Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Муваффақиятсиз босқиндан сўнг Россиянинг авторитаризм томон силжиши тезлашмоқда

Ольга Чепил ва AFP

21 сентябр куни Москвада полициячилар шу куни Россия президенти Владимир Путин эълон қилган қисман сафарбарликка қарши норозиликка чақирган фуқарони ҳибсга олишган. [Александр Неменов/AFP]

21 сентябр куни Москвада полициячилар шу куни Россия президенти Владимир Путин эълон қилган қисман сафарбарликка қарши норозиликка чақирган фуқарони ҳибсга олишган. [Александр Неменов/AFP]

КИЕВ – Бутун дунёда 8 март халқаро хотин-қизлар куни нишонланар экан, 13 ёшли россиялик қизга отаси билан гаплашишга рухсат берилмади – полиция эркакни Москванинг Украинага босқинини танқид қилгани учун уй қамоғига ҳукм қилган, деб хабар беради ҳуқуқбон гуруҳлардан бири.

Бу ва бошқа ҳолатлар Россияда авторитаризм кучайиб бораётганидан дарак бермоқда.

2022 йил феврал ойида босқин бошланганидан бери, Россиядаги қонунчилик мухолифат аъзоларининг овозини ўчиришга қаратилган. Ҳукумат ушбу қонундан низони танқид қилишга йўл қўймаслик учун фойдаланмоқда, дейди Кремл мухолифлари.

Мактабда Украинани қўллаб-қувватловчи мазмундаги расм чизган қизнинг отаси айтган гап-сўзлар юзасидан текширув бошлангач, бола «вояга етмаганлар билан ишлаш марказига» жойлаштирилган, деб хабар беради «ОВД-Инфо» ҳуқуқбон гуруҳи.

5 март куни Москвада совет етакчиси Иосиф Сталин вафотининг 70 йиллигига бағишланган хотира маросимидан унинг портретини ушлаб чиқиб кетаётган Россия коммунистик партияси тарафдори. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

5 март куни Москвада совет етакчиси Иосиф Сталин вафотининг 70 йиллигига бағишланган хотира маросимидан унинг портретини ушлаб чиқиб кетаётган Россия коммунистик партияси тарафдори. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

«Мария Москалевага... отаси билан телефон орқали гаплашиш тақиқланди», деб ёзган «ОВД-Инфо» оиланинг адвокати билан суҳбатдан кейин.

Мустақил депутатлардан бири ҳам қиз билан учраша олмаган, деб хабар беради ноҳукумат ташкилот.

Ҳуқуқбонларга кўра, Мария ўтган йил апрел ойида мактабда Москванинг Украинадаги ҳарбий кампаниясини танқид қилувчи расм чизганидан кейин унинг оиласи куч ишлатар идоралар эътиборига тушган.

Meduza мустақил нашрига кўра, Мария ўқитувчисининг босқинни қўллаб-қувватловчи расм чизиш ҳақидаги кўрсатмаларига бўйсунмай, Украинани ҳужум остида тасвирлаб, «Йўқолсин уруш» ва «Украинага шон-шарафлар» деб ёзган.

Унинг ёлғиз отаси Алексей Москалев кейинчалик ижтимоий тармоққа жойлаган постида армияни обрўсизлантиргани учун 32 минг рубл (420 доллар) жаримага тортилган.

Шу ойда расмийлар уни такроран жиноят содир этганликда айблаб, уй қамоғига олишди, деб ёзади «ОВД».

Унинг қизи Москвадан жанубда жойлашган Тула вилояти, Ефремов шаҳридаги «ижтимоий мослашув маркази»га жўнатилди, деб хабар берган «РИА Новости» давлат ахборот агентлиги.

«Бола одатдаги таълим тартибига қайтишга ҳозирланмоқда», деб маълум қилган «РИА Новости»га Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Тула вилояти бўлими.

Уни озод этиш талаб қилинган петицияга 106 мингдан ортиқ одам имзо чеккан.

«Янада авторитар ва ҳарбийлашган»

Россияда кучайиб бораётган авторитаризм тобора милитаристик тус олиб борар экан, бу яқин атрофдаги давлатларда хавотир уйғотмоқда.

«Европадаги бизга маълум бўлган хавфсизлик тартиби энди мавжуд эмас... шунингдек, Швеция хавфсизлигига таҳдидлар ҳам кучайган», деди Швеция ҳарбий разведка ва хавфсизлик хизмати (MUST) директори Лена Халлин 20 феврал куни Стокҳолмдаги матбуот анжуманида.

Бундан бир ҳафта олдин Норвегияда миллий хавфларни баҳолаш бўйича йиллик ҳисобот тақдимотида Россия Хитой билан биргаликда «Норвегия ва бутун Европа хавфсизлигига асосий таҳдид» сифатида эътироф этилган эди.

