Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Америкалик журналистнинг ҳибсга олиниши Россия ва Марказий Осиёлик журналистларнинг ғазабини келтирди

Канат Алтинбаев

Россияда Вашингтон фойдасига жосуслик қилишда гумонланиб ҳибсга олинган Wall Street Journal журналисти, америкалик Эван Гершкович 30 март куни Москванинг Лефортово туман судидан олиб чиқилмоқда. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

Россияда Вашингтон фойдасига жосуслик қилишда гумонланиб ҳибсга олинган Wall Street Journal журналисти, америкалик Эван Гершкович 30 март куни Москванинг Лефортово туман судидан олиб чиқилмоқда. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

ОЛМАОТА – Россия ва Марказий Осиёдаги мустақил журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари яқинда Wall Street Journal (WSJ) мухбирининг Москва томонидан ҳибсга олинишини кескин қоралаб, буни инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши сифатида баҳоладилар.

Бу воқеа, шунингдек, Россияда суриштирувчи журналистлар ва мустақил журналистикага нисбатан хавф-хатарлар ортиб бораётгани ҳақида мунозараларни келтириб чиқарган.

29 март куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) Екатеринбургда АҚШ фуқароси, WSJнинг Москвадаги офиси мухбири 31 ёшли Эван Гершковични ҳибсга олган.

ФСБнинг иддаосича, Гершкович Россия ҳарбий-саноат мажмуасига қарашли корхоналарнинг бири ҳақида махфий маълумотлар тўплаётган бўлган.

Журналист Эван Гершковичнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги сурати (санаси номаълум). У Совуқ урушдан кейин Россияда жосусликда айбланган биринчи америкалик журналистга айланди. [AFP]

Журналист Эван Гершковичнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги сурати (санаси номаълум). У Совуқ урушдан кейин Россияда жосусликда айбланган биринчи америкалик журналистга айланди. [AFP]

«ФСБ Гершковични ўз мамлакати манфаатларини кўзлаб жосуслик қилишда айблаган. У барча айбловларни қатъиян рад этиб, Россияда журналистик фаолият билан шуғулланганини айтмоқда», деб хабар берган 7 апрел куни Россиянинг ТАСС давлат ахборот агентлиги ФСБ вакилининг сўзларидан иқтибос келтириб.

Гершкович 29 майга қадар Лефортово қамоқхонасидаги тергов изоляторида сақланади.

Келаси сешанба (18 апрел) куни Москва суди унинг адвокатлари томонидан берилган апелляция шикоятини кўриб чиқади, деб хабар бермоқда Россия давлат ОАВ судга таяниб.

WSJ мухбирга қўйилган жосуслик айбловларини рад этиб, уни зудлик билан озодликка чиқаришни талаб қилган.

Журналистика жосуслик эмас

Гершкович келиб чиқиши СССРлик яҳудий эмигрантларнинг америкалик ўғлидир.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотларига кўра, Россия Совуқ урушдан сўнг илк марта америкалик журналистни жосусликда айбламоқда.

Бундай ҳолат охирги марта 1986 йилда юз берган – ўшанда КГБ US News & World Report мухбири Николас Данилоффни ҳибсга олган эди. У жосусликда айбланиб, ўша пайтда КГБга қарашли бўлган Лефортово қамоқхонасига олиб борилган ва у ерда тахминан бир ой ушлаб турилган.

Ҳозир 88 ёшда ва нафақада бўлган Данилофф Гершковични қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Бу қийин вазият», деб айтган чоршанба куни фахрий мухбир Америка Овози (VOA) хабарига кўра.

«Журналистларни жосусликда айблаш жуда осон, чунки айрим ишлар жуда ўхшаш», деди Данилофф «Америка Овози» билан суҳбатда. «Маълумотни, хусусан, кўпчиликка маълум бўлмаган маълумотларни қўлга жосусликка ўхшаб кўринади, гарчи ундай бўлмаса ҳам.»

