Карвонсарой
Сиёсат

Эронни дронлар учун бутловчи қисмлар билан таъминлаган Хитой корхоналари қора рўйхатга тушди

Карвонсарой ва AFP

2019 йил Пекинда бўлиб ўтган Хитой мудофаа ахборот қурилмалари ва технологиялари кўргазмасида FL-2 кўринмас дронини намойиш қилаётган ходим. [Ванг Жао/AFP]

2019 йил Пекинда бўлиб ўтган Хитой мудофаа ахборот қурилмалари ва технологиялари кўргазмасида FL-2 кўринмас дронини намойиш қилаётган ходим. [Ванг Жао/AFP]

9 март куни Қўшма Штатлар оммавий қирғин қуролларини тарқатиш ва уларни етказиб бериш воситаларни чеклаш чоралари доирасида Хитойнинг бешта компанияси ва бир нафар шахсни Эрондаги корхоналарни бутловчи қисмлар билан таъминлагани учун қора рўйхатга киритган.

АҚШ молия вазирлиги Хитой компанияларини Россиянинг Украинадаги ва Форс кўрфазидаги Эроннинг нефт танкерларига қилинган ҳужумларга билвосита алоқадор деб топган. Иккала ҳолатда ҳам «Шаҳед-136» дронларидан фойдаланилган.

Хитой корхоналарининг бу вазиятдаги роли унинг урушни тугатишга лаёқатли «нейтрал» воситачи даъвосига янада кўпроқ путур етказади.

Молия вазирлигига кўра, «Шаҳед-136» дронлари Эрон мудофаа вазирлиги назоратидаги Aircraft Manufacturing Industrial Co. (HESA) компанияси томонидан ишлаб чиқарилади.

Эрон томонидан Россияга сотилган «худкуш дронлар» ҳужуми натижасида уч киши ҳалок бўлиши ортидан Киевдаги Эрон элчихонаси олдида намойишга тўпланган одамлар, 17 октябр. [Сергей Чузавков/AFP]

Эрон томонидан Россияга сотилган «худкуш дронлар» ҳужуми натижасида уч киши ҳалок бўлиши ортидан Киевдаги Эрон элчихонаси олдида намойишга тўпланган одамлар, 17 октябр. [Сергей Чузавков/AFP]

Украинадаги урушда улардан кенг фойдаланган Россия октябр ойидан бери муҳим инфратузилма объектларига қарши кўп маротаба ракета ва дрон ҳужумларини амалга оширган.

Украина ҳарбий-ҳаво кучлари 6 март куни Киевда ҳаво ҳужуми сиреналарининг соатлаб янграши ортидан тунда Россия жанубидан учирилган портловчи моддаларга тўла дронларни уриб туширганини айтди.

Хабарларга кўра, Россия қуролли кучлари Киевдан шимоли-шарқдаги Брянск вилоятидан 15 та Эронда ишлаб чиқарилган «Шаҳед» дронларини учирган, шулардан 13 таси Украина қуролли кучлари томонидан уриб туширилган.

Россия шунингдек, Украинада қўлланиши мумкин бўлган худкуш дронларни етказиб бериш бўйича хитойлик ишлаб чиқарувчи билан музокара олиб бормоқда, деб хабар берган Германиянинг Der Spiegel нашри 24 феврал куни.

Нашрнинг ёзишича, Россия армияси Хитойнинг Xi'an Bingo Intelligent Aviation Technology корхонаси билан худди шундай дронларни Москва учун кенг миқёсда ишлаб чиқариш бўйича музокара олиб бораётгани ҳақида маълумотлар бор.

Хитой корхонаси 2023 йил апрел ойигача Россияга етказиб беришдан аввал 100 та ZT-180 прототип дронларини ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказишга келишиб олган, дейилади хабарда. Уларнинг ҳар бири 35 дан 50 килограммгача портловчи модда ташиш имкониятига эга.

Кейинги босқичда Bingo дронларни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқариш учун Россияга бутловчи қисмлар ва янги ишланмаларни етказишни режаламоқда.

Эроннинг харид тармоқлари

9 март куни санкциялар остига тушган тармоқ минглаб авиацион эҳтиёт қисмлар, жумладан «Шаҳед» дронларида қўлланилувчи компонентларнинг HESAга сотилиши ва етказиб берилиши учун масъул, деб айтган АҚШ Давлат департаменти котиби Энтони Блинкен.

