Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Яқин Шарқ ва Украинага ҳужумларда аслида «Эронда ишлаб ишлаб чиқарилган» дронлар қўлланилмоқда

Карвонсарой

Саудия Арабистонида топилган ракета компоненти акс этган плакат 2017 йилда Эроннинг Shahid Bagheri Industries компанияси ва логотипини фош этган. [Жим Уотсон/AFP]

Саудия Арабистонида топилган ракета компоненти акс этган плакат 2017 йилда Эроннинг Shahid Bagheri Industries компанияси ва логотипини фош этган. [Жим Уотсон/AFP]

Гарчи Эрон ўз ишончли вакиллари ва иттифоқчилари тарафидан Яқин Шарқ ва Украинада ҳужумлар уюштиришда фойдаланган дронларни ишлаб чиқаргани ва экспорт қилганини яширишга уринган бўлса-да, суд экспертизаси Ислом Республикасининг «бармоқ изларини» фош қилган.

Буюк Британиянинг мудофаа ва хавфсизлик таҳлил маркази – Бирлашган хизматлар қироллик институти (RUSI) 13 январ кунги ҳисоботида Эронни минтақа ва ундан ташқаридаги дрон ҳужумлари билан боғловчи далилларни тақдим этди.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2019 йил сентябрда Саудия Арабистонидаги Абқайқ ва Хурайс нефт иншоотларига келиб тушган дрон қолдиқлари илк марта саудияликлар «номаълум делта қанотли дрон» деб таърифлаган учоқни фош этган.

Эрон одатда ўз дронларини ҳарбий парадлар ва кўргазмаларда намойиш қилса-да, RUSIнинг қайд этишича, бу модел ҳужумдан олдин намойиш этилмаган, «ҳужумдан кейин ҳам анча вақт кўрсатилмаган».

Исроилга алоқадор MT Mercer Street танкери Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра порти яқинида, 2021 йил 3 август. 29 июл куни Уммон яқинидаги дрон ҳужуми оқибатида экипажнинг икки аъзоси ҳалок бўлди, бу ишда Эрон айбланган. [Карим Соҳиб/AFP]

Исроилга алоқадор MT Mercer Street танкери Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра порти яқинида, 2021 йил 3 август. 29 июл куни Уммон яқинидаги дрон ҳужуми оқибатида экипажнинг икки аъзоси ҳалок бўлди, бу ишда Эрон айбланган. [Карим Соҳиб/AFP]

Аммо беш йил аввал, 2014 йил декабр ойида Эроннинг «Машриқ» ахборот агентлиги худкушлик миссияларида ишлатилиши мумкин бўлган 10 турдаги учувчисиз учар қурилмаларни намойиш этди, улардан бири «Тўфон» деб номланган, деб ёзади RUSI.

«Тўфон»нинг тавсифи «2019 йилда Саудия Арабистонида топилган қурилмага жуда ўхшаш делта қанотли дрон тасвири» билан бирга келтирилган.

«Эътиборлиси, Эрон «Тўфон»ни бошқа ҳеч қачон намойиш этмаган.»

Ҳисоботда айтилишича, «Тўфон» Саудия Арабистони ҳужумларида қўлланилган қуролнинг яратилишига асос бўлган ва Эрон ўзининг Ямандаги изларини яшириш учун унинг адаптацияси ва имкониятларини сир тутган бўлиши мумкин.

Бўёқ остидаги эронлик

Эрон хусийларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва уларни «қироллик ҳудудидаги Саудия Арабистонининг ҳарбий, саноат ва фуқаролик инфратузилмаларига ҳужумда фойдаланиладиган ракеталар, снарядлар ва дронлар» билан таъминлайди», дейилади RUSI ҳисоботида.

Аммо БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2015-йилги резолюцияси Ямандаги можародаги барча томонларга қурол-яроғ етказиб беришни тақиқлагани сабабли, «эронликлар хусийларнинг барча ракеталари ва дронлари ўзларида ишлаб чиқарилган деган гапни ўйлаб топган».

