятлардан унумли фойдаланишимиз ва Россия тарафга қарамай, миллий манфаатларимиз дипломатияси билан шуғулланишимиз керак», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия ўта заҳарли! Марказий Осиёнинг барча давлатлари шовинистик Россиядан УЗОҚЛАШИШИ, ЕИ ва Ғарб давлатлари, биринчи навбатда АҚШ ва бошқа демократик давлатлар билан ЯҚИНЛАШИШИ керак! GOD BLESS USA !!! Яшасин Украина! Яшасин шонли Украина армияси!

Жавоб бериш

Россия ўз фашизм сабабли ботиб бормоқда, шу сабаб у билан дўст бўлишдан наф йўқ.

Жавоб бериш