Россияда мустақил журналистика тобора хавфли бўлиб бормоқда, чунки Кремл ҳатто маҳаллий журналистларнинг нарративини ҳам назорат қилишга уриняпти.

Иш берувчининг сўзларига кўра, беш ярим йил олдин Россияга келган Гершкович хавфдан хабардор бўлса-да, ўз ишини бажаришда қатъиятли бўлган.

«Россиядаги журналистика энди сиз билган одамларнинг узоқ йилларга қамалиб кетиши билан боғлиқ одатий амалиётга айланди», деб ёзган эди у июл ойида Твиттерда.

АҚШ президенти Жо Байден сешанба куни Гершковичнинг Россия томонидан жосусликда айбланиб қамоққа олинишини «мутлақо ноқонуний» деб атади ва журналистнинг оиласига уни озодликка чиқариш учун ҳаракат қилаётганини айтди.

Бир кун олдин Давлат департаменти мухбирнинг ҳибсга олинганини расман «ноқонуний» деб таснифлаган эди.

Россия ҳукумати Гершковичнинг ҳибсга олинганидан икки ҳафта ўтиб ҳам АҚШ консуллиги ходимларининг у билан учрашишига рухсат бермаяпти.

«[Консулликнинг кириши билан боғлиқ] масала кўриб чиқилмоқда», деб айтган чоршанба куни мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков.

Гершковични озод қилиш талаблари

Гершковичнинг ҳибсга олиниши бутун дунё журналистлари, жумладан россиялик мустақил журналистларни ғазабга солган, улар 4 апрел куни биргаликда ҳукуматга очиқ хат йўллаб, унинг озод этилишини талаб қилганлар.

Мактуб муаллифлар, журналистлар, ҳуқуқбонлар ва адвокатлар томонидан имзоланган бўлиб, улар ФСБ ҳибсга асос бўладиган ҳеч қандай далил тақдим этмаганини айтишган.

«[ФСБ] ўз терговчиларининг сўзига ишонишимизни кутмоқда», деб ёзган имзо чекувчилар.

«Биз, россиялик мустақил журналистлар ва фуқаролик жамияти вакиллари бу айбловларга ишонмаймиз ва уларни асоссиз деб ҳисоблаймиз», дейилади мактубда.

Гершковичнинг ҳамкасблари унинг обрўсига «доғ тушмагани ва иши ҳар доим энг юқори журналистик стандартларга жавоб берганини» айтганлар.

«ФСБнинг обрўсига эса, аксинча, йиллар давомида ўз агентлари томонидан путур етган. Жамиятнинг бу «профессионалларга» ишониши учун ҳеч қандай асос йўқ», дейилади мактубда.

Мактубни имзолаганлар ФСБга россиялик журналист Иван Сафроновнинг ҳибсга олинганини эслатишган, у сентябр ойида Москва суди томонидан «давлатга хиёнат»да айбланиб, 22 йиллик қаттиқ режимли қамоққа ҳукм қилинган эди.

«Бир қатор журналистик текширувлар ортидан жамоатчиликка Сафроновнинг «давлатга хиёнати» ҳақидаги тафсилотлар маълум бўлди ва Иван журналистик фаолияти учун 22 йилга озодликдан маҳрум этилгани исботланган, деб ҳисоблаймиз», дейилади мактубда.

«Ушбу «жосуслик» билан боғлиқ янги жиноий иш билан Сафронов иши ўртасидаги ўхшашликлар Эван Гершковичга қўйилган айбловлардан жиддий шубҳаланишимизга асос бўлмоқда».

Чоршанба куни «Москва Таймс» газетасида чоп этилган мақоласида Сафроновнинг шериги Ксения Миронова икки журналистнинг ҳибсга олиниши ўртасидаги ўхшашликларни келтириб ўтган.

