Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

«Кремл саросимаси»: Марказий Осиё Москванинг Россияга қарши нохолислик айбловларини рад этмоқда

Рустам Темиров

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин АҚШ Давлат котиби Антони Блинкеннинг 28 феврал – 1 март кунлари Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифи олдидан Марказий Осиёдаги нодавлат ташкилотлар, ОАВ ва блогерларни Вашингтон ва Европа Иттифоқи билан алоқадорликда айблади. «Кремл саросимаси» иллюстрациясида Блинкеннинг сафарини қоралаган Россия матбуотидаги мақолалардан парчалар келтирилган. [Карвонсарой]

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин АҚШ Давлат котиби Антони Блинкеннинг 28 феврал – 1 март кунлари Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифи олдидан Марказий Осиёдаги нодавлат ташкилотлар, ОАВ ва блогерларни Вашингтон ва Европа Иттифоқи билан алоқадорликда айблади. «Кремл саросимаси» иллюстрациясида Блинкеннинг сафарини қоралаган Россия матбуотидаги мақолалардан парчалар келтирилган. [Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Украинага бостириб киргани учун халқаро ҳамжамиятининг танқидига учраган Москва Марказий Осиёдаги ноҳукумат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва фикр етакчиларини ўз фуқароларини Россияга қарши қайрашда айбламоқда.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Россиянинг Украинага босқинига бир йил тўлиши арафасида АҚШ ва Европа Иттифоқини (ЕИ) Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларини кучайтираётганликда айблади, деб ёзади «ТАСС».

«Ҳамкорларимизга Украинадаги махсус операцияни қоралаш, Россияга қарши ноқонуний санкцияларга қўшилиш ва мамлакатимиз билан ҳамкорликни тўхтатиш кераклиги айтилмоқда», деди у Украинадаги урушнинг Кремлча таърифини қўллаб.

Галузиннинг баёноти 23 феврал куни – АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга 28 феврал – 1 март кунларига белгиланган ташрифи олдидан эълон қилинган.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 1 март куни Тошкентдаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида инглиз тили тадбирида иштирок этаётган талабалар билан суҳбатлашмоқда. [Оливье Дулери/AFP]

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 1 март куни Тошкентдаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида инглиз тили тадбирида иштирок этаётган талабалар билан суҳбатлашмоқда. [Оливье Дулери/AFP]

Унинг иддаосича, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Марказий Осиёдаги блогерлар ва оммавий ахборот воситаларини назорат қилади, Россияни душман қилиб кўрсатиб, русофобияни тарғиб қилади.

Ғарбнинг асосий мақсади «Марказий Осиё давлатлари ҳудудида ўз ҳарбий инфратузилмасини жойлаштиришга розилик олиш», шунингдек уларнинг Россия ва Хитой билан ҳамкорлигига чек қўйиш, деб қўшимча қилди у.

Галузин конкрет блогерлар, оммавий ахборот воситалари ёки ноҳукумат ташкилотлар номини тилга олмаган, шунингдек, Россиянинг Марказий Осиёда ўз ҳарбий иштирокини кучайтиришдан манфаатдорлиги ҳақида сўз очмаган.

Галузиннинг сўзлари «Кремл параноясининг» белгисидир, дейди тошкентлик блогер Нурбек Алимов Карвонсаройга.

Москва ҳаммани душман кўради, деди у ва Ўзбекистон мисолида фуқаролар Россияни агрессор деб ҳисоблашга ва унинг «махсус ҳарбий операциясини» уруш деб аташга ҳақли эканини таъкидлади.

«Россиянинг «Армия тўғрисидаги ёлғон маълумот» ва ҳоказоларга қарши қонунлари бу ерда [Ўзбекистонда] амал қилмайди», деди Алимов. «Бундай хулосага келиш учун ҳеч бир ўзбек блогери ёки журналистига чет эл гранти керак эмас.»

«Мен ҳеч қачон хориждан пул олмаганман», деди у. «Шундай бўлса-да, бу урушда Россиянинг тажовузкор давлат экани, Украина эса ўз ерини ҳимоя қилаётганига 100 фоиз аминман».

