Карвонсарой
Хавфсизлик

Россия ўтмишдаги хулқ-атворига мос тарзда АҚШ дрони билан «эҳтиётсиз» тўқнашди

Карвонсарой ва AFP

MQ-9 Reaper самолёти Невададаги синов ва машғулотлар майдонида машқ миссиясини бажармоқда, 2019 йилнинг июл ойи. [АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари]

MQ-9 Reaper самолёти Невададаги синов ва машғулотлар майдонида машқ миссиясини бажармоқда, 2019 йилнинг июл ойи. [АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари]

БРЮССЕЛЬ – Сешанба (14 март) куни россиялик учувчиларнинг халқаро ҳаво ҳудудидаги «эҳтиётсиз» ва «нопрофессионал» ҳаракатлари АҚШ дрони ҳалокатига сабаб бўлар экан, бу ҳодиса уларнинг халқаро қонунчиликни очиқдан-очиқ менсимаслигини яна бир карра исботлади, дейди АҚШ расмийлари.

Россиянинг Су-27 жанговар самолёти Американинг MQ-9 Reaper дронининг пропеллерига зарба берган, натижада у сувга қулаган ва ҳалокатга учраган, дейилади АҚШнинг Европа қўмондонлиги (EUCOM) баёнотида.

«Су-27 тўқнашувдан аввал экологик жиҳатдан хатарли ва нопрофессионал тарзда MQ-9 дронига ёқилғи тўккан ва унинг яқинида эҳтиётсизлик билан парвоз қилган», дейилади хабарда.

«Бу ҳаракат хавфли ва нопрофессионал бўлиши билан бир қаторда уларнинг малакасиз эканлигини кўрсатади.»

MQ-9 дрони халқаро ҳаво ҳудудида кундалик операцияни бажараётган эди, деб айтган АҚШ ҳаво кучлари генерали, АҚШнинг Европа ва Африка ҳаво кучлари қўмондони Жеймс Хекер.

«АҚШ ва иттифоқдошларнинг авиацияси халқаро ҳаво ҳудудида фаолият олиб боришда давом этади ва биз Россияни профессионал ва хавфсиз ҳаракат қилишга чақирамиз», деб айтган у «россияликлар иккала объектнинг тўқнашишига сабабчи бўлаёзганини» қўшимча қилиб.

«Бу ҳолат россиялик учувчиларнинг халқаро ҳаво ҳудудида, жумладан Қора денгиз устида АҚШ ва иттифоқчилар авияцияси билан ўзаро муносабатдаги хавфли ҳаракатларининг давомидир», дейилади EUCOM баёнотида.

«Россиялик учувчиларнинг бундай тажовузкор ҳаракатлари хавфли бўлиб, тушунмовчилик натижасида режаланмаган кескинликка олиб келиши мумкин.»

«Таваккалчиликни кучайтириш»

Киев Россия президенти Владимир Путинни Украинадаги низони авж олдиришга уринаётганликда айблаган.

«Американинг MQ-9 Reaper дрони билан бўлган, Россия томонидан Қора денгиз устида қўзғатилган вазият Путиннинг бошқа томонларни аралаштириш орқали низони кенгайтиришга тайёр эканлигига ишорадир», деб айтган чоршанба куни Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов ижтимоий тармоқ орқали.

«Бундай умумлашган тактикадан доим таваккалчиликни кучайтириш мақсад қилинган.»

Брюсселдаги НАТО дипломатларининг айтишича, бу ҳодиса туфайли вазиятнинг кескинлашуви янги зиддиятга олиб келмаслиги керак.

Анонимлик шарти билан AFPга гапирган Ғарб ҳарбий манбаси Россия ва АҚШ ўртасида дипломатик каналлар фаоллаштирилишини айтди.

«Фикримча, дипломатик каналлар бу вазиятни юмшатади», деди манба.

Сешанба куни тушдан кейин Қўшма Штатлардаги Россия элчиси Давлат департаментига чақиртирилди, Американинг Москвадаги элчиси ҳам воқеага «қатъий эътироз» билдирди, деди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс журналистларга.

«Биз АҚШнинг учувчисиз самолётининг уриб туширилишига сабаб бўлган ушбу хавфли, нопрофессионал тутиб олишга қарши кескин эътирозимизни билдириш учун руслар билан юқори даражада бевосита алоқага чиққанмиз», деди у.

Бу ҳодиса халқаро ҳуқуқнинг очиқдан-очиқ бузилиши ҳисобланади, деб қўшимча қилди Прайс.

