Карвонсарой
Дипломатия

Россия элитаси учинчи давлат фуқаролигини олиш учун Қирғизистондан трамплин сифатида фойдаланмоқда

Канат Алтинбаев

Россия босқинидан бир йил ўтиб, 24 феврал куни Украинанинг Бишкекдаги элчихонаси олдида Украинани қўллаб-қувватлаш учун митингга йиғилган қирғизистонлик фаоллар. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Россия босқинидан бир йил ўтиб, 24 феврал куни Украинанинг Бишкекдаги элчихонаси олдида Украинани қўллаб-қувватлаш учун митингга йиғилган қирғизистонлик фаоллар. [Вячеслав Оселедко/AFP]

БИШКЕК – Қирғизистон аҳолиси Россиядан қочган элита вакилларнинг мисли кўрилмаган даражада фуқароликка қабул қилинаётгани мамлакатга салбий таъсир кўрсатиши, жумладан, иккинчи даражали санкциялар хавфини пайдо қилиши мумкинлигидан хавотирда.

Ўтган йили Украинага бостириб кирганидан кейин Россияга жорий қилинган халқаро санкциялардан қочишга ёрдам берган давлатларнинг ўзи ҳам санкцияга дучор бўлиш хавфи остида қолган.

Бадавлат ва нуфузли россияликлар орасида Қирғизистон фуқаролиги ҳеч қачон бу қадар оммалашмаган эди.

Бугун ўнлаб россиялик сиёсатчилари, собиқ юқори мартабали амалдорлар, уларнинг қариндошлари ва бизнесменлар Қирғизистонни яхши кўргани учун эмас, балки учинчи давлат фуқаролигини қўлга киритиш илинжида Қирғизистон паспортини олмоқда, дейди кузатувчилар.

Қирғизистон паспорти, санасиз сурат. Руслар ўз алоқаларини ишга солиб, ҳийла-найранг йўли билан учинчи давлат паспортини олиш учун Қирғизистондан фойдаланмоқчи бўлаётгани кўплаб қирғизларни хавотирга солмоқда. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Қирғизистон паспорти, санасиз сурат. Руслар ўз алоқаларини ишга солиб, ҳийла-найранг йўли билан учинчи давлат паспортини олиш учун Қирғизистондан фойдаланмоқчи бўлаётгани кўплаб қирғизларни хавотирга солмоқда. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Ҳозиргача бир қатор кўзга кўринган россияликлар Қирғизистон фуқаролигини олган бўлиб, уларнинг рўйхати Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг ўтган йил октябр ойидаги 359-сонли фармонига киритилган, деб ёзади The Moscow Times нашри 25 март куни.

Унга кўра, янги фуқароларнинг тўлиқ исм-шарифи, таваллуд санаси ва жойи машҳур россияликларники билан бир хил.

Улар орасида Твер вилоятининг собиқ губернатори Дмитрий Зеленин, Россия ҳукуматининг мамлакат олий суд инстанцияларидаги вакили Михаил Баршчевскийнинг қизи Наталя Баршчевская, Bitzlato криптобиржаси ҳаммуассиси Антон Шкуренко ва «Ароматный мир» спиртли ичимликлар дўконлари тармоғи эгаси Валерий Задориннинг ўғиллари Александр ва Михаил Задоринлар бор.

«Москваликлар шоша-пиша Қирғизистон паспортларини ола бошладилар», деб ёзади The Moscow Times. Жапаровнинг фармонида Қирғизистон фуқаролигини олган 50 га яқин москвалик ва Россиянинг бошқа минтақаларидан яна шунча одамнинг рўйхати келтирилган.

Кузатувчилар Қирғизистон паспортига талабнинг кескин кучайишини ҳозирда «яккамохов» давлат бўлиб қолаётган Россиядаги бадавлат фуқароларнинг учинчи давлат паспортини олишга иштиёқманд экани билан боғлашмоқда.

«Z ҳаёт»дан қочиш

Россия элитаси Қирғизистондан дунёга чиқиш учун қонуний йўл сифатида фойдаланмоқда, дейди Россиядаги Transparency International ташкилоти директори Илья Шуманов.

«Улар Қирғизистонни иккинчи паспорт олишда ёрдам берадиган юрисдикциялардан бири сифатида танлаган», деди Шуманов 27 март куни Озод Европа/Озодлик радиосининг қирғиз хизмати билан суҳбатда.

«Шу тариқа, бу иккинчи паспорт дунё бўйлаб саёҳат қилиш ва бизнес юритишдаги чекловларни олиб ташлайди. Бундан ташқари, у банк қонунчилигига риоя қилишни ҳам соддалаштиради», деди у. «Умуман, бу ҳар қандайнинг одамнинг ҳаётини осонлаштиради.»

Аммо Қирғизистон россияликларга паспорт бериш орқали маълум хавф-хатарларга дуч келади, чунки бу схемадан жиноятчилар ҳам фойдаланиши мумкин, деб огоҳлантирди Шуманов.

«Яқинда АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари пул ювиш билан шуғулланган Bitzlato криптобиржасини фош қилишди. Қирғизистон паспортини олувчилар орасида ушбу биржа асосчиларидан бири ҳам зикр қилинган», деди Шуманов Шкуренкони назарда тутиб.

Қирғизистонга қочганлар орасида москвалик молиячи Михаил Жуховицкий ҳам бор.

