Карвонсарой
Сиёсат

Молдова Россиянинг таъсири ва вазиятни беқарорлаштириш уринишларига қарши курашмоқда

Ольга Чепил

Молдова президенти Майя Санду тарафдорлари «Ўғри ва хоинлар қамоққа олинсин», [собиқ президент] «Додон, Шор, Марина Таубер қамоққа олинсин» деб ёзилган плакатларни ушлаб туришибди, уларнинг олдида ҳимоя каскаларини таққан Молдова полициячилари. Бу орада Молдова парламенти депутати Таубер томонидан 12 март куни Кишинёвда «Шор» мухолифат партияси номидан уюштирилган норозилик намойиши ҳам бўлиб ўтган. [Даниел Михайлеску/AFP]

Молдова президенти Майя Санду тарафдорлари «Ўғри ва хоинлар қамоққа олинсин», [собиқ президент] «Додон, Шор, Марина Таубер қамоққа олинсин» деб ёзилган плакатларни ушлаб туришибди, уларнинг олдида ҳимоя каскаларини таққан Молдова полициячилари. Бу орада Молдова парламенти депутати Таубер томонидан 12 март куни Кишинёвда «Шор» мухолифат партияси номидан уюштирилган норозилик намойиши ҳам бўлиб ўтган. [Даниел Михайлеску/AFP]

КИЕВ – Молдова президенти Майя Санду Россия таъсирини камайтиришда ва ташқи сиёсатни Ғарбга йўналтиришда давом этар экан, мамлакат тарихидаги энг шиддатли сиёсий можаролардан бири ҳали ҳам тингани йўқ.

Санду бу йўлда ўзининг қулашидан хавфсираётган россияпараст гуруҳларнинг ашаддий қаршилигига дуч келмоқда.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби 10 март куни бўлиб ўтган брифингда ушбу масалага тўхталиб ўтган.

«Молдова Европа билан интеграциялашувни давом эттирар экан, бизнинча Россия Молдова ҳукуматини заифлаштириш йўлларини кўриб чиқмоқда. Мақсад – якунда пойтахтда Россияга дўстона маъмуриятни кўриш», деди у.

Молдова президенти Майя Санду 21 ноябр куни Парижда Молдовани қўллаб-қувватлаш платформасининг 3-Вазирлар анжуманида нутқ сўзламоқда. Илгари Россиянинг таъсир доирасига кирган Молдова ҳозирда Европа билан интеграциялашувга интилувчи ҳукумат томонидан бошқарилади. [Йоан Валат/Пул/AFP]

Молдова президенти Майя Санду 21 ноябр куни Парижда Молдовани қўллаб-қувватлаш платформасининг 3-Вазирлар анжуманида нутқ сўзламоқда. Илгари Россиянинг таъсир доирасига кирган Молдова ҳозирда Европа билан интеграциялашувга интилувчи ҳукумат томонидан бошқарилади. [Йоан Валат/Пул/AFP]

Кирбининг баёнотидан икки кун ўтиб, Молдова пойтахти Кишинёвда россияпараст Шор партияси томонидан уюштирилган ҳукуматга қарши намойишлар бошланди.

Рус тилида ёзилган плакатларни кўтариб олган намойишчилар ҳукуматдан қишки мавсумдаги газ тўловлари учун компенсация талаб қилишган.

Россиялик эстрада хонандасига уйланган молдовалик миллиардер, «Шор» партияси етакчиси Илан Шор 2014 йилда Молдова банкларидан 1 миллиард доллар ўғирлаганликда айбланиб, 2017 йилда судланган эди. У 2019 йилда Исроилга қочиб кетган. Унинг фарзандлари ва рафиқаси Жасмин Россияда яшайди.

Шор ва унинг рафиқаси коррупция ва Молдова демократиясига путур етказишда Россия билан ҳамкорлик қилгани учун АҚШ санкциялари дучор бўлган.

«Шор – популистик партия. Уни россияпараст деб аташади, чунки у Россия тарафидан молиялаштирилиши аниқ», дейди Тарас Шевченко номидаги Киев Миллий университети сиёсатшуноси Валерий Гончарук.

«Молдовадаги норозилик намойишлари аҳолининг ёлланган ва маргинал қисмидан фойдаланган ҳолда уюштирилди», деди у. «Бу намойишлар ўтмишда Украинада [россияпараст] Минтақалар партияси ва [собиқ россияпараст президент] Виктор Янукович томонидан уюштирилган намойишларга жуда ўхшайди.»

