Карвонсарой
Жамият

Ўзбекистонлик бокс мухлислари жаҳон чемпионатининг бойкот қилинишида Кремлни айбламоқда

Рустам Темиров

Россия президенти Владимир Путин (чапда) ва Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) президенти Умар Кремлев (ўнгда), Москва, 10 сентябр. Кремлевнинг Путин билан яқинлиги ва Россиянинг Украинага босқини туфайли бир қанча давлатлар Нью-Деҳли ва Тошкентда ўтказилажак IBAнинг бокс бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этишдан бош тортган. [Гавриил Григоров/Спутник/AFP]

Россия президенти Владимир Путин (чапда) ва Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) президенти Умар Кремлев (ўнгда), Москва, 10 сентябр. Кремлевнинг Путин билан яқинлиги ва Россиянинг Украинага босқини туфайли бир қанча давлатлар Нью-Деҳли ва Тошкентда ўтказилажак IBAнинг бокс бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этишдан бош тортган. [Гавриил Григоров/Спутник/AFP]

ТОШКЕНТ – Халқаро бокс уюшмасининг (IBA) бўлажак чемпионатларида Россия ва беларуслик спортчиларнинг иштироки ҳамда IBA раҳбарияти билан боғлиқ баҳс-мунозаралар айрим иштирокчиларнинг мусобақадан воз кечишига сабаб бўлди.

Тадбирга мезбонлик Ўзбекистон учун муҳим воқеа бўлса-да, бокс мухлислари бойкот сабабини тушуниб, бунда ўтган йили Украинага бостириб кирган Россияни айбламоқда.

Шу ой бошида АҚШ бокс федерацияси (USA Boxing) IBA томонидан 15-31 март кунлари Нью-Деҳлида ва 1-14 май кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган аёллар ва эркаклар ўртасидаги 2023 йилги жаҳон чемпионатида америкалик спортчилар иштирок этмаслигини маълум қилди.

«Спорт сиёсий жиҳатдан бетараф бўлиши керак эса-да, Россиянинг Украинага нисбатан тажовузи натижасида кўплаб боксчилар, мураббийлар ва Украина бокс жамоатчилигининг бошқа вакиллари ҳалок бўлди, январ ойида Россия ракетасининг тураржой биносига тушиши оқибатида ҳалок бўлган мураббий Михайло Кореновский шулар жумласидан», деди USA Boxing ижрочи ва бош директори Майк Макати 8 феврал кунги баёнотида.

17 январ куни Украина шарқида жойлашган Днепр шаҳридаги дафн маросимида уйига келиб тушган ракетадан ҳалок бўлган украиналик бокс мураббийи Михайло Кореновскийнинг қариндошлари марҳумнинг суратига қараганча мотам тутмоқда. 14 январ кунги ҳодиса ўтган йили Украинага бостириб кирганидан бери Россия амалга оширган энг қонли ҳужумлардан бири бўлди. [Виталий Матоха/AFP]

17 январ куни Украина шарқида жойлашган Днепр шаҳридаги дафн маросимида уйига келиб тушган ракетадан ҳалок бўлган украиналик бокс мураббийи Михайло Кореновскийнинг қариндошлари марҳумнинг суратига қараганча мотам тутмоқда. 14 январ кунги ҳодиса ўтган йили Украинага бостириб кирганидан бери Россия амалга оширган энг қонли ҳужумлардан бири бўлди. [Виталий Матоха/AFP]

Самарқанддаги ёш боксчилар спарринги, 2020 йил, 28 сентябр. Ўзбекистонда бокс машҳур спорт турларидан ҳисобланади. [Замира Болтаева]

Самарқанддаги ёш боксчилар спарринги, 2020 йил, 28 сентябр. Ўзбекистонда бокс машҳур спорт турларидан ҳисобланади. [Замира Болтаева]

«Украинанинг спорт инфратузилмаси, жумладан, кўплаб бокс заллари Россия тажовузи туфайли вайронага айланди», деб қўшимча қилди у.

Боксга ишқибоз Ўзбекистонда турнирга мезбонлик қилиш иштиёқи кучли эди. Биринчи жаҳон уруши вақтида Россияда қолиб кетган америкалик Сидни Жексон (1886-1966 йиллар) Ўзбекистонга бориб, маҳаллий ёшларга боксдан сабоқ бера бошлаганидан буён мамлакатда ушбу спорт тури анча оммалашган.

Унинг сўнгги шогирдларидан бири, ўрта вазндаги Руфат Рисқиев 1976 йили Монреал Олимпиадасида кумуш медални қўлга киритган эди.

