Карвонсарой
Дипломатия

Блинкеннинг Марказий Осиёга ташрифи чоғида Ғарб билан ҳамкорлик бўйича янги чақириқлар янгради

Канат Алтинбаев ва Рустам Темиров

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 28 феврал куни Остонада қўл сиқишмоқда. [Қозоғистон президентининг матбуот хизмати]

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 28 феврал куни Остонада қўл сиқишмоқда. [Қозоғистон президентининг матбуот хизмати]

ОЛМАОТА/ТОШКЕНТ – АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўтган ҳафта Қозоғистонга расмий ташрифи чоғида ўз мамлакатининг Марказий Осиё билан ҳамкорликни чуқурлаштириш истагини ва Россияга қарамликни камайтиришда зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини таъкидлади.

28 феврал куни Остонага келган Блинкен дастлаб Тошкентга, сўнгра G20 давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашиш учун Ҳиндистонга жўнаб кетган.

Блинкен Остонада Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва бошқа юқори мартабали расмийлар билан хавфсизлик ва бошқа масалалар бўйича музокаралар ўтказди, шунингдек, Марказий Осиё ва АҚШ дипломатларининг C5+1 саммитида иштирок этди.

Шунингдек, у Марказий Осиёдаги барча беш постсовет республика ташқи ишлар вазирлари билан хавфсизлик ва бошқа масалаларни муҳокама қилган.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 28 феврал куни Остонада Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва бошқа юқори мартабали амалдорлар билан хавфсизлик ва бошқа масалаларни муҳокама қилмоқда. [Қозоғистон президенти матбуот хизмати]

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 28 феврал куни Остонада Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва бошқа юқори мартабали амалдорлар билан хавфсизлик ва бошқа масалаларни муҳокама қилмоқда. [Қозоғистон президенти матбуот хизмати]

Блинкен 28 феврал куни Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тилеуберди билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида Украинадаги уруш ва у туфайли минтақа мамлакатлари хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва иқтисодиётига таҳдид ортиб бораётгани ҳақида гапирди.

«Россия тажовузига қарши туриш давлатлар учун жуда муҳим эканининг асосий сабаби нафақат Украинага ўзини ҳимоя қилишда ёрдам бериш, балки ушбу тамойилларни ҳимоя қилишдир».

«Чунки уларнинг бузилиши жазосиз қоладиган бўлса, бу Россиянинг ўз ҳаракатларини давом эттиришига – бошқа давлатларга нисбатан кейинги тажовузларни режалашига йўл очади», деди Блинкен.

У шунингдек, украиналикларга кўрсатган ёрдами, жумладан, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва бошқа инсонпарварлик ёрдамлари, шунингдек, «урушдан чарчаган украиналикларга бошпана ва илиқлик берган енгилмас ўтовлар» ўрнатгани учун Қозоғистон халқига миннатдорчилик билдирди.

Россия билан алоқаларни узиш

Матбуот анжуманида сўзга чиққан Тилеуберди Россияга қарши Ғарб санкцияларининг Қозоғистонга таъсиридан шикоят қилди, зеро мамлакат уларнинг таъсирини билвосита бўлса ҳам ҳис қилмоқда, чунки у йирик қўшниси билан фаол савдо қилади.

Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқининг [ЕОИИ] аъзоси бўлиб, Қозоғистон, Россия ва ушбу иттифоқнинг бошқа аъзолари ўртасида ҳеч қандай божхона чегараси йўқ».

«Айнан шу сабабли ҳам баъзида чегараларимиз ўртасидаги маҳсулот ва хизматларнинг эркин савдоси жараёнларини бошқариш жуда қийин», деди Тилеуберди.

У шунингдек, америкалик ҳамкасбини Қозоғистон «Россия ёки бошқа хорижий компанияларга санкцияларни четлаб ўтишга имкон берувчи ҳаракатлардан қочишга» ҳаракат қилаётганига ишонтирди.