«Давлатга хиёнат учун фақат Россия фуқаролари ҳибсга олиниши мумкин (Иван билан бўлгани каби), жосуслик айбловлари эса чет элликлар учун (Эван каби) олиб қўйилади» деб ёзади у. «Бугунги кунда Россия куч тузилмалари ўзи хоҳлаган одамни қамоққа олиш йўлини топа олса-да, ватанга хиёнат ёки жосуслик айблови айниқса оғир юк бўлиб қолмоқда.»

Лефортово «Россиядаги энг шафқатсиз қамоқхона бўлиб, бу ерда туну кун чироқ ўчмайди, ҳафтада бир марта чўмилишга рухсат берилади ва маҳбуслар қамоқхона ҳовлисига чиқиш ўрнига 3 метр квадратлик қафасда тоза ҳаво олишади» деб ёзади у.

«Жосуслик ва давлатга хиёнатга оид ишлар бўйича судлар мутлақ махфийлик шароитида ўтказилади, бу эса журналистлар жараённи кузата олмаслигини ва қариндошлари унда иштирок эта олмаслигини англатади», деб қўшимча қилди у.

«Россияда журналистикага йўл йўқ»

Марказий Осиёдаги журналистлар ҳамжамияти ҳам Гершковичга қўйилган айбловларни қоралаган.

«Шубҳа йўқки, америкалик журналист ФСБ айтаётган ишни қилмаган», деди Қирғизистон журналистлари мустақил уюшмаси раиси, Bishkek.kg сайти бош муҳаррири Азамат Қосибеков.

«Бу – шунчаки сиёсат.»

«Бу Россиянинг маҳбуслар ёки қамоққа олинган шахсларни алмашиш бўйича одатий тактикаси. Илгари КГБ ҳам шундай қилган», деди у.

Журналистлар кўпинча шундай ёндашув қурбони бўлишади, дейди Қосибеков, чунки уларнинг кўпчилиги журналистик суриштирув билан шуғулланади, яъни улар одатда ҳужжатлар кўринишида далил қидиради.

«Шунинг учун ҳам ҳозир кўриб турганимиздек, журналистларга жосуслик айбини илиш осон», дейди у.

Гершковичнинг ҳибсга олиниши журналист ҳуқуқларининг қўпол бузилиши, деб қўшимча қилди Қосибеков.

Унинг ҳибсга олиниши сабаблари уйдирма бўлиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз айбловларини далиллар билан исботлашга ҳам уринмай, шунчаки ишни махфий деб эълон қилишни афзал кўрди, деди у.

«Россияда журналистик суриштирув ўтказиш имконсиз бўлиб қолди ва журналистикага умуман йўл қолмади», деб қўшимча қилди у.

Қозоғистоннинг Уралск шаҳридан бўлган журналист, «Уралск ҳафтаси» мустақил газетасининг собиқ бош муҳаррири Лукпан Аҳмедяров Россиянинг ҳаракатларини «товламачилик» деб баҳолади.

«Россия ҳозир шундай вазиятга тушиб қолдики, президент Владимир Путин режимида фақат битта восита қолмоқда: у ҳам бўлса, сиёсий товламачилик», деди у.

«Сиёсий товламачилик ва келишувлар йўлида улар [Россия ҳукумати] ҳатто одам савдоси билан ҳам шуғулланади.»

«Бу [Гершковични] бошқа бировга алмаштириш учун очиқдан-очиқ ўғирлашдек гап», деди Аҳмедяров ва Россия расмийлари бу ишни америкалик баскетболчи Бритни Гринер билан аллақачон қилишганини айтди.

Холислик, бетарафлик ва ҳокимиятни танқид қилиш каби журналистик тамойиллар Россия сиёсий элитаси манфаатларига зид, дейди у.

Кремл журналистикани ташвиқот билан алмаштирди ва ҳақиқий журналистикага оид ҳар қандай уриниш қўпорувчилик ҳаракати сифатида баҳоланади, дейди у.

«Путин режими Россияда журналистикани касб сифатида йўқ қилди».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500