2021 йилда супероғир вазн тоифасидаги ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов Токио ўйинларида олтин медалга эга чиққан.

Коррупцияга аралашган IBA

2020 йилдан буён IBAга Россия президенти Владимир Путин ва Россиянинг энергетика гиганти «Газпром»га алоқадор россиялик тадбиркор Умар Кремлев раҳбарлик қилади.

Буюк Британия, Ирландия, Чехия, Канада, Финляндия, Швеция, Швейцария, Полша ва Голландия ҳам IBA тадбирларида иштирок этмаслигини эълон қилган.

Уларда Украина ҳам қатнашмайди.

«Жавобимиз аниқ: спортчиларимиз ва Украина бокс федерацияси вакиллари тажовузкор давлатлар – Россия ва Беларус вакиллари бор жойда иштирок этишмайди», деди Украина бокс федерацияси вице-президенти Олег Илченко, деб ёзади чоршанба (22 феврал) куни Украинанинг «Суспільне спорт» сайти.

Бошқалар эса IBAдаги коррупция ҳолатларини тилга олишган: ҳакамларни танлаш тартиб-қоидаларининг бузилиши, босқиндан сўнг санкциялар остида қолган «Газпром» ҳомийлиги, ношаффоф бюджетлар, эркаклар ва аёллар учун бир хил бўлмаган мукофот пуллари.

Швеция бокс федерацияси раиси Пер-Аксел Шёхолм 14 феврал куни Швециянинг TT ахборот агентлигига берган интервьюсида: «Биз IBAнинг хатти-ҳаракатларидан норозимиз» деб айтган.

«Демократия ҳам, шаффофлик ҳам йўқ. Ўзгаришларга эришиш учун бир неча йил ишладик, аммо муваффақият қозона олмадик», деди у.

«Кейин улар Россия ва Белоруссияга, бўлиб ҳам, миллий байроқлари остида мусобақада қатнашишга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилишди», деб қўшимча қилди у.

Чехия бокс уюшмаси президенти Марек Шимак ҳам унинг мамлакати бойкотни қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Биз Украинадаги урушни қоралаймиз, шу боис шундай қарорга келдик», деди у 13 феврал куни Sport.cz нашрига берган интервьюсида.

«Бу узоқ муддатли позиция, чунки IBA халқаро уюшмасига Россия президенти Владимир Путин билан жуда яқин алоқада бўлган Умар Кремлев раҳбарлик қилади», деб қўшимча қилди у. «У ерда кўп нарса пул билан ҳал қилинади, ҳаммасига «Газпром» пул тўлайди.»

Айбдор – Россия

Тошкент икки йилда бир ўтказиладиган бокс бўйича жаҳон чемпионатига илк бор мезбонлик қилаётган бўлса-да, ўзбекистонлик кузатувчилар ва бокс мухлислари бойкот сабабини тушунади.

«IBA раҳбариятида россияликлар бор экан, муаммо сақланиб қолаверади. Энг яхши ечим – уларни олиб ташлаш ва боксни керакли ўзанга қайтариш», дейди ўзбекистонлик журналист Шуҳрат Шокиржонов.

Нуфузли халқаро турнирнинг танқидга учраши ва бойкот қилинишида айнан Россия айбдор, деди у.

Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Мирзабоев ҳам бу бойкотни Кремлнинг одами бўлган Кремлев билан изоҳлади.

«IBA бундан олдин ҳам кўпинча инсофсиз ҳакамликда айбланган ва бу муаммо, афсуски, ҳалигача йўқолмаган», деди у.

Ушбу вазият Ўзбекистон раҳбариятини жуда мушкул ҳолатда қолдирди, дейди тошкентлик бокс ишқибози Ҳакимжон Назаров.

Бир томондан, у МДҲ аъзоси сифатида тажовузкор давлат билан яқин алоқада бўлишга мажбур, иккинчи томондан, Америка Қўшма Штатлари ва Европа Иттифоқи каби ривожланган давлатлар билан ҳамкорлик орқали ўз тараққиётини таъминламоқда.

«Шу сабабли ҳам бундай оғир вазиятда республика раҳбарияти учун ягона тўғри йўл жаҳон чемпионатини кейинга қолдириш, деб ўйлайман.»

«Менимча, ўзбекистонлик бокс ихлосмандларининг аксари бу бойкотнинг сабабларини тушунади», дейди тошкентлик бошқа бир бокс ишқибози Дилшод Каримов. «Бу Кремл сиёсати ва у бошлаган урушдир».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500