Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоқ фаоллари Россиянинг уралсклик айирмачига бошпана берганини қораламоқда

Канат Алтинбаев

Ўтган йилнинг май ойида Уральск полицияси Россия президенти Владимир Путинни қўллаб-қувватлаган фуқароларга огоҳлантириш эълон қилган. Суратда: қозоқлар Россия империясининг рамзи сифатида қабул қиладиган георгий тасмасини олиб юрган маҳаллий аҳоли. [Лукпан Ахмедяров]

Ўтган йилнинг май ойида Уральск полицияси Россия президенти Владимир Путинни қўллаб-қувватлаган фуқароларга огоҳлантириш эълон қилган. Суратда: қозоқлар Россия империясининг рамзи сифатида қабул қиладиган георгий тасмасини олиб юрган маҳаллий аҳоли. [Лукпан Ахмедяров]

ОЛМАОТА – Қозоғистонликлар Россия ҳукуматининг сепаратизмда айбланган Қозоғистон фуқаросига бошпана бериш тўғрисидаги қарорини қораламоқда. Айрим кузатувчиларга кўра, бу Москванинг қочқин билан бир хил фикрда эканини кўрсатади.

Уралсклик Максим Яковченко Россияга қочиб кетиб, у ердан бошпана олган. Бу ҳақда феврал ойи охирида Ғарбий Қозоғистон вилояти бош прокурори ўринбосари Азамат Сатбаев маълум қилган.

Интернетга провокацион ва душманона постлар жойлаган Яковченко Қозоғистон жиноят кодексининг иккита моддаси бўйича: айирмачилик ва миллатлараро адоват қўзғашда айбланган.

Россия билан чегарадан ўнлаб километр узоқликдаги Теректи қишлоғидан чиққан 35 яшар Яковченко Россия Украинага бостириб киришидан сал аввал «ВКонтакте» (VK) ижтимоий тармоғида сепаратизм чақириқлари билан постлар ёза бошлаган.

Суратда: Денис Рудний ижтимоий тармоқларда қозоқларга қарши гап-сўзлари учун узр сўрагани акс этган видео скриншоти.

Суратда: Денис Рудний ижтимоий тармоқларда қозоқларга қарши гап-сўзлари учун узр сўрагани акс этган видео скриншоти.

2022 йил февралда Facebook саҳифасида Қозоғистон шаҳарларининг Россияга «қайтарилишини» қўллаб-қувватлаганидан сўнг Россиядан бошпана олган Қозоғистон фуқароси Максим Яковченко, 2021 йил, феврал. [Максим Яковченко/Facebook]

2022 йил февралда Facebook саҳифасида Қозоғистон шаҳарларининг Россияга «қайтарилишини» қўллаб-қувватлаганидан сўнг Россиядан бошпана олган Қозоғистон фуқароси Максим Яковченко, 2021 йил, феврал. [Максим Яковченко/Facebook]

«Уралск, Петропавловск, Павлодар ва бошқа шаҳарлар Россияга қайтариб берилиши керак», деб ёзган Яковченко 2022 йил 12 феврал куни Қозоғистон ғарби ва шимолидаги шаҳарларни назарда тутиб.

«Чунки бу ерда ҳамма нарса шунчаки вайрон қилинмоқда. Келгиндилар ҳокимият тепасида. Келгиндилар ҳамма нарсани ифлос қилиб ташлаяпти. Маймунлар ҳаммасини расво қилиб, кўчиб юришга кўниккан», деб ёзган у этник қозоқларни ва тарихда уларнинг кўчманчи бўлганини назарда тутиб.

Кейинроқ, 2022 йилда Уральск полицияси Яковченкога қарши жиноий иш очиб, уни икки модда: ҳар бири энг кўпида етти йиллик қамоқ жазосини кўзда тутувчи сепаратизм ва этник адоват қўзғашда айблаган.

Кейинчалик Яковченко бу постларни ўчириб ташлади ва ижтимоий тармоқларда унинг ҳақоратомуз изоҳлар учун узр сўраб, буни турли руҳий муаммолар билан изоҳлагани акс этган видео тарқалди.

Ҳуқуқ-тартибот органлари Яковченкодан ўзини муносиб тутиш ва шаҳардан ташқарига чиқмаслик ҳақида тилхат олиб, уни тергов изоляторига жойлаштиришмаган.

Бироқ октябр ойида у икки марта чақиртирилганига қарамай, судга бормаган. Кейинроқ, у уйи ва мол-мулкини сотиб, бир ой аввал Россияга кетгани маълум бўлган. Унга Уралск ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қидирув эълон қилинган.

