Карвонсарой
Сиёсат

«Украинанинг ғалабаси учун қўлимиздан келганини қилишимиз керак»: Тошкент Киевни қўллаб-қувватлашдан тўхтагани йўқ

Рустам Темиров

Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Микола Дорошенко, Тошкентдаги Украина элчихонаси, 24 феврал. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Микола Дорошенко, Тошкентдаги Украина элчихонаси, 24 феврал. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Кремлнинг асоссиз ҳужуми бошланганидан бери бир йилдан ортиқроқ вақт ўтибдики, Ўзбекистон Украинани қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

Уруш бошланганидан буён Ўзбекистонга 5000 га яқин украиналик келди. Жамоатчилик гуруҳлари ва маҳаллий бизнес етакчилари уларнинг кўпчилигига иш ва тураржой топишга ёрдамлашган.

Ўзбекистон, шунингдек Украинага гуманитар ёрдам ҳам юборди.

2022 йил апрел ойида Ўзбекистондан Украинага 34 тоннадан ортиқ дори-дармон, биринчи тиббий ёрдам тўпламлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари, июн ойида эса умумий қиймати 1 миллиондан 19 тонна дори-дармон юборилган.

2021 йилда Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми 439 млн АҚШ долларидан 704 млн АҚШ долларига ўсган. Уруш бошланганидан cўнг 2022 йилда бу кўрсаткич 306 миллион АҚШ долларига тушган – бу урушдан аввалги 1 миллиард долларлик режанинг учдан бир қисмидан камроқ. [Карвонсарой]

2021 йилда Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми 439 млн АҚШ долларидан 704 млн АҚШ долларига ўсган. Уруш бошланганидан cўнг 2022 йилда бу кўрсаткич 306 миллион АҚШ долларига тушган – бу урушдан аввалги 1 миллиард долларлик режанинг учдан бир қисмидан камроқ. [Карвонсарой]

«Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигига содиқлигини тасдиқлаганини қадрлаймиз», деди Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Микола Дорошенко 23 феврал куни Gazeta.uz нашрига берган интервьюсида.

«Ушбу муҳим позиция тинчликка қайтиш учун асосдир», дейди Дорошенко.

Элчихона ходимлари экстремал шароитларида ишладилар: ўзбекистонликларга тезкор ахборот етказиш, ёрдам кўрсатиш бўйича сўровларимизни аниқ-тиниқ ифодалаш, Ўзбекистон нафақат бетарафликни сақлаб қолиши, балки ушбу қуролли низони тинч йўл билан ҳал қилишда халқаро майдондаги нуфузидан фойдаланиши учун қўлимиздан келган барча чораларни ишга солишимиз керак бўлди, деди у.

Дорошенко Украинанинг сўровларига ижобий жавоб берилишига, Ўзбекистон нафақат ёрдам беришда давом этиши, балки Украина муҳтож бўлган маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтиришидан ҳам умидвор эканини таъкидлади.

Иқтисодий ҳамкорлик

Икки мамлакатнинг иқтисодий ҳамкорлиги ҳам тўхтагани йўқ.

Украина Ўзбекистонга экспорт қиладиган маҳсулотлар орасида ўсимлик мойи, шакар, ичимликлар ишлаб чиқариш, мева-сабзавот ва сутни қайта ишлаш ускуналари, шунингдек, озиқ-овқат саноати учун унча катта бўлмаган мобил заводлар бор.

Ушбу маҳсулотларнинг етказиб берилишини Россия тўхтатиб қўйган бўлса-да, мамлакатларимиз Қозоғистон ёки Каспий денгизи орқали юк ташишнинг янги йўлларини изламоқдалар.

2021 йилда Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 439 миллион доллардан 704 миллион долларгача ўсди. Дастлаб 2022 йилда бу рақам 1 миллиард долларга етиши кутилган эди.

2021 йилда Ўзбекистон Украина ишбилармонлар кенгаши ташкил этилиб, илк йиғилишини ўтказди.

Аммо уруш бошланиши ортидан 2022 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси қисқариб, 306 миллион долларни ташкил қилган.

«Ҳатто уруш шароитида ва иқтисодиётдаги қийинчиликларга қарамай, мен Ўзбекистон бизнесини фаол бўлишга, 2022 йил июлида Швейцариянинг Лугано шаҳридаги анжуманида тақдимоти ўтказилган Украинани қайта тиклаш дастурини амалга оширишда қатнашишга чақираман», деди Дорошенко ўз интервьюсида.

