Карвонсарой
Иқтисодиёт

Россия автомобил етишмовчилигини Хитой ва Эроннинг сифатсиз автомашиналари билан тўлдиришга уринмоқда

Канат Алтинбаев

Хитой президенти Си Цзинпин ва Россия президенти Владимир Путин 2019 йил 5 июн кунги тақдимотда Россиянинг Тула вилоятидаги Haval автомобил заводида ишлаб чиқарилган Haval F7 йўлтанламас автомобили устида ўз дастхатини қолдирмоқда. [Максим Шипенков/Pool/AFP]

Хитой президенти Си Цзинпин ва Россия президенти Владимир Путин 2019 йил 5 июн кунги тақдимотда Россиянинг Тула вилоятидаги Haval автомобил заводида ишлаб чиқарилган Haval F7 йўлтанламас автомобили устида ўз дастхатини қолдирмоқда. [Максим Шипенков/Pool/AFP]

ОЛМАОТА – Сўнгги ойларда Россия кўчаларида Ғарб ва япон брендлари ўрнига келган Хитой автомобиллари кўплаб норозиликларни келтириб чиқараётган бўлса-да, россияликларда бошқа танлов қолмаган.

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан ўтган йилнинг баҳорида жорий этилган санкциялар сабабли автомобил ишлаб чиқарувчилари Россияни тарк эта бошлаган.

Toyota, Mercedes-Benz ва General Motors каби йирик компаниялар Россияда узоқ йиллик ишлаб чиқаришини ва маҳаллий бозорга маҳсулот етказиб беришни тўхтатган.

Уларнинг ўрнини эгаллаган Haval, Chery ва Geely каби Хитой брендлари Россияда янги автомобиллар сотувининг деярли 40 фоизини ташкил қилмоқда, 2022 йилнинг январ-феврал ойларида эса бу рақам 10 фоиздан камроқни ташкил этган, деб хабар беради Reuters жума (24 март) куни «Автостат» таҳлилий агентлиги ва PPK консалтинг компанияси маълумотларига таяниб.

Россиянинг Толятти шаҳри автосалони тураргоҳидаги LADA автомобиллари, ўтган йилнинг 1 апрелида олинган сурат. Бу шаҳар авлодлар оша мамлакатнинг энг машҳур брендларидан бирини ишлаб чиқарадиган «АвтоВАЗ»нинг синоними бўлиб келган. Аммо Украинадаги уруш сабабли Россияга нисбатан жорий қилинган Ғарб санкциялар туфайли Тольятти ва «АвтоВАЗ»ни оғир кунлар кутаётгани айтилмоқда. [Юрий Кадобнов/AFP]

Россиянинг Толятти шаҳри автосалони тураргоҳидаги LADA автомобиллари, ўтган йилнинг 1 апрелида олинган сурат. Бу шаҳар авлодлар оша мамлакатнинг энг машҳур брендларидан бирини ишлаб чиқарадиган «АвтоВАЗ»нинг синоними бўлиб келган. Аммо Украинадаги уруш сабабли Россияга нисбатан жорий қилинган Ғарб санкциялар туфайли Тольятти ва «АвтоВАЗ»ни оғир кунлар кутаётгани айтилмоқда. [Юрий Кадобнов/AFP]

Ўтган йил бошида Россия бозорининг 30% дан камроғини эгаллаган LADA ва Хитой брендларининг январ ойидаги умумий улуши 80% га яқинлашган, деди «Автостат» директори Сергей Целиков феврал ойида бўлиб ўтган автосаноат форумида.

«Ғилдиракли тобутлар»

Хитой автокомпаниялари етакчилари Россия бозорини забт этганидан нақадар мамнун эканини тасаввур қилиш қийин эмас.

Январ ойи ҳолатига кўра, уларнинг Москва бозоридаги улуши ўтган йилги 8,6% дан 59,6% гача (деярли етти баробар) ошган. Санкт-Петербургда Хитой брендлари аллақачон автомобил бозорининг 60% дан ортиғига эгалик қилмоқда.

