Карвонсарой
Транспорт

Грузиядаги йўл қурилиши Россиянинг ҳарбий амбицияларига хизмат қилиши мумкин

Тенго Гоготишвили

Денгиз сатҳидан деярли 3 км баландликдаги Мамисони довони Шимолий Осетия ва Грузия чегарасида жойлашган. Россия 30 йилдан бери ишламаётган довондан ўтишга имкон берувчи йўлни қуриш билан банд. [Карвонсарой]

ТБИЛИСИ – Россияга олиб борувчи юқори ўтказувчанликка эга қатор янги йўллар, кўприклар ва туннелларнинг қурилиши Россиянинг келажакдаги ҳарбий амбицияларига хизмат қилиши эҳтимоли сабаб кўплаб грузияликларни хавотирга солмоқда.

Россия Грузиянинг 20 фоизини эгаллаб бўлган.

Ҳозирда бу икки мамлакатни фақат битта йўл – Юқори Ларс (Верхний Ларс) назорат-ўтказиш пунктидан ўтувчи Грузия ҳарбий магистрали (ГҲМ) боғлаб туради.

ГҲМ Россияни Грузияга ва Жанубий Кавказдаги асосий иттифоқчиси Арманистонга олиб кирадиган ягона дарвоза ҳисобланади.

Суратда: Чеченистондан (Россия) 2 км узоқликдаги Шатили тоғли қишлоғига олиб борадиган йўл. Йўлнинг Россия ҳарбий техникасини олиб ўтишга имкон берадиган қилиб қайта қурилаётгани Грузия қишлоғи аҳолисини хавотирга солмоқда. [iFact.ge]

Суратда: Чеченистондан (Россия) 2 км узоқликдаги Шатили тоғли қишлоғига олиб борадиган йўл. Йўлнинг Россия ҳарбий техникасини олиб ўтишга имкон берадиган қилиб қайта қурилаётгани Грузия қишлоғи аҳолисини хавотирга солмоқда. [iFact.ge]

Ларс орқали ўтадиган Квешети-Коби йўли Грузия ҳарбий магистралини (ГҲМ) яхшилаш учун мўлжалланган бўлиб, у Россиянинг Грузияга ва унинг Жанубий Кавказдаги асосий иттифоқчиси Арманистонга бирдан-бир дарвозасидир. [iFact.ge]

Ларс орқали ўтадиган Квешети-Коби йўли Грузия ҳарбий магистралини (ГҲМ) яхшилаш учун мўлжалланган бўлиб, у Россиянинг Грузияга ва унинг Жанубий Кавказдаги асосий иттифоқчиси Арманистонга бирдан-бир дарвозасидир. [iFact.ge]

Бошқа бир вариант – Россия томонидан босиб олинган Абхазия (Грузиянинг бўлгинчи вилояти) орқали ўтадиган автомобил ва темир йўли 1993 йилда Россия томонидан босиб олинганидан бери ёпилган.

Аммо ГҲМнинг сиғими ва топографияси ташувлар ҳажмига мос эмас ва ҳозирда 23 км узунликдаги айланма йўл – Квешети-Коби йўли барпо этилмоқда, у транспорт оқими ва ўтказувчанлигини яхшилайди ҳамда об-ҳаво билан боғлиқ ёпилишларни минималлаштиради.

Грузия ҳукумати, Осиё тараққиёт банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан молиялаштирилаётган 1,2 миллиард лари (466 миллион доллар) қийматидаги Квешети-Коби лойиҳаси 2021 йилда бошланган ва 2024 йилда якунланиши кутилмоқда.

Ўтган йил кузда Россия президенти Владимир Путин Украинадаги жанглар учун 300 минг кишини сафарбар қилишга буйруқ берганидан сўнг, россиялик эркакларнинг оммавий равишда Грузияга қочиши натижасида бир неча ҳафта давомида кузатилган тирбандликларда ГҲМнинг талабга жавоб бермаслиги аянчли тарзда намоён бўлган эди.

Мамисони довони

Айни пайтда Россияда Грузияга олиб борадиган бошқа йўллар қурилиши давом этмоқда.

«Биз Шимолий Осетияда... Мамисон [грузинчада Мамисони] дам олиш мажмуаси томон туннел очяпмиз. Буларнинг бари мамлакат жанубида туризм ривожига туртки беради», деган эди Путин 13 декабр кунги телемурожаатида.

«Транспорт йўлакларини барпо этиш ишлари давом эттирилиши турган гап», деб айтган Путин Россиянинг жанубий чегарасидаги янги ҳудудларнинг очилишига бағишланган мурожаатида.

«Туннел қурилиши – биринчи қадам», деди Россиянинг ички республикаси бўлган Шимолий Осетия раҳбари Сергей Меняйло. «Ҳозир биз йўлнинг навбатдаги иккита қисмини қурмоқдамиз ва Мамисон довонига етиб келдик.»

Денгиз сатҳидан деярли 3 км баландликдаги Мамисони довони Шимолий Осетия ва Грузия чегарасида жойлашган.

Google Earth иловасидан фойдаланадиган ҳар ким Россияда олиб борилаётган йўл қурилишини кўриши мумкин. Унда Россия-Грузия чегарасига туташ янги, ҳозирча тупроқли йўл кўриниб турибди.

Ушбу йўналиш Грузия чегарасидан атиги 5-8 км узоқликдаги ҳудудга олиб боради.

Мамисони довони грузинлар учун аччиқ тарихий воқеалар билан боғлиқ. 1918-1921 йилларда янги ташкил этилган Грузия республикасини тугатиш учун йўлга чиққан Қизил Армия бир асрдан кўпроқ вақт аввалроқ айнан шу ердан ўтган.