Ўтган йилнинг ноябр ойида у Facebook тармоғида тинч ҳаёт кечираётгани, тоғларда сайр қилаётгани ва тўғридан-тўғри фермадан сотиб олинган маҳсулотларни истеъмол қилаётгани билан мақтанган эди. Шунингдек, у ўз алоқаларини ишга солиб, ўнлаб бошқа россияликларга Қирғизистон паспортини олишга ёрдам берганини айтган.

«Яқин йилларда Россия Федерациясида ҳаётнинг ҳар бир соҳаси уруш ҳолатида бўлишини тушуниб турибман», деб ёзган Жуховицкий. «Ҳозирча сақланиб қолаётган эркинликлар бутунлай йўқ бўлиб кетади. Бу ҳам етмагандек, юмор бўлмайди. Ҳазиллашиш хавфли бўлиб қолди. Бу «Z life» бўлади».

Жуховицкий нафақат ўз ватандошларининг кўпчилиги нима учун Россияни тарк этаётганини, балки Қирғизистон фуқаролигини олаётганининг асл сабабларини ҳам айтиб ўтган.

«Сиз ё бир неча ойдан кейин инвестиция учун фуқаролик дастури тугайдиган Туркиядан фуқаролик сотиб оласиз ёки Марказий Осиё паспортини оласиз. Кейин у ердан бирор орол давлатнинг фуқаролигини сотиб олишингиз мумкин», деб ёзган у март ойи охирида Facebook тармоғида русларга мурожаат қилиб.

Жамоатчилик ғазаби ва хавотири

Уруш бошланганидан бери Қирғизистон паспортини олишни истаган россияликлар сони сезиларли даражада ошди.

2022 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 1631 нафар Россия фуқароси Қирғизистон фуқаролигини олиш учун ариза берган бўлса, 2021 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 385 нафарни ташкил этди. Бу ҳақда ўтган йил октябр ойида Қирғизистон Рақамли тараққиёт вазирлигининг фуқаролик ва иммиграция департаменти директори Назгул Абакова Kaktus.media нашрига маълум қилган эди.

Аммо Россиядаги Transparency International ташкилотига кўра. Қирғизистоннинг Россия «казо-казо»ларини фуқароликка қабул қилишида коррупция унсури мавжуд.

Қирғизистон ҳукумати бу иддаоларнинг бирортасига изоҳ бермаган бўлса-да, бу хабар жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари санкцияга учраган Россия элитасининг Қирғизистондан ўз мақсадлари йўлида фойдаланаётгани ва мамлакатни иккиламчи санкциялар хавфига дучор қилаётганидан норозилик билдирганлар.

Бишкеклик фаол Сиймик Колбаев чет эл фуқаролигини излаётган россияликларнинг иккиюзламачилигини танқид қилди.

«Улар ўтган йиллар давомида [Россия президенти Владимир] Путин режимини қўллаб-қувватлаб келишди. Унинг диссидентларни таъқиб қилишини ва ўз мамлакати фуқароларининг ҳуқуқларини поймол қилишини хотиржам қабул қилишди», деди у Карвонсаройга. «Аммо энди, ўзларида муаммо пайдо бўла бошлаганида, мамлакатдан қочиб кетишяпти.»

«Уларда ўз юрти фаровонлиги учун курашиш қатъияти йўқ», дейди у. «Улар шунчаки қўрқоқ».

Бишкекдаги MEXT Alumni KG нодавлат ташкилоти ходими Олтинбек Баяли Россиянинг Қалмоғистонидан бўлган икки танишининг ҳикоясини келтириб, паспортга оид янгиликлар ҳақидаги постга изоҳ ёзган.

Уларнинг Қирғизистон паспортини олиш бўйича аризалари ҳар бири 20 минг доллар тўлаганидан кейин кўриб чиқилган, деб айтган у тасдиқловчи далиллар келтирмай.

«Санкциялар томон»

Facebook ижтимоий тармоғининг айрим қирғизистонлик фойдаланувчилари руслар ҳам Россия фуқаролигини олишга интилувчи марказий осиёликларнинг кечинмаларини ҳис қилиб кўришини истайди.

Бишкеклик Улан Жумаков россиялик амалдорлар ва бизнес эгаларига одам иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) ёки ОИТС текширувидан ўтишни, бармоқ изларини топшириш ва қирғиз тили имтиҳонидан ўтишни таклиф қилган.

Бошқалар, жумладан қаердан эканлигини айтмаган Оқилбек Шералиев россияликларнинг Қирғизистон паспортини олиши – Ғарб давлатларининг қирғизистонлик талабгорларга уларни «россияпараст» деб ҳисоблаб, виза беришни тўхтатишига таъсир қилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

«Тўғри санкцияларга қараб кетяпмиз», деб ёзади Евроосиё халқаро архитектура академияси профессори, бишкеклик Ойгул Насирдинова.

«Бу борада нимадир қилишимиз керак», дейди бишкеклик Елена Чайковская.

Кўплаб бишкекликлар қатори, иқтисодчи Элмира Суранчиева ҳам Россия фуқароларига Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга ёрдам бериш Қирғизистон учун салбий оқибатларга олиб келишидан хавфсирамоқда.

«Албатта, биз қизил чизиқни босиб ўтаётганимиз йўқ – ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган маҳсулотларни қайта экспорт қилмаймиз, бироқ агар янгиликларда бизни Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бераётган давлат сифатида кўрсатишаётган бўлса, бунинг оқибати яхши бўлмаслиги аниқ», деди у Карвонсаройга.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500