АШХОБОД – Туркманистон ҳукуматидаги манбалар ва кузатувчиларга кўра, «Газпром» бош директори Алексей Миллернинг Туркманистонга ташрифи Россиянинг табиий газ экспортига нисбатан санкцияларни четлаб ўтишга оид навбатдаги уриниши билан боғлиқ.
Ўтган йили Кремл Украинага бостириб кирганидан бери Европа Россиядан газ импортини сезиларли даражада камайтирган.
Россия президенти Владимир Путиннинг узоқ йиллик ишончли вакили, «Газпром»га 20 йилдан ортиқ раҳбарлик қилиб келаётган Миллер 15 феврал куни Ашхободга ташриф буюрди.
У Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов билан учрашиб, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди, деб хабар берган мамлакат телеканаллари.
Миллер, шунингдек, Туркманистон Миллий кенгаши Халқ маслаҳати раиси, Сардорнинг отаси ва собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов билан ҳам суҳбатлашган.
Музокаралар тафсилотлари маҳаллий ОАВда яхши ёритилмаган.
«TDH [Туркманистон давлат ахборот агентлиги] барча нашрларга «Газпром билан узоқ йиллик ҳамкорлик ва мустаҳкам алоқалар ҳамда мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқариш истиқболлари» ҳақидаги матнни юборди», дейди фамилиясини ошкор қилмасликни сўраган Ашхобод газетасининг иқтисодий мухбири Довлет А.
«Умумий гаплар ортида ОАВ ва жамоатчилик билмаслиги керак бўлган нимадир сир тутилаётгани аниқ эди.»
Россия ва Эрон санкцияларни четлаб ўтиш учун тил бириктирмоқда
Учрашувнинг асл мақсади Россия газини бошқа бозорларга экспорт қилиш схемасига Туркманистонни жалб қилиш бўлган, дейди Карвонсаройга Туркманистон углеводород ресурсларини бошқариш ва фойдаланиш давлат агентлигидаги манба.
Россия Украинадаги уруш туфайли Европадаги манфаатли газ бозорини йўқотди, яккаланиб қолди ва шиддатли санкцияларга учради, деди манба.
Энди эса бутун дунё бўйлаб шоша-пиша унга жазо чораларидан халос бўлишга ёрдам берадиган давлатларни қидирмоқда, дейди расмий.
Унинг айтишича, ёпиқ эшиклар ортида ўтган учрашувда Россия ва Туркманистон газини Эрон ва Жанубий Осиё давлатлари, хусусан, Покистон ва Ҳиндистон орқали, шунингдек, халқаро санкцияларни четлаб ўтган ҳолда Туркия ва Европага биргаликда етказиш масалалари муҳокама қилинган.
«Миллер Путиннинг буйруғи билан Туркманистон раҳбариятини кўндириш ёки таҳдид қилиш йўли билан Россия ва Эроннинг таваккалчилик режаларига жалб қилишга уринган, улар якунда Россия истаган натижага олиб келади», деди у.
Унинг таъкидлашича, Миллер Бердимуҳамедовлар билан учрашган 15 феврал куни Эроннинг газ муҳандислиги ва тараққиёт компанияси раҳбари ва бошқарув кенгаши раиси Реза Новшади Эрон шимолда Туркманистон ва Россиядан газ қабул қилиш ва уни жанубдаги исталган бошқа давлатга етказиб беришга тайёрлигини билдирган.
«Афтидан, иккови ҳам халқаро санкциялар нишонига айланган Россия ва Эрон алмашув асосида газ етказиб беришга келишиб олган, Миллер эса Туркманистоннинг бу режада иштирок этиши ва Россия газини жанубга етказиш учун ўз қувур тизимини «Газпром» ихтиёрига бериши учун мамлакат раҳбариятига босим ўтказиш мақсадида келган», деди расмий.
Товламачилик ва қўрқитиш
Манбага кўра, Туркманистон анчадан бери Афғонистон ва Каспий денгизи орқали газ қувури барпо этиш ва ўз газини Ғарб ёки Шарққа тўғридан-тўғри ва ташқи таъсирларсиз экспорт қилишга уриниб келади.
«Аммо халқаро майдонда яккаланиб қолган Россия ва Эрон ушбу газ бозорларига Туркманистонни киритмаслик учун қўлидан келганини қилмоқда».