Бу Кремл ўзи бошлаган урушни «нотўғри» ёритгани учун ўзбек журналистларини танқид остига олиши билан боғлиқ илк ҳолат эмас.

2022 йилнинг мартида, Россия Украинага ҳужум бошлаганидан кўп ўтмай, «Россия 24» телеканали бошловчиси Роберт Францев Gazeta.uz ва Kun.uz нашрларини, шунингдек, журналист ва блогер Никита Макаренкони уруш ҳақида ёзганлари учун танқид қилган эди.

Декабр ойида Россия ташқи ишлар вазирлиги расмийси Александр Стерникнинг сўзлари ҳам Ўзбекистонда норозилик уйғотган.

Марказий Осиё давлатлари «ўзаро муносабатларни тўхтатишга шунчаки ишора қилса» ёки Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватласа, жиддий иқтисодий оқибатларга учрайди, деган эди ўшанда Стерник.

Блинкеннинг ташрифи олдидан белги

Галузиннинг баёнотлари Блинкеннинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифи олдидан сигнал ўлароқ янгради, дейди Бишкеклик журналист ва таҳлилчи Одил Турдиқулов Карвонсарой нашрига.

«БМТнинг (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти) Россия қўшинларини Украинадан олиб чиқиш талаби бўйича сўнгги овоз беришда Марказий Осиёнинг барча давлатлари бетараф қолди», деди у феврал ойидаги овоз бериш жараёнини назарда тутиб.

[Туркманистон иштирок этмаган.]

«Кўпчилик буни қўрқоқлик деб ҳисоблаши мумкин, аммо мен бундай фикрда эмасман», деб қўшимча қилди у. «Бу вазиятда улар учун энг мақбул ечим шу.»

Москва Тожикистон ёки Қирғизистоннинг «қарши» деб овоз беришига умид қилган, дейди у.

Лекин ундай бўлмади.

«Ўйлайманки, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари бир-бири билан маслаҳатлашиб, бу қарорни мувофиқлаштирган», деди Турдиқулов.

«Мен учун бу жуда муҳим прецедент: бешта турли давлатдан иборат йирик геосиёсий минтақа ягона позиция билан чиқмоқда

Сиёсий важлар туфайли Россия босқинига бетараф бўлган давлатлар ҳам ушбу биродаркушлик уруши тугаши билан енгил нафас олади, дейди тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Мирзабоев.

«Россия ҳукумати ўз урушини оқлашга уринмоқда, бироқ унинг бу уринишлари бефойда – мамлакатнинг юз минглаб фуқаролари Россияни тарк этиб, бошқа давлатлар, жумладан, Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқда», деди у Карвонсаройга.

«Россия дипломатлари мамлакатнинг дунёда ўз таъсирини йўқотиб, иқтисодий жиҳатдан заифлашиб бораётганини ва имкониятлари торайиб бораётганини яхши тушунади».

Унинг айтишича, Кремл ўзининг машъум хатосини тан олиш ўрнига геосиёсий рақибларини айблаб, улар «иттифоқчиларни» Россияга қарши қайраётганини ва фитна уюштираётганини айтмоқда.

«Бу каби баёнотлар доим янграйди», деди Мирзабоев. «Аммо АҚШ давлат котиби Қозоғистон ва Ўзбекистонда узоқ кутилган меҳмон сифатида қарши олинмоқда. Бу барча айбловларнинг бемаъни эканлигини кўрсатади».

«Вашингтон биз Пекин ва Москванинг таъсир доирасида эканлигимизни тушунади».

«Бир томондан, бу бизни санкцияларни четлаб ўтишга уринмаслик ва параллел импорт орқали Россияга ёрдам беришдан огоҳлантиради», деди у.

«Бошқа томондан, молиявий инқирознинг олдини олиш учун у Марказий Осиё мамлакатларига айрим имтиёзлар ва истиқболларни таклиф қилади, бу эса минтақа мамлакатларида беқарорликка олиб борувчи йўлни истисно қилади», деди Турдиқулов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

«Кремл ўзининг машъум хатосини тан олиш ўрнига геосиёсий рақибларини айбламоқда». Бу гапга мутлақо қўшиламан!

Жавоб бериш