Ўз навбатида, Блинкен санкциялар таъсирини юмшатиш, жумладан, санкцияга учраган Россия компаниялари билан бизнес юритувчи компанияларга «Россия билан алоқаларини имкон қадар оғриқсиз узишига» кўмаклашиш, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларини минтақавий савдо йўлларини кенгайтиришда қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

Ушбу кўмакнинг бир қисми сифатида у Вашингтон иқтисодий барқарорлик ташаббуси доирасида минтақага 25 миллион доллар ажратишини эълон қилган.

Ушбу маблағ Марказий Осиё республикаларига «биргина давлатга боғланиб қолмай, минтақавий савдо йўлларини кенгайтириш ва хусусий сектор инвестицияларини жалб этишга ёрдам бериши керак», деди у.

Блинкен Тўқаевнинг ўтган йил март ойида эълон қилган ислоҳотларини ҳам олқишлаган.

«Биз Қозоғистондан ушбу кун тартибини амалга оширишда жамоатчиликнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш, ҳукуматнинг ҳисобдорлигини ошириш, коррупцияга барҳам бериш, президентлик муддатини чеклаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча конкрет қадамларни кутамиз», деди у.

Тўқаев, ўз навбатида, Блинкенга «Америка Қўшма Штатларининг мамлакат мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини доимий ва қатъий қўллаб-қувватлови учун» миннатдорчилик билдирди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қўшма Штатлар жами 62 миллиард доллардан ортиқ инвестиция билан Қозоғистоннинг энг йирик инвесторларидан бири ҳисобланади, деди Тўқаев ушбу ҳамкорликнинг кенгайишига умид билдириб.

Тажовузкор Москва

Марказий Осиё бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ Ғарб қўлловига муҳтож, дейди таҳлилчилар.

«Халқаро майдонда яккаланиб қолган Россия ўзига қарам бўлган давлатларнинг қўллаб-қувватловига эришишга уринмоқда», дейди халқаро алоқалар бўйича остоналик мутахассис Руслан Назаров Карвонсаройга.

«Бунда Кремл мажбурлов ва таҳдидлардан фойдаланмоқда», дейди у.

Москва ҳамкорлар билан муносабатларида янада тажовузкор ва беқарор бўлиб боряпти.

Тинчлик учун Карнеги жамғармасининг илмий ходими Темур Умаровнинг феврал ойида Озод Европа/Озодлик радиосининг қозоқ хизматига берган интервьюсида айтишича, Россия ташқи ишлар вазирлиги Марказий Осиё давлатларига қайси давлатлар билан муносабатларни ривожлантириш ёки ривожлантирмаслик кераклигини том маънода айтиб турибди.

«Тасаввур қилинг, [Россия президенти] Владимир Путин бугун уйқудан туриб, Қозоғистонни ҳам нодўстона, етарлича дўстона эмас ёки янги аксилроссия давлати деб топса ва ўтган йил 24 февралда берган буйруқни берса», дейди Умаров Украинага босқинни назарда тутиб.

«Ҳеч ким бундан ҳимояланмаган.»

Россия санкциялар кучайган шароитда Қозоғистондан ўз иқтисодий муаммоларини ҳал қилишда кўпроқ фойдаланишга уринмоқда, бу эса Марказий Осиё республикаси учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин, дейди Хатарларни баҳолаш гуруҳининг Олмаотадаги раҳбари Дўсим Сатпаев.

«Ўтган йили мамлакатимизга кирган Россиянинг минглаб компаниялари ва тадбиркорлари юк ташиш каби муҳим тармоқларимизда ҳукмронлик қилмоқда», деди Сатпаев Карвонсаройга. «Бу Қозоғистоннинг иқтисодий хавфсизлигига жиддий таҳдиддир».

Сатпаев Россиянинг Қозоғистонни «санкциялар остида қолган иқтисодиётига тортаётганидан» ва бу тенденция Қозоғистон учун узоқ муддатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Ўзбекистон ҳам Россиянинг босимига дуч келган.