«[Туркманистон] ТАПҲ (Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон) газ қувури лойиҳасини илгари сура бошлаши билан Россия Афғонистондаги беқарорлик ёки у ерда ўн минглаб радикал жангарилар тўплангани ҳақида гапириб, уни қўрқитади», деди у.
Теҳрон ҳам ТАПҲ газ қувурига қарши, чунки у ўз газини Покистон ва Ҳиндистонга сотмоқчи, дейди расмий.
«Россия ва Эрон Туркманистоннинг Каспий денгизи орқали газ қувури қуришига ҳам биргаликда қарши чиқиб, бу экотизимга зиён етказишини айтмоқда», деб қўшимча қилди у.
Миллер Ашхободга ташриф буюрган куни Телеграмдаги «Взгляд на Восток» канали Россия Кремл анчадан бери қарши бўлган Транскаспий газ қувури (ТКГҚ) қурилишини тўхтатиб қўйишга тайёрлигини яна бир бор таъкидлаган.
Барпо этилган тақдирда, Каспий денгизи остидан ўтадиган 300 км узунликдаги ТКГҚ Грузия ва Туркия орқали Озарбайжондан Европага туташадиган Жанубий газ коридорига йўл очади.
Россиянинг қувур қурилишига рухсат бермаслиги ҳақидаги хабар тасодиф эмас, дейди расмий.
Катта эҳтимол билан, бу Россиянинг севимли усули – товламачилик ва қўрқитишдан бошқа нарса эмас, деди у.
«Менга маълум бўлишича, Миллер Бердимуҳамедовларга улар ҳозирча ОАВда ёритишга рухсат бермаган таклифни билдирган», деди расмий.
«Взгляд на Восток», шунингдек, Туркманистонга Россия ва Эрон томонидан яратилаётган Нефт экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилотига (ОПЕК) ўхшаш консорциумнинг тўлақонли аъзоси бўлиш имконияти таклиф этилгани ҳақида хабар берган.
Москванинг режасига кўра, ушбу газ иттифоқига дастлаб энг кўп тасдиқланган табиий газ заҳираларига эга тўрт давлат – Россия, Эрон, Туркманистон ва Қатар киради.
19 триллион куб метрдан ортиқ тасдиқланган газ захирасига эга Туркманистон ушбу тўртликни якунлайди.
Ҳозирда Туркманистонда Эронга олиб борувчи иккита газ қувури бор: «Корпеже-Курткуй» қувури (йиллик қуввати 8 миллиард кубометр) ва Давлатобод-Сараҳс-Ҳангирон қувури (12 миллиард куб метр).
Эрон ва Озарбайжон билан газ алмашинувига оид келишув доирасида Туркманистон ўз газини Эроннинг шимоли-шарқий вилоятларига етказиб беради, Эрон эса ўзининг асосий конлари ва уни мавжуд қайта ишлаш қувватлари жойлашган жануби-ғарбий қисмидан Озарбайжонга худди шунча миқдорда ўз газини юборади.
«Қора қозон»
Туркманистонлик журналист Довлет А.га кўра, агар Миллер Россия газини Эронга етказиш учун Туркманистонни ўз ҳудуди ва инфратузилмасидан фойдаланишга кўндириш талаби билан келган бўлса, Туркманистонга ултиматум билан таҳдид қилган бўлиши мумкин.
Оддий тилда бу «ёки сен [Туркманистон] биз билансан ва биз умумий иш қиламиз, ёки биз билан эмассан ва... ҳеч қачон, ҳеч қаерда, ҳеч нима қила олмайсан», дегани, дейди у.
Туркманистон оммавий ахборот воситаларининг Ашхободдаги музокаралар тафсилотларини яширишга уриниши бир томондан туркман гази экспортини ошириш истиқболлари билан боғлиқ бўлса, бошқа томондан, мамлакат обрўсининг пасайиши, халқаро санкциялар ва бошқа муаммолар билан боғлиқ, деди журналист.
«Агар Туркманистон Россия ва Эрон билан ушбу газ битимига розилик берса, у бетараф давлат сифатидаги имиджини йўқотиши ва охир-оқибат халқаро санкцияларга учраган давлатлар билан бир гуруҳга тушиши мумкин», дейди Давлат А.
У «қозонга яқин юрсанг, қораси юқади», деган туркман мақолини мисол қилиб келтирди.
«Бу вазиятда атрофдаги барча давлатлар учун хавфли деб тан олинган Россия ва Эрон қора қозон кабидир», деди Давлат А.