Эҳтимол, Россияда ва бошқа мамлакатларда Хитойда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг сифати паст ва ишончсиз деган гап-сўзлар тарқалмаганида, бу ютуқлар янада кучлироқ таассурот қолдирган бўлар эди.

Россияда Хитой автомобилларини кўпинча чидамсиз корпуси ва ноқулай, шовқинли салонлари сабаб «консерва банкаси» деб аташади. Хавфсизлик даражаси паст бўлгани учун улар «ғилдиракли тобут» деган номни ҳам олган.

Россия ҳукумати ва маҳаллий дилерлар россияликларнинг Хитой автомобилларига бўлган муносабатини ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда.

Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари, собиқ президент Дмитрий Медведев Хитойга қилган сафаридан сўнг ўзининг ижобий фикрлари билан ўртоқлашган.

«Илгари уларнинг айрим моделлари устидан кулар эдик, лекин мен у ерга борганимда ўзларида ишлаб чиқарилган машинада юрдим, бошқа машиналарни ҳам кўрдим», деб айтган Медведев журналистларга жума кунги ТАСС хабарига кўра. «Очиғини айтаман: мен ҳайдаган машинанинг «Мерседес»дан кам жойи йўқ.»

«Ҳеч қачон Хитой машинасига ўтмайман»

Шундай бўлса-да, россиялик автомобил харидорларининг шубҳаларини аритиш мушкул кўринади.

«Мен исмини ҳам талаффуз қила олмайдиган янги Хитой машинасидан кўра эски «Мерседес» сотиб олишни афзал кўраман», дейди Екатеринбургда яшовчи Александр Смолин. «Мен ҳеч қачон Хитой машинасига ўтмайман».

Москвалик автомобил соҳиби Иля Корбутяк Карвонсаройга яқинда янги Chery Tiggo 7 кроссоверини ҳайдаб кўриб, ҳафсаласи пир бўлганини сўзлаб берган.

«Тасаввур қилинг, олдинги ўриндиқда кетяпсиз ва шамоллатиш функцияси ўчирилган бўлса ҳам, оёқларингизга шамол урилаётганини сезасиз», деди у «эшикдаги тирқишлар» туфайли ҳаво айланишини ҳис қилганини тушунтириб.

«Бу йўловчи салонига чанг ва чиқинди газлар киришини англатади, қишда эса бу машинага иссиқ пойафзал ва кийимда ўтирганингиз маъқул.»

У мазкур муаммони жуда оддий нуқсон – маҳкам ўрнатилмаган резина билан изоҳлади.

«Нима бўлганда ҳам бу жуда ёқимсиз», деди у. «Ишончим комилки, Хитой моделларни сотиб олганларнинг аксари турли нохуш «сюрприз»ларга дуч келиши 100% кафолатланган».

Сифати паст эканига қарамай, Хитой автомобиллари Россия бозорида Хитойдагидан икки баравар қимматга сотилмоқда – Россия етакчилик қиладиган Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги (ЕОИИ) заводлар томонидан ишлаб чиқарилган Хитой автомобиллари божхона тўловларига тортилмаслиги керак бўлса ҳам.

«Нархдаги фарқ хитойлик ишлаб чиқарувчилар ва Россия божхонасининг очкўзлиги билан изоҳланади», дейди Хитойнинг FAW ва Brilliance брендларининг Россиядаги расмий дилери – «Долавто» компаниялар гуруҳи директорлар кенгаши аъзоси Сергей Климов.

«Буни бошқа ҳеч нима билан изоҳлаб бўлмагани каби, оқлаб ҳам бўлмайди», деди у феврал ойида Autostat нашрида чоп этилган мақолада. «Улар ҳам бошқалар каби Россия автомобил бозорида юзага келган вазиятдан фойдаланмоқда.»

«Хитой ҳиди»

Шундай бўлса-да, русларнинг бошқа чораси йўққа ўхшайди. Ҳатто илгари арзон бўлган маҳаллий моделлар ҳам Хитой автомобиллари ортидан аста-секин қимматлашмоқда.

