Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Охирги намойишлар Хитойни қамраб олган «маҳрумлик ҳиссидан» далолат бермоқда

Руою

2022 йил 27 ноябр куни Шанхайдаги кўчаларнинг бирида Шинжон вилоятининг маркази Урумчи шаҳрида юз берган ҳалокатли ёнғиндан кейин норозилик намойишига тўпланган одамлар. [Гектор Ретамал/AFP]

2022 йил 27 ноябр куни Шанхайдаги кўчаларнинг бирида Шинжон вилоятининг маркази Урумчи шаҳрида юз берган ҳалокатли ёнғиндан кейин норозилик намойишига тўпланган одамлар. [Гектор Ретамал/AFP]

Хитой ичидаги сўнгги норозилик намойишларининг кўлами ва жадаллиги – умуман, уларнинг содир бўлгани – хитойликлар орасида норозилик кучайиб бораётганини кўрсатади, дейди кузатувчилар.

Яқинда феврал ойининг ўрталарида Хитойнинг Ухан шаҳрида асосан нафақадаги хитойликлар бошчилигида кенг кўламли норозилик намойишлари бошланди.

Юзлаб кекса фуқаролар норозилик билдириш учун кўчаларга чиқиб, ҳукуматдан тиббий суғуртани ислоҳ қилиш режасини бекор қилишни талаб қилдилар, бу режа суғурталанганларга ойлик тўловларнинг кескин камайишига олиб келган.

Видеоёзувларда кўп сонли форма кийган полициячилар оломонни тарқатишга уринаётгани, бироқ кексалар ортга чекинмаганини кўриш мумкин. Яқин атрофдаги намойишчилар ҳам Коммунистик партия ўз мафкуравий йўлидан оғишаётганига ишора қилиб, «Интернационал» каби қўшиқларни куйлашган.

Гувоҳларнинг айтишича, бир қанча намойишчилар полиция томонидан дўппосланган. Номаълум сондаги одамлар шубҳали айбловлар билан ҳибсга олинган.

Ушбу норозилик намойишлари ҳукуматнинг ҳаракатланиш, саёҳат ва ўзаро ижтимоий муносабатлар сиёсатига қарши Хитой бўйлаб оммавий норозилик намойишлари бошланганидан бир неча ой ўтиб содир бўлди.

Норозилик намойишлари ўтган йилнинг ноябр ойида Шинжон шимоли-ғарбидаги тураржой биносининг юқори қаватларини вайрон қилган ҳалокатли ёнғиндан сўнг бошланган, қурбонлар мусулмон бўлгани учун кўпчилик уларнинг ўз вақтида қутқарилмаганини даъво қилган.

Пекин экстремизмга қарши йиллар давомида олиб борилаётган кураш доирасида бир миллиондан ортиқ уйғур ва асосан мусулмонлардан иборат бошқа туркийзабон аҳолини узоқ-ғарбий минтақадаги яширин ҳибсхона ва қамоқхоналарда сақлашда айбланади.

Аммо намойишчилар, кенгроқ сиёсий ислоҳотлар ўтказишни, айримлар ҳатто олий раҳбарларнинг истеъфосини талаб қилган.

Ўшанда 1989-йилда Тянанмен демократик ҳаракати бостирилганидан сўнг қамоққа ташланган ва кейин сургун қилинган Ван Дан бу воқеалар янги «норозилик даври» бошланаётганидан дарак бериши мумкинлигини айтган.

Намойишчилар орасида етакчи ёки ташкилотчининг йўқлиги ҳукуматга бир кишини ҳибсга олиш ёки бостириш орқали намойишларни назорат қилишни қийинлаштирмоқда.

«Маҳрумлик ҳисси»

Бир неча ой ичида «Оқ қоғоз инқилоби»дан тортиб, «Оқ сочлилар норозилигига» қадар 1989 йилдан буён очиқча гапиришга қўрқиб қолган хитойликлар ўз норозилигини омматан ифода қилишга одатланиб бормоқда.

Кўплаб кузатувчилар бунинг сабабларини таҳлил қилмоқдалар.

