Карвонсарой
Хавфсизлик

F-35C денгизда мислсиз даражада яширин ва ҳалокатли қуролга айланади

Карвонсарой

USS Abraham Lincoln авиаташувчиси бортидаги F-35C самолёти, 2022 йил. [АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари]

USS Abraham Lincoln авиаташувчиси бортидаги F-35C самолёти, 2022 йил. [АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари]

Дунё бўйлаб янги таҳдидлар пайдо бўлар экан, F-35C Lightning II АҚШ денгиз флотига денгизда тенгсиз яширинлик қобилиятлари ва ҳалокатли қурол сифатини тақдим этади, бу эса унга энг қийин шароитларда ишлаш имконини беради.

Дунёдаги биринчи ва ягона узоқ масофага учадиган, пайқалиш даражаси паст зарбдор қирувчи самолёт – F35C фақат авиаташувчи кемалар палубасида ишлаш учун мўлжалланган бўлиб, қуроллар тизимининг интеграцияси, ҳалокатлилиги, таъмирга яроқлилик, жанговар радиуси ва фойдали юк бўйича янги стандартларни белгилайди.

Ушбу қирувчи самолёт АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг USS Gerald R. Ford ядровий авиаташувчисида жойлаштирилиб, уни дунёдаги энг қудратли авиаташувчига айлантиради.

F-35 бу F-35 қўшма зарбдор қирувчи самолётининг ҳарбий-денгиз варианти бўлиб, ҳаво-ҳаво, ҳаво-ер ва радиоэлектрон уруш миссияларини бажаришга қодир.

Машғулот чоғида бир сафда учаётган иккита F-35C самолёти. [АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари]

Машғулот чоғида бир сафда учаётган иккита F-35C самолёти. [АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари]

Самолётнинг пайқалиш даражаси паст бўлиб, у душманнинг радилокация тизимларига чап бера олади. Бу хусусият уни душман ҳудуди ичида яширин миссияларни бажариш учун идеал платформага айлантиради.

Унинг яширинлик қобилиятига силлиқ шакл, ички қурол бўлмалари ва радар сигналларни ютувчи материаллар каби конструктив хусусиятларни уйғунлаштириш орқали эришилган.

Самолётнинг конфигурацияси, ўрнатилган сенсорлар, ички ёқилғи ва қурол сиғими, текисланган қирралар ва замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари – буларнинг бари унинг яширин ишлашига, учувчиларнинг душман радарларидан қочишига ёрдам беради.

Унинг илғор датчиклари ва авионика тизимлари жанг майдони ҳақида катта ҳажмдаги маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш, шунингдек, узоқ масофалардан душман объектларини аниқлаш ва нишонга олиш имконини беради.

Қанотлар ва шасси самолётларни электромагнит учириш тизими (EMALS) ёрдамида катапулталар орқали учиришга мўлжалланган, авиаташувчи палубасида кўпроқ жой бўшатиш учун қанот учлари ҳам букланади.

F-35C қарийб 10 тонна ички ёқилғини таший олади, 1200 денгиз милидан (2200 км) ортиқ масофани учиб ўтишга қодир ва тўлиқ ички қурол юки билан 1,6 мах (тахминан 1200 миля ёки 1931 км/соат) тезликка эриша олади.

Двигател юқори самарадорликка эга бўлиб, самолётга ёқилғи тежамкорлиги ва парвоз давомийлиги жиҳатидан сезиларли устунлик беради.

F-35C ўз ичида 2,6 тоннадан ортиқ ўқ-дориларни ёки «махлуқ режимида» 10 тоннадан ортиқ ички ва ташқи қуролларни олиб юриши мумкин.

Бу имконият самолётнинг қўшимча ташқи қуроллар ёрдамида ҳалокатлилик даражасини ошириш имконини беради, бундай ҳолатда у омон қолиш учун яширинлик қобилиятига таянишга мажбур бўлмайди.