Ўша йили «босқинда иштирок этган 10-болшевиклар армиясининг бутун бригадаси Мамисони довони орқали Грузияга кирган. Ўшанда феврал, ҳаво совуқ эди», дейди тарихчи Димитрий Силакадзе Карвонсаройга.

Грузия ҳукуматининг Мамисони довони жанубидаги чегара зонасидаги фаолияти ҳам Россия манфаатларига хизмат қилмоқда.

Феврал ойи ўрталарида Рача вилоятидаги Глола ва Шови қишлоқлари аҳолиси ҳукумат уларнинг экин ерлари мақомини ўзгартирганидан хабар торди. Улар энди довонга борадиган йўл бўйида ҳатто ёғоч кулба ҳам қура олмайдилар.

Грузия бутун ҳудудни инвесторнинг шартнома назорати остига топширган. Тоғли ўрмонларда деҳқончилик учун фойдасиз 18 метр баландликдаги бетон корпуслар қуриш режалаштирилмоқда.

Чеченистонга кирувчи ва чиқувчи йўллар

Қизил Армия бир асрдан кўпроқ вақт олдин Мамисонни қишда пиёда кесиб ўтгани ҳисобга олинса, «буйруқ берилган тақдирда у замонавий транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда бошқа довонлардан ҳам ўтишга ҳаракат қилиши мумкин», деди Силакадзе.

Яна бир заиф нуқта – Грузиянинг Чеченистон (Россиянинг яна бир ички республикаси) билан чегараси, дейди у.

2012 йилда «Грузия орзуси» кремлпараст коалицияси иқтидорга келгач, «ҳукумат зудлик билан Чеченистондан 2 км узоқликдаги Шатили тоғли қишлоғига олиб борувчи йўлни қайта қуришга киришди», дейди «iFact»нинг грузиялик суриштирувчи мухбири Нанука Брегадзе.

Брегадзе бир неча йил давомида Грузия ҳукумати лойиҳаларни танлашда қайси тамойилларга таянишини ўрганишга ҳаракат қилган.

«Қишда у ерда атиги 20 га яқин одам яшайди», дейди у Шатили ҳақида.

Шу тариқа уруш учун қурилган, ҳукумат ҳали ҳам барпо этаётган магистрал маънисиз бўлиб қолмоқда.

Қишлоққа «ҳар бири 40 тонна юк кўтара оладиган улкан кўприклар» керак эмас ва улар жанговар машиналарнинг оғирлигига бардош бера оладиган даражада мустаҳкам, деди у.

Қишлоқ аҳолисидан сўрашганида, улар «мини-ГЭСни таъмирлаш ёки тез ёрдам чақириш имкони» каби оддийроқ эҳтиёжларни айтишлари мумкин эди. Лекин улардан ҳеч ким сўрагани йўқ.

Бир вақтнинг ўзида Чеченистонда чегара бўйлаб Грузияга олиб борадиган йўл қурилиши бошланган.

Чеченистон ҳукумати бу йўлни 2025 йил учун устувор вазифалардан бири деб белгилаган. Ҳисоб-китобларга кўра, унинг узунлиги 49 км бўлади, қиймати эса 165 миллион АҚШ долларига тенг.

«Россияга қарши санкциялар юк ташиш учун янги имкониятларни излашга мажбур қилмоқда», деб айтган Чеченистон бош вазири Муслим Хучиев Россия хавфсизлик кенгаши раиси Николай Патрушевга 2022 март ойида.

Грузияга олиб борувчи йўл Арманистон, Озарбайжон, Туркия ва Эронга чиқиш имкониятини беради, дейди у. «Ҳозир бу муҳимроқ.»

«Хавф доим Россиядан келган»

Брегадзе ва унинг «iFact»даги жамоадошлари бошқа чегара ҳудудларига бориб, ўз хавотирини изҳор этган аҳоли билан суҳбатлашган.

«Хавф доим Россиядан келган», дейди Россиянинг Ингушетиясидан 5 км узоқликдаги Грузиянинг Амга қишлоғидан Зелимхон Очиаурий.

«Россияга олиб борадиган йўлни истамаймиз», деб айтган у iFact жамоасига. «У томонда россияликларнинг катта ҳарбий базалари, ҳатто вертолёт ва танклари бор, деб эшитганман.»

Грузия ва Россиянинг йўл қуришга оид биргаликдаги саъй-ҳаракатлари Россиянинг Грузиядан қисман ёки бутунлай ноқонуний савдо учун транзит нуқтаси сифатида фойдаланишига йўл қўймаслик учун олиб борилган деярли ўн йиллик курашни йўққа чиқаради, деб айтган Карвонсаройга Грузиянинг Швейцариядаги собиқ элчиси Зураб Чиаберашвили.

Украинага босқин ортидан жорий қилинган Ғарб санкциялари Россиянинг экспорт ва импортига тўсқинлик қилаётган бир пайтда унинг учун катта хавф келиб чиқмоқда.

2011 йилда Россия анчадан бери Грузия қаршилигига учраб келаётган қадамни амалга ошириб, ЖСТ таркибига кирди ва тегишли келишувдаги Грузия шартларига рози бўлди, деди Чиаберашвили.

«Янги йўлларнинг очилиши Россияни ЖСТ олдидаги мажбуриятдан озод қилади», деб айтган у.

ЖСТ шартлари доирасида бўлмаган бу йўллардан «ҳар қандай, жумладан санкцияга тушган юклар» ҳам ўтиши мумкин, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500