Карвонсарой
Дипломатия

«Дунё алданмаслиги керак»: Cи Путин билан учрашди, кун тартибида – Украина бўйича тинчлик режаси

Карвонсарой

20 март куни олинган ушбу суратда Москвадаги совғалар дўконида Хитой раиси Си Цзинпин ва Россия президенти Владимир Путин тасвирланган анъанавий рус матрёшкалари акс этган. 20 март куни Москвага келган Хитой раҳбари Украина можароси бошланганидан кейинги Россияга илк давлат ташрифи икки томонлама муносабатларга «янги туртки» беришини айтган. [Наталя Колесникова/AFP]

20 март куни олинган ушбу суратда Москвадаги совғалар дўконида Хитой раиси Си Цзинпин ва Россия президенти Владимир Путин тасвирланган анъанавий рус матрёшкалари акс этган. 20 март куни Москвага келган Хитой раҳбари Украина можароси бошланганидан кейинги Россияга илк давлат ташрифи икки томонлама муносабатларга «янги туртки» беришини айтган. [Наталя Колесникова/AFP]

МОСКВА – Хитой етакчиси Си Цзинпин ва унинг россиялик ҳамкасби Владимир Путиннинг шу ҳафтадаги учрашуви ўтган йили Москванинг Украинага бостириб кириши арафасида мустаҳкамланган «чегарасиз» дўстликни тасдиқласа-да, дунё икки автократ таклиф қилган ҳар қандай сулҳдан эҳтиёт бўлиши керак, деб огоҳлантирмоқда АҚШ расмийлари.

Душанба (20 март) куни Москвада бўлиб ўтган тўрт ярим соатлик музокаралар чоғида Си ва Путин бир-бирини «азиз дўст» деб атаб, алоқаларни янада мустаҳкамлашга ваъда берди.

Си Цзинпиннинг Россияга ташрифи уч кун давом этиши кутилмоқда.

«Биз кенг қамровли стратегик ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик бўйича шерикмиз», деб айтган Си Цзинпин Россия давлат телевидениеси томонидан таржима қилинган нутқида. «Бу мақом мамлакатларимиз ўртасида яқин алоқалар бўлиши кераклигини белгилайди».

Хитой раҳбари Си Цзинпин билан Россия президенти Владимир Путиннинг Москвадаги учрашуви акс этган газеталар муқоваси, 21 март, Пекиндаги газета дўконларининг бири. [Грег Бейкер/AFP]

Хитой раҳбари Си Цзинпин билан Россия президенти Владимир Путиннинг Москвадаги учрашуви акс этган газеталар муқоваси, 21 март, Пекиндаги газета дўконларининг бири. [Грег Бейкер/AFP]

Путин Си билан Пекиннинг Украина бўйича тинчлик таклифини муҳокама қилишга тайёр эканлигини билдириб, «умумий вазифаларимиз ва мақсадларимиз кўп», деб айтган.

Аммо Си Цзинпиннинг Москвадаги «тинчлик» таклифлари Украинада Россияга ёрдам беришга қаратилган «вақтни чўзиш тактикаси» бўлиши мумкин, деб огоҳлантирди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.

«Дунё ҳамжамияти Россиянинг Хитой ёки бошқа давлат қўллаб-қувватловида урушни ўз шартларига кўра тўхтатишга қаратилган ҳар қандай тактик ҳаракатларига алданмаслиги керак», деди у душанба куни журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар «адолатли ва мустаҳкам тинчлик» учун ҳар қандай дипломатияни олқишлайди, бироқ Хитой Украина «суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини» ҳимоя қилаётганига шубҳа билдиради.

«Ушбу энг муҳим тамойилни биринчи ўринга қўймайдиган ҳар қандай режа энг яхши ҳолатда вақтни чўзиш тактикаси бўлади ёки шунчаки адолатсиз натижага кўмаклашади», деди Блинкен. «Бу конструктив дипломатия эмас.»

«Россия қўшинларини Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетишни ўз ичига олмайдиган оташкесимга чақириш, Россия босқини ратификациясини қўллаб-қувватлашдек гап.»

Россиянинг Украина ҳудудини аннексия қилишга қаратилган чоралари ва Россия ҳарбийларининг тинч аҳолига қарши давом этаётган ҳужумлари Путиннинг мустаҳкам ва узоқ муддатли тинчликдан «манфаатдор эмаслигини» исботлайди, деди Блинкен.

Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича вакили Жон Кирби ҳам Хитой ва Россиянинг Украинада ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги ҳар қандай даъватларидан огоҳ бўлишга чақирди.