Кремл ташвиқотчилари совет давридаги «Москвич» брендининг қайта туғилиши ва Россия автосаноатининг муваффақияти сифатида реклама қилаётган «Москвич-3» кроссовери Россияда ишлаб чиқарилган машина учун мисли кўрилмаган – деярли 2 миллион рублдан (26 минг доллар) бошланувчи нархи билан мухлисларни ҳайратда қолдирган.

Автомобил бозорга биринчи марта ўтган йил ноябр ойида чиққан.

Жума куни TASS билан интервьюда ҳатто Медведев ҳам «Москвич 3» нархи «анча юқори» эканини тан олган.

Москва мэри Сергей Собянин ўтган йили октябр ойида Москвада бўлиб ўтган «Made in Russia 2022» халқаро экспорт форумида Россия машинасини эълон қилиб, истеъмолчиларда янги моделга қизиқиш уйғотган.

Аммо, «Москвич 3» Хитойнинг Jac JS4 моделининг клони бўлиб чиқди, унга фақат Москвич рамзи туширилган холос.

Европалик сафдошларидан фарқли ўлароқ, Москвич-3 «тушунарсиз матоҳдек» кўринади, деб айтган автотаҳлилчи Сергей Циганов Russian Automobile Телеграм каналида.

Янги моделни тест-драйв қилган Циганов машина ичидан «хитойча ҳид» келаётганини, рул бурчагини созлаб бўлмаслигини ва тезланиш сустлигини айтиб ўтган.

«Жуда шовқинли, жуда. Айби – шишаси ингичка, шу сабаб ташқи товушлар тўғри миянгизга кираётгандек туюлади», деб айтган Циганов.

Блогер «машинани ҳис қила олмаганини», унинг фикрича, бошқарув ва барқарорлик деярли нолга тенг эканини танқид қилган.

«Москвич қандай қилиб бу ахлатни ўн мингталаб сотмоқчи эканини тушунмаяпман», деб айтган Циганов.

Эрондан келадигани «консерва банкалари»

Россия авто бозори санкциялар остида қолган яна бир давлат – Эрон учун ҳам жозибалидир.

Эроннинг «Saipa» компанияси феврал ойида Россияга келаси уч ойда 45 мингта машина экспорт қилиш бўйича 450 миллион АҚШ долларига тенг шартномани имзолаган, деб хабар беради TASS.

«Сотувни 1 июндан бошлашни режалаштиргандик. Режага кўра, июнгача мингта машина олиб келмоқчимиз», деб айтган душанба куни Россиянинг Best-Motors компанияси директори Александр Степанов мухбирларга.

Компания камида 10 мингта машина сотишни ва биринчи йилда Россия бўйлаб 120 та дилерлик маркази очилиши режалаштирилган, деб айтган у.

Аммо Россия ва Эроннинг автомобиллар соҳасидаги ҳамкорлиги ЕОИИ қоидаларини бузиши мумкин.

«Россия автомобили» каналининг ёзишича, «Saipa» компанияси ўз машиналарини Россияда сотиш учун уларни Беларусда сертификатлаганини даъво қилса-да, тегишли маълумотлар базасида бундай сертификатлар ҳақида маълумот топилмаган.

«Гап шундаки, Беларусда машиналар учун краш-тестлар ўтказа оладиган лаборатория мавжуд эмас... Бу машиналарнинг техник регламентга мувофиқлиги текширилмаган», деб ёзади Циганов.

Ҳақиқатан ҳам шундай бўлиб чиқса, Россия бозори бу сафар эронлик «консерва банкаларга» тўлиб кетади.

Россия автосаноатини сифатнинг пасайиши ва илғор ишлаб чиқариш технологиялари ривожининг секинлашуви билан боғлиқ оғир кунлар кутмоқда, дейди Қозоғистон Миллий тадбиркорлар палатаси аъзоси остонадик Ермек Сиздиков.

«Россия Совет Иттифоқи инқирозидан кейин деярли барбод бўлган ўз автосаноатини янгидан тиклашга ҳаракат қилиши аниқ», деб айтган у.

«Аммо, мен бунинг истиқболини кўрмаяпман», деб қўшимча қилган Сиздиков.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Мақоладан рашкнинг ҳиди келяпти

Жавоб бериш

Эроннинг машиналари қадрсиз

Жавоб бериш