Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Марказий Осиёда ХЖС ордеридан сўнг Путин билан ҳамкорликка нисбатан норозилик кучаймоқда

Канат Алтинбаев ва AFP

2022 йил 24 феврал куни Россиянинг Римдаги элчихонаси олдида Украинани қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойиш чоғида Россия президенти Владимир Путин ва Беларус президенти Александр Лукашенконинг қўшма портретини ушлаб турган аёл. «Трибунал» атамаси Путин билан бирга унинг Украинага ноқонуний босқинига кўмаклашган Лукашенкони ҳам суд қилиш зарурати билан алоқадор. [Филиппо Монтефорте/AFP]

2022 йил 24 феврал куни Россиянинг Римдаги элчихонаси олдида Украинани қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойиш чоғида Россия президенти Владимир Путин ва Беларус президенти Александр Лукашенконинг қўшма портретини ушлаб турган аёл. «Трибунал» атамаси Путин билан бирга унинг Украинага ноқонуний босқинига кўмаклашган Лукашенкони ҳам суд қилиш зарурати билан алоқадор. [Филиппо Монтефорте/AFP]

ОЛМАОТА – Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) Россия президенти Владимир Путинни Украинада содир этилган жиноятлар учун жавобгар деб тан олар экан, Марказий Осиё аҳолиси ўз ҳукуматларининг Россия билан ҳамкорлигидан тобора норози бўлиб бормоқда.

Жума (17 март) куни суд украиналик болаларни Россияга ноқонуний депортация қилиш билан боғлиқ ҳарбий жиноят айбловлари билан Путин ҳамда Россия президентининг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Львова-Беловани ҳибсга олиш учун халқаро ордер чиқарган.

ХЖСга кўра, юқорида тилга олинган жиноятлар бўйича «Путинни шахсан жиноий жавобгарликка тортиш учун жиддий асослар бор».

Бир кун аввал Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украина бўйича тергов комиссияси Россия расмийларининг украиналик болаларни депортация қилишини ҳарбий жиноят деб атаган.

17 март куни Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) Россия президенти Владимир Путинни украиналик болаларни Россияга ноқонуний депортация қилиш билан боғлиқ ҳарбий жиноятда айблаб, уни ҳибсга олишга ордер берди. [ХЖС]

17 март куни Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) Россия президенти Владимир Путинни украиналик болаларни Россияга ноқонуний депортация қилиш билан боғлиқ ҳарбий жиноятда айблаб, уни ҳибсга олишга ордер берди. [ХЖС]

Комиссия аъзолари бир неча ой давомида Украинада депортацияга оид ҳолатлар юзасидан маълумот тўплаганлар.

Уларнинг тергов натижалари бўйича ҳисоботида таъкидланишича, халқаро гуманитар қонунчиликда қуролли тўқнашув иштирокчиси томонидан болаларнинг эвакуация қилиниши тақиқланган, айрим камдан-кам ҳолатлар бундан мустасно.

Комиссия раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди собиқ судьяси Эрик Мёсенинг журналистларга айтишича, комиссия Донецк, Харков ва Херсон вилоятларидан олиб чиқилган 4-18 ёшдаги 164 нафар боланинг ишини диққат билан ўрганиб чиққан.

Украинанинг расмий статистикасига кўра, 2022 йилнинг 24 февралидан бери Россия Украинанинг ишғол қилинган ҳудудларидан 16 мингдан ортиқ ёш болаларни олиб кетган. Украина ҳуқуқ муҳофаза қилиш идоралари уларни ватанига қайтариш йўлларини изламоқда.

Украина президенти Владимир Зеленский ХЖСнинг ушбу ҳукмини «тарихий жавобгарлик бошланадиган тарихий қарор», деб номлаган.

«Бундай жиноий операцияни террорчи мамлакатнинг бош етакчисининг буйруғисиз амалга ошириш имконсиз», деб айтган Зеленский шанба куни.

«Ёш болаларни оиласидан ажратиб олиш, қариндошлари билан алоқага чиқиш имкониятини чеклаш, болаларни Россия ҳудудида яшириш, уларни узоқ жойларга юбориш – буларнинг бари аниқ давлат етакчисидан бошланган Россия давлат сиёсати, давлат қарори, ҳукуматнинг зулмидир.»

Путин учун ёмон хабар

Гаага суди қарор чиқаришидан бир неча кун аввал Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ХЖС юрисдикциясини тан олмаслигини айтиб ўтган.

Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова ордер чиқарилганидан сўнг ХЖС қарорлари Россия учун маънисиз эканлиги ва ҳибсга олиш ордерлари қонуний кучга эга эмаслигини айтди.

Шундай бўлса-да, ордер Путин ва Львова-Белова учун салбий таъсир қилади, чунки уларнинг дунё бўйлаб саёҳат қилишини жиддий чеклайди.