Қўшма Штатлар «MQ-9 Reapers»дан ҳам кузатув, ҳам зарба бериш учун фойдаланади ва анчадан бери Қора денгизда Россия денгиз кучларини кузатиб келмоқда.

«Россия самолётларининг Қора денгиз узра АҚШ самолётларини ушлаб қолиши тез-тез учраб турадиган ҳолат» деб айтган Вашингтонда журналистлар билан учрашган АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби бир самолётнинг билан бошқаси билан визуал ёки электрон алоқа ўрнатишини назарда тутиб.

Аммо бу ҳолат «анчайин хавфли ва нопрофессионал бўлгани билан диққатга сазовор», деди у.

«Халқаро ҳаво ҳудудида парвоз қилишдан олдин россияликларда қандайдир рўйхатдан ўтишимиз шарт эмас. Бундан талаб йўқ ва биз бундай қилмаймиз», деб қўшимча қилди у.

Россия мудофаа вазирлиги учувчисиз самолёт ҳалокатга учраганини рад этган.

Маънисиз провокациялар тарихи

Россия 2015 йилда президент Башар ал-Асадни қўллаб, Суриядаги фуқаролар урушига аралашганидан бери россиялик учувчилар ҳаво ҳудудида кўплаб провокацияларни амалга оширишган.

2020 йил апрел ойида иккита алоҳида ҳодисада Россиянинг Су-35 самолётлари Ўртаер денгизи узра АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг P-8A самолётини тутиб олди, юқори тезликда тўнтарилиш маневрларини амалга оширди ва АҚШнинг айғоқчи самолётига 7,5 метр масофага яқинлашди.

«Ушбу хатарли манёврлар учувчилар ва экипаж хавфсизлигига таҳдид солди», деб баёнот берган АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари.

Бир ой ўтгач, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Россиянинг иккита Су-35 самолёти 65 дақиқалик тўқнашувда Ўртаер денгизи устида ҳарбий-денгиз кучларига қарашли яна бир P-8A самолётини тутиб олганини айтди.

«Россиялик учувчилар P-8Aнинг ҳар бир қаноти олдида жуда яқин позицияни эгаллагани сабабли, тўқнашув хавфли ва нопрофессионал тус олган», дейилади хабарда.

2022 йилнинг 12-13 феврал кунлари «АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг учта P-8A самолёти Ўртаер денгизи устидаги халқаро ҳаво ҳудудида Россия самолётлари томонидан нопрофессионал тутилишга дуч келди», деб хабар берган ўшанда Пентагон.

«Ҳеч ким жабрланмаган бўлса-да, бу каби ўзаро таъсирлар нотўғри ҳисоб-китоблар ва хатоларга олиб келиши мумкин, бу эса янада хавфли оқибатларни келтириб чиқаради», дейилади баёнотда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Атайин дронни учириш учун қилинди шекилли. НАТОни ғазаблантиришини кўриш учун. НАТО тўғридан-тўғри ҳатарларни бартараф эта оладиган СИ платформаси ёрдамида ўзини ҳимоя қила оладиган янада илғор ҳарбий имконияти кучлироқ дронларга эга бўлиши керак. Ўзларини ҳимоя қилиш учун керак бўлганда тез ва шиддатли бўлишлари керак.

Жавоб бериш

Ана холос! Самолёт дрон билан тўқнашганида ичида ракеталари бўлган. Уни қаноти учи, двигатели ёки лифти билан уриб юборган. Ракеталарга жуда яқин. Бир тўда дилетантлар! Россиялик ўзини ўлдиришига сал қолибди.

Жавоб бериш

Ҳарбий ҳаракат чегарасини бузмаган ҳолда дронга зиён етказмоқчи бўлишган. Менимча, оддий гибрид уруши ҳаракати. Беларуслик чегарачилар польшалик чегарачиларга бўш ўқ отгани, россиялик махфий хизмат ходимлари эстониялик зобитни чегарада қўлга олиб Россияда жосуслик қилганда айблаганига ўхшайди. Агар бу қасос бўлса, эҳтимол ўтган ҳафта Эстония ҳаво ҳудудига учиб, вақтинча Санкт-Петербургга йўл олган Б-52 учундир. Аммо менимча, бундай бўлиши даргумон, чунки Россия носимметрик тарзда жавоб қайтариши мумкин эди ва у НАТОнинг Болтиқ денгизидаги машғулотларини ҳеч қандай провокацияларсиз доимо безовта қилиб келган.

Жавоб бериш

Бу АҚШ Украинага Москвагача уча оладиган ракеталар етказиб бериши керак дегани.

Жавоб бериш