Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Россияликлар бутун мамлакат бўйлаб Вагнер жангариларининг оммавий қабрлари кўпайиб бораётганидан норози

Ольга Чепил

Россиянинг Кубань шаҳридаги Вагнер гуруҳининг янги қабристони, феврал ойида Твиттерда эълон қилинган видео скриншоти.

Россиянинг Кубань шаҳридаги Вагнер гуруҳининг янги қабристони, феврал ойида Твиттерда эълон қилинган видео скриншоти.

КИЕВ – Курорт шаҳри мэрияси ва Вагнер гуруҳи асосчиси Евгений Пригожин ўртасидаги можаро ёлланма жангарилар гуруҳи берган қурбонлар сони ортиб бораётганини тасдиқлаган.

«Вагнер»нинг энг йирик қабристони жойлашган Краснодар ўлкасидаги Горячий Ключ курорт шаҳрининг мэри Сергей Белопольский шу ой бошида шаҳар жангчиларнинг оммавий қабрига айланмаслиги кераклигини таъкидлаган.

«Горячий Ключ курорт шаҳрини жангчиларнинг оммавий қабри жойлашган масканга айлантириш нотўғри экани ҳақидаги жамоатчилик фикрига қўшиламан», деб ёзган Белопольский 18 март куни Телеграмдаги каналида.

Пригожин шу куннинг ўзида Белопольскийнинг баёнотига жавоб қайтарган.

«Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин гуруҳнинг Горячий Ключ шаҳарчасидаги қабристонида, 1 январ кунги сурат. Қабристонда 21 та девор бўлиб, унинг ҳар бирида куйдирилган жасадлар қолдиқларини сақлашга мўлжалланган 42 та бўлма бор, деб хабар беради The New York Times нашри. У ерда юзлаб вагнерчилар дафн этилган ёки ҳеч бўлмаганда уларнинг исмлари битилган. [Файл]

«Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин гуруҳнинг Горячий Ключ шаҳарчасидаги қабристонида, 1 январ кунги сурат. Қабристонда 21 та девор бўлиб, унинг ҳар бирида куйдирилган жасадлар қолдиқларини сақлашга мўлжалланган 42 та бўлма бор, деб хабар беради The New York Times нашри. У ерда юзлаб вагнерчилар дафн этилган ёки ҳеч бўлмаганда уларнинг исмлари битилган. [Файл]

20 декабр куни Россиянинг Краснодар вилояти, Бакинская қишлоғидаги Вагнер гуруҳи қабристонига жасадларни олиб келаётган юк машинаси. [«Титушки в Краснодаре»/Телеграм]

20 декабр куни Россиянинг Краснодар вилояти, Бакинская қишлоғидаги Вагнер гуруҳи қабристонига жасадларни олиб келаётган юк машинаси. [«Титушки в Краснодаре»/Телеграм]

«Горячий Ключ маъмурияти сафдошларимизни дафн этишимизга қаршилик қиладиган бўлса, биз тегишли чоралар ва қарорларни қабул қиламиз», деб хабар қилди унинг матбуот хизмати Телеграмда.

Бу воқеадан сўнг шаҳар ҳокимияти таҳдидларга дуч келган.

18 март куни «Разгрузка Вагнера» Телеграм каналида жойланган видеоларнинг бирида ниқобли ва қуролланган Вагнер жангчилари Горячий Ключ шаҳри маъмуриятига ўч олиш билан таҳдид қилаётганини кўриш мумкин.

«Ҳайвонлар, бориб сенлар билан шуғулланишимизни кўрасанлар. Чунки сенлар Украина армиясидан кўра кўпроқ зарар келтирасанлар», дейди жангчилардан бири.

Горячий Ключдаги қабристон ҳаётлигида қаерга дафн этилиши кераклигини айтмаган вагнерчиларнинг сўнгги манзилидир.

«Горячий Ключдаги бу ҳудуд Пригожин бир вақтлар ўз хусусий ҳарбий компанияси учун сотиб олган ерлар бўлиб, у ерда бутхона борлигидан жуда фахрланади», дейди Россияда маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи «Қамоқдаги Россия» фонди директори Ольга Романова Карвонсаройга.

«Чарковнинг чап тарафидаги уч қаторга тизилган ёдгорликлар бор. Айнан шу ерда ёлланма аскарларнинг хоки сақланади», дейди Романова.

«Билишимча, биргина ўтган ой давомида Горячий Ключдаги қабристон ҳудуди етти баравар кенгайтирилган. У ерда тинмай янги қабрлар пайдо бўлмоқда.»

«Бу хусусий қабристон эмас, шунчаки черков учун ажратилган ер эди. Лекин, Пригожин ўз каллакесарлари ёрдамида буларни қўлга киритиб, у ерга [жасадларни] кўмишда давом этмоқда», деди Романова.

Вагнерчилар дафн этилган жойларини ўрганган Озодлик радиоси ўзбек хизмати журналисти Умидбек Бобоматовнинг сўзларига кўра, шаҳар ҳокимиятининг позицияси тушунарли. Ҳоким «шаҳарнинг қабристонга айланишини истамайман, бу курорт шаҳри. Биз жиноятчи-бандитлар дафн этилган шаҳарга айланмоқчи эмасмиз», деб айтган.

Аҳоли ва мэрнинг норозилигига қарамай, Горячий Ключда Вагнер гуруҳи жангариларини дафн этиш давом этмоқда, деди у Карвонсаройга.