«Россия янада авторитар ва ҳарбийлашган давлатга айланади», деди Норвегия разведка хизмати директори ўринбосари Ларс Нордрум 13 феврал кунги ҳисобот тақдимотида.

Нордрумнинг таъкидлашича, Россия бутунлай иҳоталаниб қолгач, Норвегиянинг энергетика инфратузилмасига «зарба бериш» ҳаракатларини амалга ошириши мумкин, зеро Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини ортидан Норвегиянинг Европа энергия хавфсизлигидаги роли кучайган.

Таҳлилчиларга кўра, ҳозирда Европа Иттифоқи газ таъминотида Норвегиянинг улуши 25 фоизни ташкил этмоқда.

«Амалда Россия ҳақиқатан ҳам авторитаризм ва милитаризм томон силжиб бормоқда», дейди «Вежа» жамоатчилик таҳлил маркази директори, сиёсатшунос Валерий Клочок Карвонсаройга.

У Россияни дунёдаги энг репрессив ва милитаристик давлатлардан бири бўлган Шимолий Кореяга қиёслади.

Клочокнинг сўзларига кўра, Россия ташвиқоти рус жамоатчилигини доимий уруш ҳолатида эканлигига ишонтириш орқали милитаристик кайфиятни авж олдирмоқда.

«НАТО бизни бомбардимон қилмоқда: бу Россия телевидениесидаги доимий мавзу», деди у ва ҳарбийлаштирилган болалар ташкилотларига ишора қилди.

«Давлатчилик нуқтаи назаридан, булар тўғри ва ватанпарварлик намунаси, лекин улар тажовузкорлик эмас, балки мудофаа усули сифатида кўрсатилиши керак. Россияда улар [мансабдор шахслар] хорижда ҳарбий ҳаракатлар ва босқинчилик уруши олиб бориш – мутлақо нормал ҳолат, деган ташвиқотни очиқчасига ёйинламоқда», деди Клочок.

Бу сиёсат мамлакат ичида кучли репрессиялар билан бирга олиб борилмоқда.

«Давлат сиёсатига қарши чиқмоқчи бўлсангиз, қамоққа олинасиз. 1930-йиллардаги фашистлар Германиясида шундай эди. Ўзгача фикрдагилар таъқиб қилиняпти».

«Кейинги қадамда YouTube бир ёқлик қилинади. Ишончим комилки, уни эртами-кечми ёпишади, шунда фақат Россия интернети бўлади, у ерда ҳукумат ўзига керакли фикрни шакллантиради, чунки жамоатчиликни шу тарзда манипуляция қилиш анча осон», деди Клочок.

Тунд келажак

Россиядаги вазият келажакда фақат ёмонлашади, дейди таҳлилчилар.

«[Россия президенти Владимир] Путин қасддан Эрон ёки Шимолий Корея моделидаги ёпиқ жамият қурмоқда ва бунинг учун унда психологик жиҳатдан бир қанча важлар бор», дейди сиёсатшунос Максим Разумний Карвонсарой нашрига.

«У [Сербия диктатори Слободан] Милошевич, [Ливия диктатори Муаммар] Қаддофий каби барча диктаторларнинг тақдирга дучор бўлишдан қўрқади», деди Разумний.

Бундай сиёсат тобора Шимолий Кореяга ўхшаб бораётган мамлакатда яшашни истамайдиган прогрессив ёшларнинг Россиядан чиқиб кетишига туртки бўлмоқда.

«Россия ҳозирги шароитда жамиятнинг қўшимча қиймат яратиши ва юқори технология соҳасида ишлаши мумкин бўлган энг фаол қисмини йўқотади, бошқача айтганда, бундай шароитда энг қимматли бўлган мутахассислар мамлакатни тарк этади», деди Бирлашган Украина таҳлил марказининг сиёсий таҳлилчиси Петр Олешчук.

«Улар шиддат билан чиқиб кета бошлайдилар. Бу ҳолат аллақачон катта шаҳарларда кенг миқёсда юз бермоқда», деди Олешчук.

«Бу замонавий Россия тараққиётининг умумий тенденциясидир», деди у.

«Аслини олганда, Россия олдида иккита йўл бор: бири – Путиннинг авторитар режими қулайди ва ўзгаришлар бошланади, аммо улар қандай ва қайси йўналишда бўлиши аниқ эмас».

«Ёки бунинг акси: улар бутунлай «демократия» ниқобини ечиб ташлаб, «ҳа, биз Шимолий Корея кабимиз, лекин анча катта миқёсда» деб айтишади», деди Олешчук.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500