«Бу уйдирмани ҳимоя қилиш учун яширинча хусийларга етказиб берилган Эрон баллистик ракеталарининг номи ўзгартирилган ва қайтадан бўялган», дейилади RUSI хабарида. Саудия Арабистонига зарба бераётган дронлар эса «камдан-кам ҳолларда Эрон рангларида кўрсатилади ёки Эрон қуролли кучлари томонидан қўлланилади».

2021 йил июл ойида Mercer Street танкери ҳужумга учрагач, кемада топилган дрон қолдиқларининг текшируви натижасида «у 2019 йил сентябрда Саудия Арабистонига ҳужумда қўлланилган «номаълум делта қанотли дрон» билан бир хил эканлиги аниқланди», дейилади ҳисоботда.

Номаълум дрон 2021 йил сентябрда Исроил томонидан «Шаҳед-136» сифатида «фош этилган» ва кўп ўтмай Эрон ҳам уни тан олган.

RUSIга кўра, аслида «Шаҳед-136» 2019 йилда Саудия Арабистонига ҳужумда фойдаланилган, ҳозирда «Шаҳед-131» деб аталувчи кичикроқ қуролнинг такомиллаштирилган версиясидир.

2022 йил сентябр ойида Украинада Эрон томонидан лойиҳаланган ва ишлаб чиқарилган уч хил дрон: «Шаҳед-131», «Шаҳед-136» ва «Муҳожир-6» топилган бўлиб, «Эрон уларни қурол кўргазмалари ва ҳарбий машғулотларда намойиш этиб туради».

Эрон дастлаб Россияга дронлар етказиб берганини рад этган, руслар уларни қайтадан бўяб, номини «Шаҳед 131-136», «Геран 1-2» (Атиршох) деб ўзгартиришган.

Эроннинг дрон саноати

Iran Primer маълумотларига кўра, Эрон дронларининг аксарияти мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган, аммо янги далилларга кўра, уларнинг бутловчи қисмлари «кулранг бозорда ёки яширинча сотиб олинган» бўлиши мумкин.

RUSIга кўра, «Шаҳед» туркумидаги дронлар Исфаҳон яқинидаги Shahed Aviation Industries тадқиқот маркази томонидан лойиҳалаштирилган ва бош қароргоҳи Теҳронда жойлашган Iran Aircraft Manufacturing Industrial Co. (HESA) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.

АҚШ адлия вазирлигига кўра, Эрон мудофаа вазирлиги тасарруфидаги HESA АҚШ санкциялари остига тушган.

Шунингдек, Исфаҳонда Эроннинг ракета ишлаб чиқариш, тадқиқотлар ва ишланмалар бўйича йирик маркази ҳамда Хитой томонидан кўп йиллар аввал етказиб берилган тўртта кичик ядровий тадқиқот объекти жойлашган, деб хабар беради New York Times (NYT) 29 январ куни.

Январ ойидаги портлашлар натижасида «афтидан, бутун Яқин Шарқ ва Украинадаги Россия кучлари томонидан қўлланилган дронлар ва ракеталар ишлаб чиқариш маркази деб ҳисобланган [Исфахондаги] ҳарбий саноат мажмуасига зарар етган», деб хабар беради The Guardian.

Эроннинг IRNA янгиликлар агентлиги бу иншоотнинг ўқ-дори заводи эканлигини даъво қилган, аммо «Эрон нима сабабдан аҳолиси деярли икки миллионга яқин шаҳарнинг ўртасида ўқ-дори заводини қургани номаълум», деб ёзади NYT.

Эроннинг ғарбий қисмида жойлашган Керманшоҳда харбий дронларни ишлаб чиқариш бўйича мамлакатнинг асосий заводи ва омбори мавжуд.