«Шор партиясини қўллаб-қувватлайдиганлар кўпчилик эмас», деб қўшимча қилди у. «Улар уюшган жиноятчилик билан боғлиқ – жиноий ўтмиш ва жиноий келажакка эга одамлар.»

«Улар кўпинча Россия тарафидан [онлайн тарзда] ёлланади. Россия уларни молиялаштиради, қўллайди ва улар россияпараст ғояларни илгари суришга тайёр», дейди Гончарук.

Молдовани беқарорлаштириш бўйича махфий режа

Март ойида Yahoo News суриштирувида иштирок этган журналистлар консорциуми 2021 йилги махфий «ички стратегик ҳужжатни» қўлга киритганини маълум қилди. Унда Россия разведка идораларининг Молдовадаги вазиятни беқарорлаштириш режаси баён қилинган.

Уларнинг айтишича, режа Молдовада НАТО қўлловининг кучайишига қарши курашиш ва Кишинёвнинг Россия қўшинларини Днестрбўйидан сиқиб чиқаришга уринишларини йўққа чиқаришга қаратилган. Кремл ушбу айирмачи ҳудудни 1992 йилдан бери қўллаб-қувватлаб келади.

Бу режа Россиянинг Молдовада чуқурроқ манфаатлари борлигидан далолат беради, дейди «Украинская призма» ташқи сиёсат кенгаши ижрочи директори ўринбосари Сергей Герасимчук.

«Ҳужжат ўзига хос стратегик хусусиятга эга», деди 20 йилдан бери Молдовани ўрганаётган Герасимчук. «У узоқ йилларни кўзлаб ёзилгани кўриниб турибди.»

Ҳужжат собиқ совет давлатларида турли йўллар билан, жумладан, ғарбпараст деб ҳисобланувчи ноҳукумат ташкилотлар (ННТ) тармоғини нишонга олиш орқали Ғарбнинг таъсирига қарши курашга қаратилган, деб таъкидлади у.

«Россия бу ташкилотларга 2004 йилда кўпроқ эътибор қарата бошлади, чунки Кремл Украинадаги норинж инқилобнинг муваффақиятли ўтказилиши ортида нодавлат ташкилотлар турган, деб ҳисоблайди», деди Герасимчук.

Ҳужжат, шунингдек, Молдова деярли бутунлай қарам бўлган Россия табиий газининг нархини ошириш ва Кремлнинг аксилғарб ташвиқотини олиб борадиган Россия телеканалларидан фойдаланишга қаратилган.

«Бу режалар ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлгач, Молдова дезинформация ва Россия ташвиқоти таъсирига қарши курашувчи махсус ҳукумат идораси ташкил этилишини эълон қилди», деди Герасимчук.

Жиддий огоҳлантириш

Россия президенти Владимир Путиннинг Украинадаги асоссиз уруши бутун минтақа учун шошилинч огоҳлантириш бўлиб хизмат қилади, дейди Киевда жойлашган «Бирлашган Украина» таҳлил марказининг сиёсий таҳлилчиси Игор Петренко.

«Биз Путин постсовет маконини ҳақиқатан ҳам Россиянинг бир қисми деб ҳисоблайди, деган фикрдан келиб чиқиб ҳаракат қилишимиз керак.»

«Ўз-ўзидан маълумки, унинг «Россия ерларини бирлаштирувчи» сифатидаги асосий мақсади уларни у ёки бу шаклда Россия таркибига бирлаштириш», деб айтган у. «Бу Молдовага ҳам тааллуқли.»

«Умуман олганда, мамлакат анчадан бери, айниқса Сандунинг ҳукуматга келиши ва Молдова россияпарастликдан ғарбпарастликка ўтганидан кейин Россия ғазабига дучор бўлмоқда», деб айтган Петренко.

«Шунинг учун Путин ҳукуматни беқарорлаштириши, Сандуни ағдариб ташлаш, уни кучсизлантириш ва қўғирчоқ ҳукумат ўрнатиш учун россияпараст кучларни, Шор партияси, социалистлар ва коммунистларни сафарбар қилиши керак», деди у.