«Махфий» қабристонлар

Бобоматовнинг айтишича, Горячий Ключ вагнерчилар дафн этиладиган ягона жой эмас.

Ана шундай «махфий» қабристонлардан бири Москва яқинида ҳам бор, деди у. Бобоматов ўз операторидан уни текширишни сўраган.

«Операторим Шчелково қабристонига етиб келганида, у ерда ойналари қорайтирилган машина турган эди. Унинг олдига икки киши келиб, ҳужжатларини кўрсайтишни талаб қилган. Улар ҳарбийлар бўлишган, балки хавфсизлик органларидандир», дейди у.

«Улар видеоёзувни ўчиришни талаб қилишди. Қабристон видеотасвирга олишдан қўриқланади».

Шунга қарамай, Бобоматовнинг оператори яқинда пайдо бўлган олти нафар «Вагнер» ёлланма аскарининг қабрини тасвирга олишга муваффақ бўлган, улардан тўрт нафари ўз исм-фамилиясига кўра Марказий Осиёдан бўлган: икки ўзбек, бир тожик ва бир қирғиз.

Суд протоколларини кўздан кечириш чоғида олти кишидан беш нафарининг ҳужжати аниқланди, улар Россияда жиноят содир этгани учун судлангани маълум бўлган.

«Ҳозир шуни аниқ айтишимиз мумкинки... Россия кучлари сафида жанг қилаётган осиёликларнинг аксарияти – собиқ маҳбуслар. Улар ёлланган. Улар қамоқхонада қийноққа солинадилар ва охир-оқибат қамоқхонадан кўра урушда ўлган яхшироқ эканини тушунадилар

«Аммо деярли ҳеч бир Марказий осиёлик оддий мигрант Россия сафида жанг қилиш учун урушга бормайди. Энг аввало, ҳукумат, масалан, Ўзбекистон уларга жангариликка ёлланиш оқибатлари ҳақидаги қонунни қайта-қайта эслатиб огоҳлантирмоқда», дейди Бобоматов.

Қариндошлари жасадини қабул қилишдан бош тортган Марказий осиёлик Вагнер жангарилари охир-оқибат ушбу «яширин» қабристонларга дафн этилади.

Ўзбекистондаги яқинлари марҳумнинг Украинада вафот этганини билсалар ҳам, кейинчалик ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик идоралари билан муаммога дуч келмаслик учун жасадни қабул қилишдан бош тортадилар, дейди Бобоматов.

«Тасаввур қилинг, бу – Россияда талончилик, қотиллик ёки наркотиклар сабаб қамалган, улар жуда ночор, бахтсиз оилалардан чиққан осиёлик йигитлар.»

«Марҳумни қариндошлари, масалан, Ўзбекистонга олиб келиб, дафн қиладиган бўлса, дарҳол хавфсизлик идораларидан одамлар келиб, нима учун у ерда жанг қилганини сўраб-суриштиришади. Ўзбекистондаги аксарият қариндошлар бундан қўрқиб, жасадларни қабул қилишдан бош тортишади», дейди Бобоматов.

Қабристонлар кўпайиши кутилмоқда

Краснодар ўлкаси ва Москва вилояти ҳудудидан ташқаридаги шаҳарларда ҳам вагнерчиларнинг қабристонлари пайдо бўлган.

Масалан, Екатеринбург яқинидаги аҳоли бир ҳафта давомида бир неча баравар катталашган Вагнер қабристонини пайқаб қолишган, ундаги қабрлар сони 100 га яқинлашган.

Жасадлар 25 ёшдан 50 ёшгача бўлган эркакларга тегишли бўлиб, уларнинг аксарияти қотиллик, ўғирлик ва талончиликда айбланиб қамалган.

«Ўйлайманки, бундай қабрлар бор ва бундан кейин ҳам бўлади, лекин ижтимоий тангликнинг олдини олиш учун жасадлар Россиянинг кенг ҳудуди бўйлаб тақсимланади», дейди ҳозирда Украина армиясида хизмат қилаётган сиёсатшунос Юрий Атанов Карвонсаройга.

Вагнер Бахмут яқинида катта йўқотишларга дучор бўлди, у ерда маҳкумлар тўп еми сифатида ишлатилган.

21 март куни Буюк Британия мудофаа вазирлиги томонидан Твиттерда эълон қилинган ҳарбий разведка маълумотларига кўра, олти ой олдин ёлланган маҳкумларнинг тахминан ярми Украинадаги жанговар ҳаракатларда ҳалок бўлган ёки яраланган.

Кўпчилик «Вагнер» аъзоларининг жасадлари жанг майдонидан олинмай, ўша ерда қолиб кетади.

«Ўйлашимча, вагнерчиларда ўликлар кўп. Улар бир неча ойдан бери Бахмутга ҳужум қилишмоқда ва катта йўқотишларга дучор бўлишмоқда», деди Атанов.

«У ерда профессионаллар эмас, жиноятчилар жанг қилаётгани ва уларга артиллерия етишмаётгани ҳисобга олинса, Украина Қуролли кучларини жасадлар билан тўлдириб ташлаш тактикаси олиб борилаётган кўринади».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ит итларча ўлиши керак

Жавоб бериш

Украина Россия қабристонларининг асосий ҳомийси ҳисобланади

Жавоб бериш