Яқин Шарқ институти (MEI) маълумотларига кўра, мамлакат шимоли-ғарбидаги Табриз шаҳрида ҳам дрон заводи мавжуд, Теҳрондан жануби-шарқда жойлашган Парчин эса ҳарбий мажмуаси дронлар, ракета ва ядро технологияларини ишлаб чиқаради.

Феврал ойида Эрон ҳарбий ҳаво кучлари (Artesh) жойлашуви очиқланмаган юзлаб метр чуқурликдаги ер ости базаси ҳақида хабар берган.

«Eagle 44» базасида жанговар самолётлар ва дронлар жойлашган бўлиб, «кўп сонли қирувчиларни қўллаб-қувватлаш учун зарур жиҳозларга эга», деб хабар берган Эрон давлат оммавий ахборот воситаси.

Экспорт ва хориждаги ишлаб чиқариш

Эрон қуролли кучлари штаби бошлиғи, генерал майор Муҳаммад Бағирий ўтган ой тафсилотларни очиқламай Эрон ҳарбий қуролларининг «бир қатор» мижозлари борлигини айтди, деб маълумот берган Ислом инқилоби посбонлари корпусига (ИИПК) алоқадор Tasnim News феврал ойида.

Эрон ва Россия ўртасида Россиянинг Елабуга шаҳрида дрон ишлаб чиқариш заводини барпо этишга оид келишувни имзоланган. Бу ерда олти мингта илғор «Шаҳед-136» дронлари ишлаб чиқарилади, деб хабар берган Wall Street Journal (WSJ) нашри ва Эрон ОАВ.

Эрон делегацияси шаҳарга 5 январ куни ташриф буюрган ва дрон ишлаб чиқариш иншооти қуриладиган «бўш жойни» кўздан кечирган.

2022 йил 17 май куни Эрон қўшни Тожикистонда дрон заводини ишга туширди», дейилади 2022 йил 3 июндаги MEI ҳисоботида.

«Завод Эроннинг хориждаги биринчи дрон ишлаб чиқариш иншооти бўлиб, разведка, жанговар ва худкушлик имкониятларига эга кўп вазифали «Абобил-2» дронларини ишлаб чиқаради ва экспорт қилади», дейилади унда.

«Душанбе билан алоқаларни кучайтиришдан ташқари, Эрон Тожикистон ва АҚШнинг санкциялари остида бўлмаган бошқа мамлакатларга дрон экспортини ошириш учун завод қурган», дейилади ҳисоботда.

Иброҳим Раисий 2021йил август ойида ҳукуматга келганидан кейин Эрон «ўзининг квазидавлатлар ёки давлат бўлмаган ҳамкорлари, минтақадаги ишончли вакилларидан ташқари ўз дронлари учун харидор излаган» деб хабар беради MEI.

У Венесуэлага «Муҳожир-6» кузатув ва жанговар дрони технологиясини топширган ва Эфиопияга иккита «Муҳожир-6» дронини етказиб берган.

Карнеги жамғармасининг 26 октябр кунги ҳисоботига кўра, Эрон экспортдан жиддий манфаатдор эканлигига қарамай, «ўз қуролларини Эфиопия, Судан, Тожикистон ва Венесуэла каби бир нечтагина давлатга оз миқдорда сота олди, холос».

«Шаҳид ва Муҳожир дронларининг жойлаштирилиши Эронга ташвиқот имкониятини берган», дейилади ҳисоботда ИИПК ижтимоий тармоқлари аккаунтлари Киевдаги дрон ҳужумларининг видеоларини эълон қилганига ишора қилиб.

Ҳамманинг диққати Россияга қаратилганида «Эроннинг қуроллари қимматли эътибор ва потенциал мижозлар, айниқса, бундай қуролларни қийинчилик билан сотиб олаётган яккамохов режимлар ва санкцияга учраган давлатлар эътиборини тортган», дейилади хабарда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500