«Бунинг бари... Россиянинг ҳозирги кунга қадар бўлган ишғолларини ратификация қилишдир», деди у. «Бу Путинга қайта қуролланиш, ҳозирлик кўриш ва ўзи учун қулай вақтда янги жиноятларни режалаштиришга янада кўпроқ вақт беришдан бошқа нарса эмас.»

«Масъулиятсизлик»

Си Цзинпиннинг Москвага ташрифи Халқаро жиноий суд (ХЖС) Путинни уруш жиноятларида айблаб, ҳибсга олишга ордер берганидан бир неча кун ўтиб амалга оширилган.

«Хитой Кремлни Украинага нисбатан ваҳшийликлари учун жавобгарликка тортиш масъулиятини ҳис қилмайди» ва «Россияга ўша жиноятларни содир этишда давом этиши учун дипломатик ҳимоя беришни афзал кўради», деди Блинкен.

Давлат департаменти сешанба куни бутун дунё бўйича инсон ҳуқуқлари ҳисоботини эълон қилар экан, унда ишончли хабарлар асосида Россия қуролли кучларини Украинадаги бир қанча ваҳшийликлар, жумладан «қотиллик, қийноқлар, зўравонлик ва танламай, шу қаторда тинч аҳолига нисбатан ҳужумлар содир этгани» учун қоралаган.

Ҳисобот шунингдек, Россия ҳукумати «Украинадан Россияга тинч аҳоли, жумладан ёш болаларни мажбурий депортация қилиш билан шуғулланганини таъкидлаб, ХЖСнинг Путинга қарши айбловларини ҳам тасдиқлади.

Хитойнинг ўзини Украина урушида «нейтрал» воситачи сифатида кўрсатишга уриниши ҳам танқидга сабаб бўлган.

Россиянинг Украинага ҳужум қилганига бир йил тўлиши муносабати билан Пекин барча томонларни «Россия ва Украинани бир йўналишда ҳаракат қилишда ва бевосита мулоқотни имкон қадар тиклашда қўллаб-қувватлашга» чақирувчи 12 банддан иборат ҳужжатни эълон қилди.

Хитой Украинанинг «тўлиқ суверенитетини» ҳимоя қила туриб, Россиянинг ўз қўшинисига қилган ҳужумини қораламади, Россия ташвиқотини ва уруш ҳақидаги дезинформацияни такрорлади ҳамда Кремлнинг урушни молиялаштиришига тўсқинлик қилишга қаратилган Ғарбнинг иқтисодий санкцияларига қатъиян қарши чиқди.

Хитой Россияни қўлламоқда

Бундан ташқари, Россия иқтисодиёти Ғарб санкциялари туфайли кучли босим остида қолган, ўтган йили Хитой унинг савдосини кучайтириш орқали қулашдан ҳимоя қилиб турган.

Хитойдан Москвага қурол ишлаб чиқариш учун зарур бўлган электрон чипларнинг экспорти кескин ошган бир вақтда, Россиянинг Газпром компанияси сешанба куни Хитойга Сибир қуввати қувурлари орқали газ етказиб бериш бўйича кунлик рекорд ўрнатилганини маълум қилди.

Сининг ташрифидан аввал Кремл томонидан чоп этилган мақолада Путин қувурни ўтган 100 йил ичидаги энг муҳим иқтисодий ҳамкорлик, дея эътироф этган.

2025 йилга бориб, Москва ушбу қувур орқали экспорт ҳажмини икки баробардан кўпроққа, йилига 38 миллиард куб метрга етказмоқчи, деди ўтган ой Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак.

«Россиялик раҳбарлар икки мамлакат ўртасидаги мисли кўрилмаган стратегик ҳамкорликни таъкидлашни ёқтирадилар», деб ёзган Александра Прокопенко Россия ва Евроосиё бўйича Халқаро тинчлик учун Карнеги фондининг Карнеги Политика блогида.

«Аммо аслини олганда, бу ҳамкорлик Москвани Пекинга янада қарам қилиб қўяди.»

«Хитой углеводород экспортига чегирмаларни таъминлаш ва истеъмол бозорини эгаллаш орқали Россия устидан ўсиб бораётган геоиқтисодий таъсирини монетизация қилиш билан кифояланади», деб ёзади Берлиндаги Карнеги Россия Евроосиё маркази директори Александр Габуев Economist нашрида.

«Путин режимини иқтидорда ушлаб туришда ёрдам бергани учун Хитой кўпроқ сиёсий содиқликни талаб қилиши вақт масаласидир.»