«Шубҳасиз, Энтони Блинкеннинг Марказий Осиёга, жумладан, Ўзбекистонга ташрифи нафақат Украинада давом этаётган уруш шароитида, балки минтақа мамлакатларига Россия босимининг кучайиши муносабати билан жуда аҳамиятли ва ўринли бўлди», дейди Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence ташкилоти директори Алишер Илҳомов.

У Ўзбекистонда сўнгги пайтларда Москва билан газ бўйича келишув имзоланишига сабаб бўлган энергетик инқирозни тилга олди.

«Москва дарҳол вазиятдан фойдаланиб ўз газини таклиф қилди, аммо адолатсиз шартлар асосида», деди у «Россия ўз газини етказиб бериш эвазига Ўзбекистоннинг газ ташиш инфратузилмасини ва Хитойга газ экспортини ўз қўлига олишга интилаётганини» таъкидлаб.

«Агар Москванинг бу талаблари қондирилса, Ўзбекистон ўз суверенитетининг салмоқли қисмини йўқотади, бу унинг Россия билан муносабатлари нуқтаи назаридан аллақачон аҳамиятсиз».

Ғарб билан ҳамкорлик

Ғарб мамлакатларининг Марказий Осиёга қизиқиши Украинадаги уруш фонида ортди ва улар, айниқса энегетика соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга интилмоқда, деб айтган олмаоталик эксперт Сатпаев.

«Блинкеннинг Остонага сўнгги ташрифи, шунингдек аввалги Ғарб мамлакатлари ва Қозоғистон расмийларининг одатий учрашувлари улар биз билан ҳамкорлмк қилишдан манфаатдор эканлигини кўрсатмоқда», деб айтган у.

Халқаро муносабатлар соҳасидаги мутахассис Назаровга кўра, бу барча томонлар учун манфаатли.

Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи (ЕИ) билан энергетика соҳасида ҳамкорлик қилиш Қозоғистонга, унинг нефтига талаб ортиб бораётган бир пайтда, хусусан ЕИнинг энергетика бозорида ўз ҳозирлигини кенгайтиришига ёрдам беради, дейди у.

Қозоғистон «Дружба» қувури орқали биринчи марта Германияга 20 минг тонна нефт етказиб берган.

Марказий Осиё давлатлари охир-оқибат Россиядан узоқлаша бошлайди ва бир вақтнинг ўзида Ғарб билан ҳамкорликни кучайтиради, дейди Назаров.

«Россия аввал минтақага жозибадор истиқболларни таклиф қила олмаган, аммо ҳозир умуман зарарли, муаммоли ҳамкорга айланиб қолган», дейди у.

«Россия анчадан бери Марказий Осиё давлатларини ўз манфаатлари ҳудуди деб билади. Аммо, Россиянинг Украинага нисбатан асоссиз тажовузи бошланганидан бери муносабатлар ўзгара бошлади», дейди Қўшма Штатларда яшовчи ўзбек сиёсий таҳлилчи Нигора Ҳидоятова.

«Шу сабабли АҚШ давлат департаменти Энтони Блинкенни бу мамлакатларга ўз қўллаб-қувватловини кўрсатиш ва АҚШ яхшироқ иттифоқдош эканлигини айтиш учун юборган.»

«Ташрифи давомида Блинкен АҚШ Марказий Осиё давлатларининг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини сўзсиз қўллаб-қувватлашини билдирди.»

«Бу ташриф жуда муҳим воқеа бўлиб, АҚШ билан алоқаларнинг ривожланишига янги туртки берди», деб айтган у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

АҚШ Россиядан яхшироқ.

Жавоб бериш

Блинкен вақтида ташриф буюрди. Биз АҚШ ва Ғарб билан ҳамкорликни тиклашимиз ва фойдасиз Тайга иттифоқини тарк этишимиз керак.

Жавоб бериш