Карвонсарой
Хавфсизлик

Қуруқликдаги ҳужумларда тор-мор бўлган Россия қўшинлари Бахмутда «куйдирилган ер тактикасини» қўлламоқда

Ольга Чепил

22 март куни Украина шарқи, Бахмутдан ғарбда жойлашган Часов Яр шаҳрига ҳужумдан сўнг вайрон бўлган мактаб ичига кираётган маҳаллий аҳоли вакили. [Арис Мессинис/AFP]

22 март куни Украина шарқи, Бахмутдан ғарбда жойлашган Часов Яр шаҳрига ҳужумдан сўнг вайрон бўлган мактаб ичига кираётган маҳаллий аҳоли вакили. [Арис Мессинис/AFP]

КИЕВ – Украина шарқидаги Бахмут шаҳри устидан назоратни қўлга олишга уринаётган Россия кучлари ўз тактикасини «буткул вайрон қилишга» ўзгартирган.

Украинадаги уруш бир неча ойдан бери асосан Бахмут атрофига жамланган бўлиб, ҳужумда олдинга силжий олмаётган Россия шаҳарнинг катта қисмини вайрон қилиб ташлаган.

Украина расмийларига кўра, Россия шаҳарни ҳар куни тахминан 500 марта ўққа тутмоқда.

«Душман одатда кўча жангларида мағлуб бўлаётгани учун бино ва иншоотларни бутунлай вайрон қилиш тактикасини қўлламоқда», деди Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр 13 апрел куни Телеграмда.

16 апрел куни Донецк вилояти Бахмут шаҳри яқинида Россия позицияларини аниқлаш учун дрон учираётган украиналик ҳарбий хизматчи. Урилган нишондан юқорига кўтарилган тутун булутлари мониторда кўринмоқда. [Сергей Шестак/AFP]

16 апрел куни Донецк вилояти Бахмут шаҳри яқинида Россия позицияларини аниқлаш учун дрон учираётган украиналик ҳарбий хизматчи. Урилган нишондан юқорига кўтарилган тутун булутлари мониторда кўринмоқда. [Сергей Шестак/AFP]

13 апрел куни Украина шарқидаги Донецк вилояти Бахмут шаҳри яқинидаги хандақда турган украиналик пиёда аскарлар. [Анатолий Степанов/AFP]

13 апрел куни Украина шарқидаги Донецк вилояти Бахмут шаҳри яқинидаги хандақда турган украиналик пиёда аскарлар. [Анатолий Степанов/AFP]

«У шунчаки шаҳарни ер билан яксон қилмоқда», деди у. «Мақсад – ҳимоячиларимизни шаҳарда ўз позицияcини ушлаб туриш имкониятидан маҳрум қилиш».

«Душман Суриядаги каби «куйдирилган ер» тактикасига ўтди», деб айтган Украина армиясининг шарқдаги кучлари қўмондони генерал-полковник Александр Сирский 10 апрел куни фронтга ташрифи чоғида.

Фуқаролар уруши вақтида Сурияда ҳаракат қилган Россия кучлари шаҳарлардаги фуқаролик объектлари, жумладан касалхоналар ва мактабларга қарата кенг кўламли ҳаво ҳужумлари ва қамал тактикаларини қўллаган эди.

«[Россия] ҳаво ҳужумлари ва артиллерия зарбалари билан бинолар ва позицияларни вайрон қилмоқда. Бахмут мудофааси давом этмоқда. Вазият оғир, аммо назорат қиларли даражада».

Таҳлилчиларга кўра, Украина кучлари ҳали ҳам Бахмутнинг чорак қисмини ўз назоратида ушлаб турибди.

«Биз шаҳар ғарбидаги охирги 25% ҳудудни ушлаб турибмиз... Кўп қаватли бинолари бор охирги кичикроқ туман эканлиги боис, биз бу ерда мустаҳкам ўрнашиб олишга муваффақ бўлдик», дейди «Айдар» кўнгиллилар батальонининг собиқ рота командири, ҳарбий таҳлилчи Евгений Дикий.

«Бизни якка тартибдаги уйлар, алоҳида беш қаватли бинолар бор барча ҳудудлардан аллақачон сиқиб чиқаришган», дейди у. «Аммо кўп қаватли уйлар уларни тўхтатиб қўйди. Бу ерда ҳаммаси мураккаброқ».

«Аслини олганда, шаҳарнинг ўзи қолмаган», деди Дикий. «У ўз вақтида Чеченистондаги Грозний ёки Суриядаги Ҳалаб каби ер юзидан сидириб ташланган.»

