ТБИЛИСИ – Россия кўплаб мамлакатларда дезинформацияга оид саъй-ҳаракатларини кучайтирар экан, танқидий фикрлаш ва медиасаводхонликнинг аҳамияти янада ошмоқда.
Молдова ва Грузия расмийлари Россия ҳукумати ва Кремл назоратидаги ОАВ ташвиқоти кучайганидан хавотир билдирмоқда.
Молдова ҳукумати 12 март куни мамлакатнинг янги ғарбпараст ҳукуматига қарши намойишлар чоғида оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаришга ўргатилган Россия қўлловидаги ижрочи гуруҳ фитнаси фош қилинганини айтди.
«Ҳозирда Молдовага қарши бевосита ҳарбий таҳдид йўқ, лекин мамлакат хавфсизлигига таъсир этувчи бошқа турдаги хавф мавжуд – у ҳам бўлса, гибрид уруш», деди Молдова мудофаа вазири Анатоли Носатий 13 март куни AFPга берган интервьюсида.
Аксилҳукумат намойишлари кичик постсовет республикасидаги бу каби норозиликларнинг навбатдагиси бўлди.
«Жамиятимиз ичида дезинформация ва кескинлик пайдо қилиш» орқали Россия «сиёсий тартибни ўзгартиришга, вазиятни беқарорлаштиришга ва давлат ҳокимиятини ағдаришга» уринмоқда, деди Носатий.
Айни пайтда Грузиядаги Россия дезинформацияси москвапараст ҳукуматни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Грузия парламенти танқидчиларнинг «овозини ўчириш» учун ишлатиладиган Россия қонунини эслатувчи «хорижий агентлар» тўғрисидаги мунозарали қонун лойиҳасини илк бор қабул қилиши ортидан март ойида ўн минглаб грузияликлар кўчаларга чиққан.
Уч кундан сўнг депутатлар ортга чекиниб, қонун лойиҳасини рад этганлар.
Бу орада Кремл АҚШни аксилроссия кайфиятини кучайтираётганликда айблаган.
«Грузиядаги бу воқеалар хориждан уюштирилаётгани аниқ», деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 10 март куни Россия ахборот агентликлари томонидан тарқатилган баёнотда.
Унинг сўзларига кўра, намойишлардан мақсад – «Россия чегарасида муаммо келтириб чиқариш».
Дезинформация жабҳаларидаги кураш
Грузия нафақат аудиториянинг онгини заҳарлаш, балки уни чалкаштиришни мақсад қилган Россия ташвиқотининг нишони бўлиб қолмоқда.
Масалан, Грузия ҳукумати назоратидаги «Имеди» радиоси бошловчиси Лали Морошкина 6 феврал куни Туркияда содир бўлган ҳалокатли зилзиладан сўнг ушбу табиий ҳодиса ортида АҚШ тургани ҳақидаги фитна назариясини такрорлаган.
«Мен ҳеч қандай назарияни, жумладан, сунъий аралашувни ҳам рад этмаган бўлардим... Қўшма Штатлар бу уринишга қайсидир тарзда алоқадор, дейиш учун асослар бор», деди Морошкина.
Фактчекинг мутахассисларига кўра, Россияда пайдо бўлган ушбу назария Москва давлат педагогика университетининг Тарих ва сиёсат институти директори ўринбосари Владимир Шаповаловга тегишли.
Кремлнинг ташвиқот воситалари ўз мақсадларига эришиш йўлида «Грузияда пайдо бўлган» нарративларга ҳам урғу бериб келади.
Грузия бош вазири Ираклий Гарибошвили март ойида ҳукумат назоратидаги «Имеди» телеканалига берган интервьюсида Украина президенти Владимир Зеленский Россияга қарши «иккинчи фронт» очиш мақсадида Грузияга собиқ президент Михаил Саакашвилини юборганини айтган.
2004 йилдан 2013 йилгача президентлик даврида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланиб сиртдан судланган Саакашвили 2021 йилда паром орқали яширинча Украинадан Грузияга кириб келган эди. Ҳукуматга қарши оммавий намойишларга чақирганидан сўнг Грузия ҳукумати уни дарҳол ҳибсга олган.
Россиянинг RT телетармоғи Украина қўлловини заифлаштириш мақсадида бу муаммони овоза қилган.