Даниядаги Копенгаген университетининг халқаро ҳуқуқшунос олимлари Глеб Богуш ва Кевин Жон Хеллер жума куни BBC рус хизматига берган интервьюсида халқаро қонунчилик Рим статутини ратификация қилган Халқаро судга аъзо давлатлардан ушбу ордерни ижро этишни, ўз ҳудудларига қадам қўйган гумондорларни ҳибсга олиб, судга топширишни талаб қилишини таъкидладилар.

Рим статутини 123та давлат, жумладан Венесуэла ва Тожикистон каби Россиянинг иттифоқчилари ҳам ратификация қилган.

Путин ҳибсга олиниши эҳтимоли кам бўлса-да, ХЖС қарорининг рамзийлиги муҳим, деб қўшимча қилган Богуш ва Хеллер.

Путиннинг дунё бўйлаб ҳаракатланиши анча қийинлашади, дейди Хеллер. Россия президенти энди «яккаланган мақомда» бўлади, деб қўшимча қилган у.

Путин билан алоқаларни узиш

Марказий Осиё давлатларидаги журналистлар, ҳуқуқбонлар ва фаоллар ўз ҳукуматларидан Путин билан алоқани узишга чақирмоқдалар.

«Тожикистон ҳукумати шундай қила оладими?», деб ҳазиломуз савол берган Европадаги тожикистонлик журналист Хайрулло Мирсаидов Facebook саҳифасида ХЖСнинг қарорини тилга олиб.

Мирсаидов шахсан ХЖСнинг қарорини қўллаб-қувватлайди.

«Мен ҳам Путиннинг боши ёки ҳибсга олинишига мукофот эълон қиламан!», деб ёзган у.

Инсониятга қарши жиноятларни содир этган ва бунда давом этаётган шахсга нисбатан шундай қарор қабул қилиниши тўғри, дейди ҳуқуқбон фаол ва Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация (FIDH) аъзоси, бишкеклик Толекан Исмаилова.

«Путин тажовузкор сифатида асл юзини кўрсатди ва қилган барча иши учун жавобгарликка тортилиши керак», деб айтган Исмаилова Карвонсаройга.

Бишкеклик фаол Сийимик Колбаев эса Қирғизистон ҳукуматининг Москва билан давом этаётган ҳамкорлигидан ташвишда.

«Қирғизистон халқаро миқёсда тан олинган жиноятчи билан расмий алоқани сақлаб келмоқда», деб айтган у.

«Биз учун ёмон оқибатларга олиб келмайдими?»

«Қидирувда: ўлиги ёки тириги»

Қўшни Қозоғистон ХЖС аъзоси бўлмаса ҳам, айрим фуқаролар уларнинг давлатлари ушбу ташкилотга қўшилишига умид қилишади.

Россия Ҳаага судининг сўнгги қарорини тан олиш-олмаслиги аҳамиятсиз, чунки жиноятчилар эртами-кечми жавобгарликка тортилади, деб айтган Атираудаги «Ак Жайик» нашрининг собиқ бош муҳаррири Азамат Майтанов.

«Украинага ҳужум фонида Путин билан яқин алоқаларни сақлаб қолаётганлар ўз қарорларини қайта кўриб чиқишмоқда, чунки улар харбий жиноятчи билан иттифоқчи бўлиб қолиши мумкин», деб айтган Майтанов Карвонсаройга.

Elmedia YouTube канали муҳаррири, олмаоталик Мирас Нурмуҳанбетов ҳам шундай фикрда. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ёш болаларга қарши ҳарбий жиноятлар содир этган шахс билан алоқаларни узиши керак, деб айтган у.

«Кимнидир полиция излаётганини аниқ билатуриб, у билан учрашишингизни тасаввур қилиб кўринг. Мутахассислар аллақачон Путин «халқаро миқёсда яккаланиб қолишини» башорат қилишган эди», деб ёзган Нурмуҳанбетов Facebook саҳифасида.

Қозоғистондаги ижтимоий тармоқларда сўнгги вақтларда Путин ҳақида ҳазиллар кўпайган. Улардан бирида Вагнер гуруҳи раҳбари, собиқ маҳбус Евгений Пригожин Россия президентига қамоқхонадаги ҳаётга қандай кўникиш хақидаги китобни топширмоқда.

Путинни тилга олган вақтда энди «Халқаро жиноий суд томондан қидирилмоқда» деб айтилиши керак, деб ёзган Игорь Черемних Facebook саҳифасида.

Унинг постида Россия президенти ёввойи ғарб стилидаги постерда «Қидирувда: ўлиги ёки тириги» деб ёзилган расм ҳам бўлган.

Интернет мемларидан бирида саросимада қолган, пешонасидаги терини артаётган Беларус президент Александр Лукашенко акс эттирилган ва «Бу охирги ордер эмаслигини билганингда» деб ёзилган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Украина ғалабасидан кейин дунё аввалгидек бўлмайди. Диктаторлар даври деярли тугади. Путиннинг Марказий Осиёдаги қўғирчоқларини Януковичнинг тақдири кутмоқда.

Жавоб бериш