Киев яқиндан кузатмоқда

Ҳеч қандай таъсир воситасига эга бўлмаган Украина ташрифни яқиндан кузатмоқда.

«Украина жуда кам нарса: аҳвол ёмонлашмаслигини кутади», дейди Киевдаги New Europe Centre тадқиқот маркази директорининг биринчи ўринбосари Сергей Солодкий AFP нашрига.

Мавзу шунчалар нозикки, Украина ҳуқуқ тартибот органлари ташрифни очиқ шарҳлашни истамайди.

«Украина бу ташрифни яқиндан кузатади», деб айтган ўз шахсини очиқлашни истамаган юқори мартабали Украина расмийси AFP нашрига.

«Биз учун Хитой бошқа мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлигига қатъий ҳурмат сиёсатини сақлаб қолиши жуда муҳим», дейди расмийлар Россия Украинанинг беш ҳудудини аннексия қилиб олганини назарда тутиб.

Бир вақтнинг ўзида, Қўшма Штатлар Пекинни ҳужуми тўхтаб қолган Россияга қурол-аслаҳа етказиб беришда айбламоқда.

«Хитой ҳукумати Россияга ҳалокатли қурилмаларни етказиб беришига аминмиз», деб хабар берган АҚШ Марказий разведка агентлиги (МРА) раҳбари Уиллиам Бёрнс CBS News нашрига феврал ойида.

ОАВ хабарларига кўра, булар ўқ-дори ва дронларни ўз ичига олади. Хитой бу даъволарни қатъиян рад этган.

Ҳозирга қадар, фақат Эрон Москвага ҳужумчи дронлар етказиб берган, улардан хусусан, Украинанинг энергетика инфратузилмасига зарба бериш учун фойдаланилган.

Хитой компанияси аллақачон Россияга нолетал қурилмалар етказиб беради, шу билан бирга Хитой корхоналари Эроннинг дрон ишлаб чиқарувчиларига эҳтиёт қисмлари етказиб беради, деб хабар берган АҚШ расмийлари.

Қўшма Штатлар Украина армиясини қўллаб-қувватлашда давом этиб, душанба куни Украинага янги ҳарбий ёрдам сифатида 350 миллион доллар ажратилишини эълон қилди.

«Ушбу ҳарбий кўмак ичида АҚШ тақдим этган HIMARS [Юқори ҳаракатчанликдаги артиллерия ракета] тизимлари ва Украина ўз ҳимояси учун фойдаланадиган гаубицалар учун қўшимча ўқ-дорилар, шунингдек Бредли пиёда жанговар машиналари учун ўқ-дорилар, HARM [Юқори тезликдаги радиацияга қарши] ракеталари, танкка қарши қуроллар, дарё бўйидаги қайиқлар ва бошқа жиҳозлар бор», дейилади Блинкен баёнотида.

У «Украинани қўллаб-қувватлаш учун 50 та давлат бирлашганини» олқишлаган.

«Россиянинг ўзи бугуноқ урушни тугатиши мумкин», деб айтган у. «Россия шундай қилгунига қадар биз Украина халқи билан бирга бўламиз.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хитой раҳбари Си Цзинпин Россияга уч кунлик ташрифини якунлаб, чоршанба куни эрталаб Москвадан юртига жўнаб кетди. Унинг Россия президенти Владимир Путин билан музокаралари ва имзоланган ҳужжатларнинг моҳияти муҳокама мавзуига айланса-да, ҳозирдан бир қанча хулосалар чиқариш мумкин. Россия ва Хитойни ажавтовур сюрприз тайёрлаб қўйишганини тахмин қилганлар, эҳтимол, ҳаммадан кўпроқ ҳафсаласи пир бўлди. Улар Си Цзинпин айнан шу учун учинчи муддатга қайта сайланиши биланоқ Москвага югурди, деб тахмин қилишган эди. Ҳа, Хитой бутун дунё бўйлаб янада фаоллашиб, ўзининг глобал манфаатлари фақат иқтисодий эмаслигини кўрсатмоқда. Эрон ва Саудия Арабистони ўртасини тинчитиш Хитой дипломатиясининг муҳим ютуғидир. Бироқ, бу муваффақиятга «шундоқ учрашиб, гаплашиб, ярашиб олгандек» осонликча эришилмади; бу узоқ ва оғир музокаралар натижасидир. Теҳрон ва Ар-Риёд нима сабабдан бир-бирига юзлангани, қандай муросага келишиб олгани ва Пекин уларга бу борада қандай ёрдам бергани ҳақида кўпроқ маълумот зарур. Батафсил - https://www.rosbalt.ru/russia/2023/03/22/1985859.html

Жавоб бериш