F-35Cнинг энг такомиллашган қуролларидан бири бу самолётнинг ички қурол бўлмаларидан учирилиши мумкин бўлган узоқ масофали Joint Strike Missile (JSM) кемага қарши ракетасидир.

JSM кемаларга қарши замонавий мудофаа воситаларига зарба бериш учун мўлжалланган бўлиб, 150 денгиз мили (277 км)гача бўлган масофадаги нишонларни мўлжалга олиши мумкин. Ракетанинг юксак манёврчанликка эга эканлиги унга душман мудофаасидан қочиш ва нишонга аниқ зарба йўллаш имконини беради.

Илғор жанговар ва мудофаа тизимлари

F-35Cнинг бир қатор илғор мудофаа тизимлари билан жиҳозлангани унга жуда мураккаб шароитларда омон қолишини таъминлайди.

Ушбу тизимлар радиоэлектрон уруш мажмуаси, радиолокацион огоҳлантириш приёмниги ва қарши чора кўриш тизимини ўз ичига олади.

Самолёт, шунингдек, тарихдаги барча қирувчи самолётлар ичида энг илғор ва кенг қамровли датчиклар тўпламига эга.

У тақсимланган апертура тизими (DAS) билан жиҳозланган бўлиб, у учувчининг жанг майдонини 360 даража кўришини таъминлаш учун бир нечта датчиклардан фойдаланади. Бу учувчига ҳар томондан душман таҳдидларини аниқлаш ва уларга қарши курашиш имконини бериб, самолётнинг яшовчанлик қобилиятини оширади.

Бошқа датчиклардан фарқли ўлароқ, DAS ташқи сигнал ёрдамисиз нишонларни аниқлай олади. Military Aerospace Electronics маълумотларига кўра, датчик доим бир вақтнинг ўзида ҳамма томонга қаратилгани сабабли, оператор йўналишни аниқлаш учун уни нишонга йўналтириши шарт эмас.

F-35C шунингдек, F-35 датчиклари тўпламининг муҳим таркибий қисми бўлган фаол электрон сканерлаш панжараларига эга (AESA) ўт очишни бошқари радари билан жиҳозланган. AESA радарларига эга F-35CS самолётлари паст самарадорликдаги пассив электрон сканерлаш панжараси (PESA) билан ишлайдиган эски радар тизимига таянувчи Россиянинг Су-35 қирувчи самолётларини анча ортда қолдиради.

AESA радарлари билан жиҳозланган самолётлар, эҳтимол, Су-35 ни кўриш масофасидан (BVR) ташқарида аниқлай олади ва жавоб чораси қайтаргунига қадар унга зарба бериши мумкин.

Northrop Grumman маълумотларига кўра, ҳозирда AESA радарининг илғор версияси ишлаб чиқилаётган бўлиб, у F-35нинг барча версияларини қўллаб-қувватлайди.

F-35Cнинг бошқа хусусиятлари электро-оптик йўналтириш тизимини (EOTS) ҳам ўз ичига олади. Lockheed-Martin маълумотларига кўра, «F-35 учувчиларининг вазиятдан хабардорлигини оширади ва парвоз экипажларига қизиқиш жойларини аниқлаш, разведка қилиш ҳамда лазер ва GPS ёрдамида бошқариладиган қуролларни аниқ йўналтириш имконини беради».

F-35Cнинг яна бир устунлиги бу дубулғага ўрнатилган дисплей тизими бўлиб, у учувчиларга жанг майдонидаги ҳамма нарсани кўриш имконини беради. Collins Aerospace маълумотларига кўра, тизим учувчиларга «парвоз ахбороти ва датчик маълумотларининг узлуксиз намойиши» ва «кечаю кундуз тактик устунлик» тақдим этади.

F-35C тармоқ муҳитида ишлаш учун мўлжалланган, шунинг учун у каттароқ кучлар, жумладан, АҚШ ва бошқа иттифоқчи самолётлар таркибида ишлаши ва реал вақт режимида душман нишонлари ва таҳдидлари ҳақида маълумот алмашиши мумкин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500