Карвонсарой
Хавфсизлик

Россия кучлари Угледарда танклар иштирокидаги энг йирик жангда мағлубиятга учради

Ольга Чепил

26 феврал куни олинган ушбу суратда Харков вилоятининг Каменка қишлоғида вайрон қилинган Россия танки акс этган. [Анатолий Степанов/AFP]

26 феврал куни олинган ушбу суратда Харков вилоятининг Каменка қишлоғида вайрон қилинган Россия танки акс этган. [Анатолий Степанов/AFP]

КИЕВ – Ҳарбий кузатувчиларнинг маълумотларига кўра, Украинадаги Угледар кончилар шаҳарчаси яқинида уч ҳафта давом этган Россия кучларининг ҳужуми уларнинг «ҳалокатли йўқотишларга учраши ортидан тўхтаб қолган».

«Россия қўшинлари Угледар яқинидаги уч ҳафталик ҳужумда ҳалокатли талафотларга учради, шахсий таркиб ва техника билан боғлиқ муаммолар эса Россия кучларининг бу йўналишда ҳатто сезиларсиз олға силжишига тўсқинлик қилаётган бўлиши мумкин», дейилади Урушни ўрганиш институтининг (ISW) шанба (4 март) кунги ҳисоботида.

Шу куннинг ўзида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу «Угледар атрофидаги Россия талафотлари ҳажмини ва кейинги ҳужумлар эҳтимолини баҳолаш учун» фронтга ташриф буюрди, дейилади ISW хабарида.

Украина расмийлари бу ҳужумни урушнинг ҳозиргача юз берган энг йирик танк жанги сифатида баҳолаган.

Украина кучлари томонидан қўлга олинган ва 12 январ куни Киевда бўлиб ўтган брифинг олдидан намойиш этилган россиялик босқинчиларнинг қуроллари ва ўқ-дорилари орасидаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва ташвиқот материаллари. [Женя Савилов/AFP]

Украина кучлари томонидан қўлга олинган ва 12 январ куни Киевда бўлиб ўтган брифинг олдидан намойиш этилган россиялик босқинчиларнинг қуроллари ва ўқ-дорилари орасидаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва ташвиқот материаллари. [Женя Савилов/AFP]

Россиянинг Украинага босқини вақтида Киевдаги Михаил Олтин гумбазли монастири олдида ташкил этилган очиқ ҳаводаги кўргазмада вайрон қилинган Россия ҳарбий техникаси намойиш этилди, 6 январ куни олинган сурат. [Самир ал-Думи/AFP]

Россиянинг Украинага босқини вақтида Киевдаги Михаил Олтин гумбазли монастири олдида ташкил этилган очиқ ҳаводаги кўргазмада вайрон қилинган Россия ҳарбий техникаси намойиш этилди, 6 январ куни олинган сурат. [Самир ал-Думи/AFP]

Россия кучлари зирҳли техника карвонлари билан украиналикларнинг Угледардаги истеҳкомларини ёриб ўтишга уринган, аммо кўплаб пистирмаларга дуч келган.

«Бу хатти-ҳаракатлар натижасида душман Угледар жабҳасининг ўзида 130 га яқин зирҳли техникасини йўқотди», деди Украина Бош штаби бошлиғининг собиқ ўринбосари, истеъфодаги генерал-лейтенант ва ҳарбий таҳлилчи Игор Романенко Карвонсаройга.

«Бу ҳозирги пайтгача урушда битта жангда ишлатилган ва йўқ қилинган душман техникасининг энг йирик миқдори», деди у.

«Рақамларга назар солсак, ўтган йил давомида Россиянинг 1000 дан ортиқ зирҳли техникаси йўқ қилинди, аммо битта жойда бунча техника йўқотилиши илк марта содир бўлмоқда», дейди Романенко.

«Тўлқин ортидан тўлқин»

Россиянинг эсанкиратувчи даражадаги йўқотишлари ҳарбий хизматчиларнинг яхши тайёргарликдан ўтказилмагани билан ҳам боғлиқ.

1 март куни New York Times газетасининг ёзишича, Угледар яқинида украиналиклар томонидан асирга олинган россиялик танкчиларидан бири фронтдаги шифокор бўлиб чиққан.