Россия қонунчилигига кўра, вақтинчалик бошпана олган шахс ўз ихтиёрига қарши фуқаролиги бўлган мамлакатга қайтарилиши мумкин эмас.

Шунга қарамай, Қозоғистон ҳукумати Яковченкони экстрадиция қилиш тўғрисида Россияга сўров юбормоқчи, деди Сатбаев.

Россиянинг Яковченкони қочқин сифатида қабул қилишга асоси йўқ, чунки Қозоғистонда унинг миллати, дини ёки бошқа сабабларга кўра тазйиққа учрагани ҳақида далиллар мавжуд эмас, дейди у.

Сепаратизм кайфиятлари

Яковченконинг иши ушбу минтақада қайд этилган ягона ҳолат эмас.

Феврал ойида полиция интернетга видео жойлаган яна бир Қозоғистон фуқароси Денис Руднийни ҳибсга олган, у Уралскни «Россиянинг қадимги шаҳри», унинг қозоқ тилида сўзлашувчи аҳолисини эса «қишлоқилар» деб атаган.

У Россия Украинадан ноқонуний равишда тортиб олган Қримни Россия ҳудуди деб билишини ва агар Россия Қозоғистонда тўсатдан «махсус ҳарбий операция» бошлайдиган бўлса, русларни қўллаб-қувватлашини айтган.

Руднийни ҳибсга олган Ғарбий Қозоғистон полицияси унинг қозоқ халқидан узр сўраган видеосини тармоққа жойлаган.

Рудний бу фикрларини билдираётганида маст ҳолатда бўлганини иддао қилган.

Полицияга кўра, Рудний 2020 йил сентябр ойидан бери сепаратистик чақириқлари учун ҳибсга олинган учинчи фуқародир. Унга нисбатан адоват қўзғаш айблови билан жиноий иш очилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари бундай иғвогарларга нисбатан қаттиққўлроқ бўлиши керак, дейди «Уралская неделя» мустақил газетасининг собиқ бош муҳаррири, жамоатчилик фаоли Лукпан Аҳмедяров.

Аҳмедяровнинг сўзларига кўра, Бош прокуратура аввалига Рудний видео орқали узр сўраганидан кейин унга нисбатан қўзғатилган жиноий ишни тўхтатишга қарор қилган бўлса-да, кейинроқ бу каби безорилар жазосиз қолиши мумкинлигидан ғазабланган фаоллар, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг босими остида уни қайта тиклаган.

«Қозоғистон қонунларида кимдир омма олдида кечирим сўраганидан кейин содир этган ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарликка тортилмаслиги ҳақида ҳеч қандай банд йўқ», деди Аҳмедяров.

Репрессив таъсир

Россия ҳуқуқ-тартибот органларининг Яковченкога бошпана бериши улар унинг позициясини қўллаб-қувватлашини билдиради, дейди рўйхатга олинмаган Қозоғистон демократик партияси фаоли Айгерим Сулейманова.

«Яковченко Қозоғистоннинг бир қисмини Россияга топширишга чақирган, бизнинг мамлакатимизда бу жиноят ҳисобланади, Россия ҳукумати эса унга бошпана берди. Бу улар ҳам шундай фикрда эканини англатади», деб айтган Сулейманова Карвонсарой нашрига.

«Ҳукуматимиз тегишли хулосалар чиқариши керак», деб қўшимча қилган у.

Сўнгги йилларда Шимолий Қозоғистон вилоятини Россиянинг тарихий ҳудуди деб атаб, Қозоғистондаги русийзабон фуқароларга босим ўтказилаётгани хақида асоссиз даъволарни илгари сураётган Россия ташвиқоти минтақада анчадан бери кучли таъсирга эга.

Айкап нодавлат ташкилоти ижрочи директори Улан Шамшет Қозоғистонда Россия оммавий ахборот воситаларини тақиқлашга чақирди.

У Шимолий Қозоғистонда Кремл қўлловидаги телеканаллар орқали эфирга узатилаётган кундалик ташвиқот ҳудудда россияпарастлик кайфиятини шакллантиришга ёрдам бераётганидан шикоят қилди.

Шунингдек, Қозоғистонда икки фуқаролик тақиқланганига қарамай, минтақадаги кўпчилик ҳам Қозоғистон, ҳам Россия паспортига эга, деб айтган у.

«Қозоғистон шимолидаги аксар аҳоли Россия дунёсида яшайди, муаммо шунда», деб айтган Шамшет, Россияни миллий давлат эмас, балки цивилизация давлати деб ҳисоблайдиган ғояни назарда тутиб.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россияда қидирувда бўлганларни ҳам топшириш керак эмас.

Жавоб бериш