Ҳамкорлик янада кенгайтирилиши мумкин, дейди таҳлилчилар.

Агар Ўзбекистон раҳбарлари истаса, Украина ва Ўзбекистон Россия блокадаси шароитида ҳам иқтисодий ҳамкорлик қилиб, савдо-сотиқни давом эттира олади, дейди Швецияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатчи Пўлат Охунов Карвонсаройга.

Россия блокадасини четлаб ўтиш имкони бор, деди у.

«Украина билан ҳамкорликка ҳеч нарса халақит бермайди», дейди бишкеклик журналист ва таҳлилчи Одил Турдиқулов.

«Ҳатто шундай қилган маъқулроқ. Россия билан ҳамкорлик, аксинча тобора заҳарли бўлиб бормоқда ва катта зиён келтириши мумкин».

«Бу, энг аввало, санкцияларни четлаб ўтиш масаласига тааллуқли», деди у Украинага бостириб киргани учун Ғарб санкцияларига дучор бўлган Россиянинг уларни четлаб ўтиш учун бошқа давлатларни жалб қилиш уринишларини назарда тутиб.

«Ўзбекистонни Украина билан савдо қилишдан ва вайрон бўлган шаҳарларни қайта тиклашга ёрдам беришдан ҳеч нарса тўсмайди. Ишончим комилки, у ерда иккинчи «Маршалл режаси» бўлади ва Ўзбекистон унда етакчи рол ўйнаши мумкин», деди у.

Россиядан озод бўлиш

Украинанинг Россияга қарши кураши Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун ҳам ўзига хос аҳамиятга эга, дейди кузатувчилар.

Марказий Осиё аҳолиси Украинадаги уруш уларнинг суверенитети ва мустақиллигига дахлдор эканини англаб етмоқда, деди Турдиқулов Карвонсарой нашрига.

«Қирғизистондан хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари, энг аввало Россия базалари олиб чиқилиши керак.»

«Ундан кейин, Россиянинг федерал телеканаллари тақиқланиши лозим. Шунингдек, Қирғизистон унинг суверенитетига путур етказаётган ташкилотлар: КХШТ [Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти] ва ЕОИИ [Евросиё иқтисодий иттифоқи] таркибидан чиқиши керак», деди у.

Урушдан аввал Украинада россияпараст сиёсатчилар эркин фаолият олиб бориб, очиқдан-очиқ давлат суверенитетига путур етказган, деб таъкидлади у. Худди Марказий Осиёдаги каби Россия телеканаллари эркин эфирга узатилган ва аннексияни тарғиб қилган.

Россиянинг Украинага ҳужуми Марказий Осиё давлатларини хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга ундади.

«Айни вақтдаги мавжуд ихтилофларга қарамай, Марказий Осиё давлатлари Украинадаги уруш сабабли ташқи сиёсат чоралари ва баёнотларини ўзаро мувофиқлаштира бошладилар», деб қўшимча қилди Турдиқулов.

У Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Россия ҳужумига бир йил тўлиши арафасида урушни тўхтатиш ва Россиядан Украина ҳудудини тарк этишни талаб қилувчи резолюцияси овозга қўйилганини тилга олди.

Бу резолюция бўйича Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бетараф қолган. Туркманистон овоз беришда иштирок этмаган.

Ғарб Россияни мағлуб этади, бу эса ўз навбатида Марказий Осиёда эркинликка олиб келади, дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос Охунов иттифоқнинг Украинани кўп жиҳатдан қўллаб-қувватлаганига ишора қилиб.

«Умид қиламанки, раҳбарларимиз [Россия президенти Владимир] Путиннинг шовинистик Россияси уларни ўз вассали ва қўл остидаги ходимлари сифатида кўришини тушуниб етадилар. Халқларимиз учун эркинлик ва демократияни истар эканмиз, фақат Ғарб бизга иттифоқчи бўла олишини билишимиз керак. Ва Украина ғалаба қозониши учун қўлимиздан келганини қилишимиз зарур», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Яшасин Украина!! Украинанинг ғалабаси ва МОнинг Россия ҳукмронлигидан озод бўлиши яқинлашмоқда. МОда ҳукмронлик қилаётган Путиннинг қўғирчоқларининг Януковичнинг тақдири кутмоқда.

Жавоб бериш