Қўмондонлари уни шунчаки танк штурвалига ўтқазиб, ҳужумга жўнатишган.

«Танкчи-шифокор билан боғлиқ бу воқеа урушга ҳамма олиб кетилаётганини тасдиқлайди», деди Романенко.

«Бу ҳодиса шошқалоқлик туфайли содир бўлган. Русларда вақт қолмаган... ҳаммаси тиғиз бўлиб турибди. Улар бу ҳужумни январ охирида бошлаши керак эди... биз техникаларни олиб, захираларимизни тайёрлагунимизча, бу биз учун яхши имконият бўлди», деди Романенко.

Танклари вайрон қилинган Россия қўшинлари пиёдалар ҳужумларига ўтган.

Турли хабарларга кўра, бундай тактика туфайли Россиянинг 155 ва 40-денгиз пиёда жангчилари бригадалари қарийб бутунлай йўқотилган.

«Бу Соледарга ҳужумда бўлгани каби одамлардан иборат тўлқинлар холос», деди InfoResist сайтининг ҳарбий мухбири, киевлик Александр Коваленко урушдан аввал 15 минг кишилик аҳолига эга шаҳар учун тахминан 5 ой давом этган жангларга ишора қилиб.

«Шунчаки тўлқин ортидан тўлқин», дейди Коваленко.

«Сон сифатни англатмайди»

«Угледар яқинидаги жанглар шиддатли кечди», деди Коваленко Россиянинг ўтган йил ноябрдаги муваффақиятсиз ҳужумини назарда тутиб.

«Аммо улар Павловка атрофида тўхтаб қолди ва у ерда бутунлай тор-мор этилди... Шунда кейин улар қўшимча куч ва ресурслар зарур деб ўйлашди», деди у.

«Лекин сон ҳар доим ҳам сифат дегани эмас.»

Руслар ҳужум операциялари учун совет даврига оид «сийқаси чиққан қўлланмалардан» фойдаланмоқда. Танкларнинг жанговар сафга тизилиб ҳужумга кетаётган ўқув машқларда қойилмақом кўриниши мумкин, аммо урушда мутлақо маъносиз, деди Коваленко.

«Асосий хато шуки, улар ҳеч нарсани тубдан ўзгартиришмаган», дейди ташқи сиёсат бўйича «Украин призмаси» кенгашининг сиёсий таҳлилчиси Олександр Краев Карвонсарой нашрига.

«Биз ҳарбий қўмондонликда кўп ўзгаришлар қилинганини кўрдик. Биз ҳатто сиёсий маъмуриятда ҳам ўзгаришлар юз берганига гувоҳ бўлдик. Фронт чизиғидаги ҳарбий округ қўмондонлари алмаштирилди. Кўп нарса ўзгарди.»

«Аммо улар янги ҳужум бошлагани заҳоти бир йил аввал Киевда қилинган худди ўша хатоларга йўл қўйишди», дейди Краев.

Ҳеч қандай артиллерия тайёргарлигисиз, етарлича разведка ва бевосита ҳаво дастагисиз «танк колонналари фронтнинг тор ҳудудларидан силжиб бориб, Киев яқинида юз берган вазиятга учради», деб айтган у.

Худди шу ҳолат 80 йил аввал ҳам юз берган, деб таъкидлайди Краев 1939-1940 йилларда Финляндия ва Совет Иттифоқи ўртасида бўлиб ўтган ва финлар советларга оғир зарбалар берган Қиш урушини назарда тутиб. Финлар карвоннинг олди ва охиридаги техникани ишдан чиқариб, ҳаракатсиз бўлиб қолган колоннани ўққа тутишган.

«Ислоҳотларнинг амалга оширмаслик – диктатура режимлари учун классик ёндашув. Путин армиянинг ўзгаришига умид қилиб генералларни ўзгартирди. Аммо, тизим бундай ўзгартирилмайди. Жанговар операциялар, армияни мувофиқлаштириш мантиғи ўзгармай қолган», деди Краев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

«(Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабани) қайтара оламиз» деб бақиришар эди. Қайтара олмас экансизлар-ку )))

Жавоб бериш

Украинанинг Угледар қишлоғи яқинида янчилаётган бўлишса, қандай қилиб Берлинга боришмоқчи экан )))

Жавоб бериш