Аввал махфий бўлган ҳужжатнинг эълон қилиниши ва Россиянинг Молдовани беқарорлаштириш режалари 17 март куни «Молдова 1» телеканалининг «Bună Seara» (Хайрли оқшом) дастурида бу ҳақда гапирган Сандунинг кескин муносабатига сабаб бўлди.

«Биз Россия Молдованинг ички ишларига аралашишга уринаётганини билар эдик. Биз ташвиқот ва дезинформациядан хабардор эдик, бу ҳақда гапириб, ўзимизни ҳимоя қилишга ҳаракат қилдик», деб айтган Санду.

«Аммо биз улар (Кремл) Молдова фуқаролари томонидан демократик йўл билан сайланган Кишинёв ҳукуматини ағдаришга уринаётгани ҳақида ишончли далилларни кўрганимизда, халқ бизнинг дўстларимиз ва душманларимиз кимлигини билиши учун очиқ гапиришни бошладик», деди у.

Кремлнинг таъсир доирасига қайтиш йўқ

Кремлнинг Молдова ва Украинада Ғарб таъсирини нейтраллаштириш ҳаракатлари бу мамлакат етакчиларини «рус айиғидан» озод бўлиш мақсадини фақат кучайтирди, дейди таҳлилчилар.

«Ҳужжат очиқланганидан сўнг Санду омма олдида Молдовада унга қарши инқилоб тайёрланаётганини айтди», деди Герасимчук. «Ана шундан кейин у россияпараст сиёсий кучларга қарши уруш эълон қилди.»

«У «молдован тили» атамасини «румин тили»га ўзгартириш тўғрисидаги қонунни қўллаб-қувватлади, бу эса россияпараст кучлар ва Кремлни ғазаблантирди», деди у.

Санду ушбу қонун лойиҳасини чоршанба (22 март) куни имзолаган.

Тил муаммоси узоқ йиллардан бери тортишувга сабаб бўлган, чунки воқеликда молдован тили мавжуд эмас, молдованлар руминчада сўзлашади. Совет Иттифоқи 1940 йилда ажратиб олишидан аввал мамлакат Руминиянинг бир қисми бўлган.

Советлар тилга кирилл алифбосини жорий қилишган ва аҳолини Москвага йўналтириш учун тилни молдованча деб номлашган.

Аммо, ҳозир Кремлнинг Молдовани ўз таъсир доирасига қайтариши амримаҳол.

«Менимча, Европа Иттифоқи ва Руминия бундай бурилиш рўй бермаслиги учун Молдовани қўллаб-қувватлашга тайёр», деб айтган Петренко.

«Байден Польшага ташриф буюрганида қизиқ воқеа содир бўлди», деб қўшимча қилган у президент Байденнинг февралдаги сафарини назарда тутиб. «Санду ўша ерда эди, бу Қўшма Штатларнинг Молдовани демократик лагернинг ажралмас қисми сифатида кўришини англатади.»

«Бу Путинга ёқмайди. У назоратни қўлдан бой бераётганини билади», деб айтган Петренко. «Менимча, Молдовада бўлаётган воқеалар – Россиянинг минтақада ўз таъсирини сақлаб қолиш йўлидаги сўнгги курашларидан бири.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Сербия бош вазири ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Ивица Дачич Сербия фуқароларининг Молдовадаги вазиятни беқарорлаштиришда иштирок этгани ҳақидаги айбловларни рад этди ва буни ёлғон маълумот деб атади, деб баёнот берди Сербия ташқи ишлар вазирлиги. Молдова президенти Майя Санду мамлакатда вазиятни беқарорлаштиришга уринишлар шароитида душанба куни Молдова ахборот ва хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларига кўпроқ ваколатлар беришга чақирди. Унинг айтишича, украиналик ҳамкорлар тақдим этган материалларда Россия, Беларус, Сербия ва Черногория фуқаролари учун Молдовага қандай кириш бўйича кўрсатмалар мавжуд. «Барча давлат идоралари ушбу таҳдидларнинг олдини олиш ва вазиятни назорат қилиш устида ишламоқда», деди Санду. Киев томонидан эълон қилинган ҳужжатларда Молдовадаги вазиятни беқарорлаштириш режалари, жумладан, Сербия фуқароларининг мамлакатдаги «демократик тартибни бузишда» иштирок этаётганига ишора қилувчи далиллар ҳақида батафсил маълумот берилган, деб қўшимча қилди Санду.

Жавоб бериш