Социологик нуқтаи назардан, сўнгги норозиликлар сабаби «маҳрумлик туйғуси»дир, дейди Нью-Йорк шаҳар университети сиёсатшуноси, хитойлик олим Мин Ся.

«Умуман олганда, «таҳқирланган ва таъқибга учраганларнинг» қарши чиқиш эҳтимоли кам, чунки қўллаб-қувватловдан, ижтимоий-иқтисодий ресурслардан маҳрум энг заиф қатлам касаллик ва очлик қаршисида катта эҳтимол билан намойишга чиқмайди.»

Бир вақтлар тизимдан фойда кўрган қарияларнинг нафақалар қисқариши сабаб тизимга қарши чиқаётганининг сабаби ҳам шу, дейди Сиа.

«Уларнинг пули борлиги, очлик ва қашшоқликка юз тутмаган пенсионерларга маълум даражада ишонч бермоқда. Нафақаси қисқартириладиган бўлса, уларда адолатсизлик ва маҳрумлик ҳисси пайдо бўлади. Бунга қарши курашишлари эҳтимоли катта», деб қўшимча қилган у.

Намойишда иштирок этган қариялар сўнгги йилларда қулай ҳаёт тарзида яшаган. Уларнинг қаршилиги тўсатдан маҳрум бўлиш ҳисси туфайли келиб чиққан, дейди Сиа.

«Хитойда тиббий суғурта ёки нафақа муаммоси бўлсин, бу умуммиллий феноменга айланган. Давлат молияси чекланган, маҳаллий ҳокимиятларнинг қарзлари эса катта. Марказий ҳукумат маҳаллий ҳокимиятларга ёрдам бермаслигини айтган. Агар маҳаллий молия нисбатан яхшироқ бўлса, маҳаллий ҳокимият маълум вақт фаолият кўрсатади, аммо ёмон бўлса босим жуда катта бўлади.»

Бир вақтнинг ўзида «аҳолининг қариши» Хитой жамиятининг энг жиддий муаммосига айланди, бу шунингдек қарияларнинг ҳаётига ҳам чуқур таъсир қилмоқда.

«50 ёки 60 яшарликларнинг кўпчилигида биттагина фарзанд бор», деб айтган Сиа. «Иқтисодий босим бутун жамиятга таъсир қилмоқда. Қариялар инқирозга дуч келганида, улар бунга оиладан ечим топа олмайдилар.»

Ташқи сиёсатдаги хавотирли тенденциялар

Ташқи сиёсат масаласига келганда, айрим хитойликлар ўз ҳукуматларининг дунё бўйлаб қуролларни кўз-кўз қилишидан ташвишда.

Хитойнинг Тайванга нисбатан таҳдидлари сўнгги ойларда янада яққол кўрина бошлаган, Россиянинг Украинага ҳужуми эса Тайванда Пекин ҳам оролни худди шундай аннексия қилиши мумкин деган хавотирларни янада кучайтирган.

Пекин ўзини-ўзи бошқарувчи демократик Тайванни ўзининг ҳудуди деб билади ва бир кун келиб, керак бўлса куч билан уни тортиб олишни ваъда қилган. Орол эса доимий равишда Хитой босқини таҳдиди остида яшайди.

2022 йилда Хитой Тайваннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳудудига 1700 дан кўпроқ марта бостириб кирган, 2021 йилда эса 969 та шундай ҳолат қайд этилган, деб хабар беради AFP. 2020 йилда Тайван мудофаа вазирлиги 380 бостириб киришни қайд этган.

Тайван атрофидаги сувларда Хитойнинг (энг сўнгиси 8 январда бўлиб ўтган) ҳарбий машғулотлари халқаро юк ташиш йўлларига ҳам таъсир қилган.

Бу орада Шарқий Хитой денгизидаги Япония назорат қиладиган кимсасиз ороллар занжиридан иборат Сенсаку оролларига даъвогарлик туфайли Хитой ва Япогия ўртасида кескинлик ҳам кучайиб бормоқда.

Хитой Бруней, Малайзия, Филиппин, Тайван ва Вьетнам қатори ҳар йили бир неча триллион долларга тенг юк ташувчи кемалар ўтадиган Жанубий Хитой денгизига ҳам даъвогарлик қилади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500