«Грузия ҳукумати Украина учун «иккинчи фронт» очилишига йўл қўймайди» ва «Зеленский Грузияда уруш келтириб чиқаришни истамоқда» каби сарлавҳали хабарлар тарқатилган.
Сохта хабарларга қарши кураш
Грузияда медиасаводхонлик жуда паст даражада. Болгариядаги София очиқ жамият институтининг (OSIS) 2022 йилги рейтингига кўра, мамлакат бутун Европа қитъасида медиасаводхонлик бўйича охирги ўринни эгаллаган.
Энг қуйи бешликка Грузиядан ташқари Шимолий Македония, Косово, Босния-Герцеговина ва Албания ҳам кирган.
«Таълим сохта янгиликларнинг энг ёмон оқибатларига қарши «вакцина» вазифасини ўтайди», дейилади OSIS ҳисоботида.
Дезинформацияга қарши курашга ихтисослашган лойиҳалардан бири Myth Detector сайти бўлиб, у Германия Маршалл фонди/Қора денгиз халқаро ҳамкорлик ва Германия ҳамкорлиги жамғармаси кўмагида ОАВни ривожлантириш фонди (MDF) томонидан яратилган.
Бу сайт интернетдаги дезинформация ва бошқа мавзуларни аниқлашга оид маълумотларни тақдим этиш билан бирга, муайян фейк хабарларни кузатади ва фош қилади.
«Асли Грузиядан чиққан» сохта янгиликлардан ташқари, рад этилган ёлғон маълумотларнинг ортида асосан «коронавирус банандан келиб чиққани» ҳақидаги гап-сўзлардан тортиб, «Полшанинг ғарбий Украина ерларига нисбатан ҳудудий даъволари» ҳақидаги хабарларни тарқатган Россия манбалари туради.
MDF 2018 йилдан бери АҚШ элчихонаси қўлловида Грузияда медиасаводхонлиги бўйича семинарлар ўтказиб келган.
«Ҳақиқийни сохтадан ажрата билиш зарур. Бу ҳақиқатан ҳам жуда мушкул, чунки сизни чалғитмоқчи бўлаётганлар ўз ишини жуда яхши билади», деган эди АҚШнинг Грузиядаги элчиси Келли Дегнан ўтган йил август ойида шундай семинарлардан бирининг иштирокчиларига.
«Бу ерда қилаётганингиз – бунга энг яхши жавоб», деб айтган у.
Ўзгараётган тактика
«Биз Россия, Украина ва Беларус манбаларида сохта хабарлар тарқалишини кузатиб борамиз», деб айтган MDF раҳбари Тамар Кинцурашвили Карвонсарой нашрига.
«Дастлаб Россия армиясининг енгилмас экани ҳақидаги афсона таъкидланган бўлса, энди улар Ғарбдаги солиқ тўловчиларнинг Украинага юборган пуллари бошқа мақсадларга сарфланаётганига ишонтирмоқчи», деб айтган у.
«СССРнинг КГБси асос солган марказлашган ташвиқот тизими ўз тактикасини ўзгартирмоқда ва ривожланишга ҳаракат қилмоқда.»
«Бугунги кундаги асосий хабар Россия Украинага қарши эмас, балки Ғарбга қарши курашаётгани ҳақида. Бу ғоя Грузияда ҳам фаол тарғиб қилинмоқда. Ҳукумат Россия билан боғлиқ хавотирларни кучайтирмоқда», деди Кинцурашвили.
Медиасаводхонликни ошириш, фойдаланувчиларга ахборотни тўғри истеъмол қилиш ва сохта хабарларни аниқлашни ўргатиш муҳим, дейди медиа таҳлилчилар.
«Кейинги ўқув йилидан бошлаб медиасаводхонлик танлов фани сифатида миллий ўқув дастурига киритилиши кутилмоқда», деди UNICEFнинг Грузиядаги вакили Мая Курцикидзе.
«Бу жуда муҳим янгилик, аммо биз тез тарқалаётган ёлғон хабарлар ва дезинформацияга қарши кураша олишлари учун ота-оналар ва жамиятнинг бошқа гуруҳлари билан ишлашда давом этишимиз лозим», деб айтган у Карвонсарой нашрига.