У Қўшма Штатлар «бу саъй-ҳаракатларни тўхтатиш учун барча мавжуд воситалардан фойдаланишда давом этади» ва Эронни жавобгарликка тортади, деб ваъда берган.

Қора рўйхатга киритилган Хитой компаниялари Ханжоу, Шенчжен, Гуйлин ва Ҳонконгда жойлашган.

Хитойнинг Hangzhou Fuyang Koto Machinery Co., Ltd (Koto Machinery) компанияси ўз инфратузилмасидан фойдаланиб, Эрондаги HESAга авиа эҳтиёт қисмларини сотган ва етказиб берган, деб хабар беради молия вазирлиги.

Булар қаторида «Шаҳед» дронлари учун енгил авиадвигателлар ҳам бор.

Koto Machinery ўз фаолиятини яшириш учун Ҳонконгдаги Raven International Trade Ltd компанияси воситасида авиа эҳтиёт қисмлар учун миллионлаб доллар маблағни ўтказиб берган, дейилади хабарда.

Хитойда жойлашган Guilin Alpha Rubber & Plastics Technology Co., Ltd компанияси Эрондаги HESA компаниясига қиймати 1 миллион доллардан ортиқ минглаб аэрокосмик компонентларни сотиш ва жўнатишга кўмаклашган.

Шунингдек, Хитойнинг S&C Trade PTY Co., Ltd компанияси, унинг хитойлик ходими Юн Ся Юан ва Хитойда жойлашган Shenzhen Caspro Technology Co. ҳам санкциялар остига тушган.

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, улар қўзғалмас қанотли самолётлар, парракли учар қурилмалар ва дронлар учун минглаб аэрокосмик компонентларни Эрондаги HESAга сотиш ва жўнатишга кўмаклашган.

«Россиянинг Украинада Эронда ишлаб чиқарилган фойдаланиши натижасида Украина тинч фуқароларининг қурбон бўлишига Эрон бевосита алоқадор», деди молия вазири ўринбосари Брайан Нелсон.

«Қўшма Штатлар Россияни Украинадаги ноқонуний урушида фойдаланиш учун худкуш дронлар билан таъминловчи Эроннинг халқаро харид тармоқларини таъқиб қилишда давом этади».

«Яширин банкинг» тармоғи

Молия вазирлиги алоҳида санкция чоралари билан Эрон, Гонконг, Хитой, Дубай ва бошқа мамлакатлардаги 39 та компания ва юридик шахсларни Теҳронга қарши жорий қилинган санкцияларни бузган ҳолда Эронга нефт-кимё маҳсулотларини халқаро миқёсда сотишга ёрдам бергани учун қора рўйхатга киритди.

АҚШ молия вазирлигининг хорижий активларини назорат қилиш бошқармасининг таъкидлашича, санкция остига тушган субъектлар «яширин банкинг операциялари» тармоғини ташкил қилади.

Бу «Perfect Gulf Petrochemical Industry Commercial Co. (PGPICC) ва Triliance Petrochemical Co. Ltd. (Triliance) каби санкцияга учраган Эрон ташкилотларига халқаро молия тизимига кириш ҳуқуқини берувчи ва уларнинг чет эллик мижозлар билан савдо фаолиятини чалкаштириб юборадиган бир қанча кўп юрисдикцияли ноқонуний молия тизимларидан биридир».

PGPICC санкциялар остидаги Persian Gulf Petrochemical Industries Co. (PGPIC) Эрон нефт-кимё конгломератининг маркетинг бўлими бўлиб, ҳар йили Эрон режими учун ўнлаб миллиард доллар даромад келтиради.

АҚШ адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Эрон валюта айирбошлаш пунктлари ўзларининг эронлик мижозлари номидан савдо-сотиқни амалга ошириш учун хорижда сохта компанияларни яратадилар, бунда валюта операциялари ички реестрлар орқали амалга оширилади.

«Эрон санкцияларни четлаб ўтишнинг мураккаб тармоқларини ривожлантирмоқда, улар ёрдамида хорижий харидорлар, айирбошлаш шохобчалари ва ўнлаб сохта компаниялар биргаликда санкциялар остидаги Эрон компанияларига савдони давом эттиришга ёрдам беради», деди АҚШ адлия вазирлиги расмийси Уолли Адейемо.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500