«Аслини олганда, авваллари Бахмут жойлашган шаҳар харобалари учун жанг олиб борилмоқда

Янги тактика ва улкан вайронагарчиликлар

Дикийнинг сўзларига кўра, руслар «ақлли бомбалардан» фойдалана бошлаганидан бери Бахмутдаги вазият кескин ўзгарган.

«Ўтган ойгача русларда юқори аниқликдаги авиабомбалар йўқ эди. Уларда совет давридан қолган 1,5 тонналик авиабомбалар кўп... улар гравитацион бомбалар. Самолёт уларни ташлаётганида нишонга яқин учиши керак», деди у. «Украинада бу усул иш бермади, чунки қуруқликдаги ҳаво мудофаамиз анча самарали эди».

Натижада, руслар эски совет авиабомбаларини Украинадаги позицияларига жуда яқин учмасдан ташласа бўладиган қилиб қайта жиҳозлай бошладилар.

«Бу биз учун жиддий муаммога айланди, чунки режаловчи бомбалар 70 км масофагача парвоз қила олади», деди Дикий. «Бошқача қилиб айтганда, руслар бизнинг ҳаво мудофаа тизимимиз қамраб олган ҳудудга кирмай, уларни ўз назоратидаги ерлардан учириши мумкин. Шу тариқа улар фронт ичкарисидаги жойлашган объектларга зарба бера олади».

«Бу жуда кучли ва хавфли қурол бўлиб, жиддий талафотлар етказишга қодир», дейди InfoResist веб-сайтининг ҳарбий мухбири, киевлик Александр Коваленко.

Руслар ФАБ-250, ФАБ-500 ва ФАБ-1500 бомбаларини модификация қилмоқда, деди у.

Шундай бўлса-да, Коваленконинг айтишича, бомбалар кўпинча нотўғри жойга бориб тушади.

«Масалан, Донецк вилоятининг Куйбишев туманида шундай бомбалардан бири бомбардимончи самолёт ушлагичидан чиқиб кетиб, Россия назорати остидаги ҳудудда жойлашган бинога бориб тушган», деди у. «Бомба бино устига, йўналтирувчи тизим эса 500 метр узоқликдаги жойга тушган – умуман олганда, улар ҳам ишончли эмас.»

Бироқ, ўнта бомбадан бештаси нишонга етиб борса ҳам, бу Украина учун улкан вайронагарчиликлар деганидир, дейди у.

«Албатта, бундай кенг кўламли қўллов ҳозирда улар эгаллай олмаётган Бахмутдаги мазкур ҳодисаларга сабаб бўлмоқда», деди у. «Бу улкан вайронагарчилик.»

Россиянинг ҳалокатли йўқотишлари

Етти ойлик тинимсиз ҳужумларга қарамай, Россия қўшинлари урушдан олдин атиги 70 минг аҳолиси бўлган шаҳарни эгаллай олмади.

Айни вақтда Россия армиясининг йўқотишлари ҳалокатли тус олган.

BBCнинг март ойида Ғарб расмийларига таяниб берган хабарларига кўра, Бахмут атрофидаги жангларда 20 мингдан 30 минггача россиялик аскар ҳалок бўлган ёки яраланган.

Украина Бош штаби бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаган истеъфодаги генерал-лейтенант Игорь Романенконинг сўзларига кўра, руслар урушнинг энг муҳим тамойилини қўлламоқда: душманга доимий босим ўтказиш.

Россия кучларида замонавий ракеталар деярли бўлмаса-да, минглаб эски авиабомбалар бор, деди у.

«Ҳар қандай ҳолатда ҳам руслар ушбу бошқариладиган бомбаларни тўлақонли ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга уринади. Чунки уларни қайта ишлаш янги қуроллар ишлаб чиқаришдан анча арзон», деди у.

Бироқ, Романенконинг фикрича, модификация қилинган бомбалар урушнинг боришига стратегик таъсир кўрсата олмайди.

«Вазиятни турли замонавий қуролларнинг кўп миқдорда етказиб берилишигина ўзгартириши мумкин», деди у. «Аммо русларда бу йўқ».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россияга Украинанинг барча позицияларини йўқ қиладиган ёндирувчи бомбалардан фойдаланишига украинлар қандай тўсқинлик қила олади?

Жавоб бериш

Бу шаҳарчада атиги 70 минг киши яшаган. Эҳтимол, бу шаҳар учун жангларда русларнинг йўқотишлари бундан кам бўлмаган.

Жавоб бериш

Шарқий Украинадаги низо тез орада тинчланиб, бахмутликлар Россия аскарлари йўқ қилиб ташлаган шаҳарларини қайта тиклаб оладилар деб умид қиламан. Украина қуролли кучлари матонатли бўлишларини тилайман ва халқаро ҳамжамият бу низони ечишда ёрдам беради деб умид қиламан.

Жавоб бериш