КИЕВ – Пайвандланган бурчакли ром, катта ғилдираклар ва олд панжарасида тишларнинг расми бор, жанг майдонида «Телба Макс» фильмининг реквизитларини эслатувчи ўзига хос транспорт воситалари Украина қуролли кучлари буюртмасига кўра ясалмоқда.
Мустаҳкам ва ишончли бу баггилар ноқулай ҳудудларда тезлаша олиш, қурол ва жароҳатланганларни ташиш имкониятига эга бўлгани учун жуда талабгир.
Украина минглаб аскарларни ташиш ва жанг майдонидан жароҳатланганларни эвакуация қилиш муаммосига дуч келар экан, бу транспорт воситаларга талаб ортмоқда, чунки фронтдаги машиналар фақат бир неча ҳафтага дош бера олади.
Йўлсизликлардан юра оладиган енгил машиналар 29 ёшли доктор Мусо асос солган компания томонидан ишлаб чиқарилмоқда, оила аъзолари Россия аннексия қилган Қримда истиқомат қилиши сабабли у тахаллусидан фойдаланишни афзал кўрган.
Мусо ўз корхонасини «Тахтлар ўйини» фильмидаги олов пурковчи аждарҳоларнинг номи билан «Dracarys» деб номлаган. У жамоатчиликнинг хайрия пуллари эвазига машиналар сотиб олувчи Украина батальонларига ёрдам беради.
Киевдаги саноат ҳудудида Мусо ва унинг жамоаси метал қувурлардан багги ромини ясашган. Мусо сафарга чиқиш учун тайёр машиналардан яна бирини ишга туширди.
Зиналардан юқорига ва пастга чиқиб тушган багги деворга урилишига озгина қолганда тўхтайди.
Баггининг оғирлиги 650 кг бўлиб, у оддий машинадан деярли ярим баравар енгил, ҳар бирининг нархи 6500 АҚШ долларини ташкил қилади.
«Dracarys» ўтган йил ёз ойларидан бери бундай автомобилларнинг «бир қанчасини» ясаган, деб айтган Мусо.
Баггилар Audi ва Volkswagen каби эски машиналарнинг мураккаб бўлмаган электроникасиз двигателлари ва бошқа эҳтиёт қисмлардан йиғилган, бу жанг майдонида уларни осон таъмирлаш имконини беради.
«Украинада бу машиналар жуда кўп ва улар арзон», деб айтган Мусо.
У ҳайдаган баггида ёмғир ва лойдан ҳимояланиш учун пластикдан ясалган йиғилувчи ён ойналар ва иситкич каби қўшимча функциялар мавжуд.
Тайёр автомобил синовдан ўтгач, разведка миссияларида фойдаланиш учун Қрим номли батальонга юборилади.
Мусо тиббиёт соҳасидаги фаолиятидан воз кечган ва жангга у ясаётган баггилар билан кўпроқ фойдаси тегади деб билади.
У Россия аннексиясига қаршилик қилган ва қаттиқ жазога учраган яриморолдаги мусулмонлар гуруҳи – қрим татарларга мансубдир.
Қрим татарлари Россия томонидан икки марта таъқибга учраган: 1944 йилда Совет диктатор Иосиф Сталин уларни Марказий Осиёга депортация қилган, 2014 йилда эса Россия президенти Владимир Путин ноқонуний равишда Қримни Украинадан тортиб олган.
«Франкенштейн автомобили»
Киев чеккасидаги яна бир устахонада бошқа механиклар гуруҳи уруш эҳтиёжлари учун ишламоқда – бу ерда тиббий мақсадларда фойдаланиладиган зирҳли машиналар йиғилади.
Лойиҳага руминиялик кўнгилли Раду Хоссу раҳбарлик қилади, у ўзининг Facebook саҳифаси орқали урушдан талофот кўрган шарқий Донецк вилоятидаги тиббий батальонни транспорт воситаси билан таъминлаш учун руминияликлар ва молдованлар орасида маблағ тўплаган.
Хоссу кейинчалик унинг кенг миқёсда ишлаб чиқарилишига умид қилмоқда.
У ўз жамоаси билан ўртача 165 минг АҚШ долларига тенг турли вазифаларни бажарувчи мураккаб транспорт воситалари мажмуасини яратмоқда.
Улар орасида Ford юк машинаси ва Советларнинг ГАЗ автомобили шассисидан йиғилган, фронт чизиғидаги ҳатто ёнғинли ҳудудлардан жароҳатланган аскарларни эвакуация қилиш учун мўлжалланган машина бор.
У катта ғилдиракли, қаттиқ зирҳланган бўлади.
«Аслида, бу Франкенштейн автомобили бўлади, бунақаси ер юзида йўқ», деб айтган Хоссу.
Польшадан келтирилган автобус шифокорлар мураккаб жарроҳликларни амалга ошира оладиган мобил госпиталга айлантирилган.
Аввал озиқ-овқат ташиган юк машинаси шифокорлар ухлайдиган ва ювинадиган жойга айланмоқда.
Шатакчи қайиқ эса ярадорларни сув орқали эвакуация қилиши мумкин.
Собиқ сиёсий маслаҳатчи Хоссу ушбу лойиҳани касалхонага кетаётиб ҳалок бўлган украиналик аскар Олег Губалнинг шарафига номлаган.
У Губал билан шахсан таниш бўлган ва бошқа оилаларнинг бундай мусибатга дуч келишларини истамайди.
«Аввал шунга ўхшаш нарсамиз бўлганида эди... Олег тирик қолган бўларди демайман, лекин бу унинг омон қолиши учун имконият бўларди», деди Хоссу.
Украиналикларнинг кашфиётчилиги
Украина қўшинлари бир неча ой давомида ўзлари дуч келган камчиликларни бартараф этиш учун ижодкорлик қобилиятларини ишга солишди.
«Бунга пикап ва йўлтанламасларни «техничка» деб номланувчи ҳарбийлаштирилган транспорт воситаларига айлантиришдан кўра яхшироқ мисол бўлмаса керак», деб ёзган Business Insider сентябр ойида.
Ушбу «техник транспорт воситаси» кўпинча фуқаролик юк машинасининг орқа томонига ўрнатилган оғир пулемети билан ажралиб туради ва қуруқликда турли мақсадлар учун қўлланилади.
«Бу техник воситаларини ясаш нисбатан осон ва улардан фойдаланиш учун махсус тайёргарлик талаб этилмайди», дейилади хабарда.
Вайрон қилинган зирҳли транспорт воситаларининг парчалари ва бўлаклари эски қуроллар ва ҳатто пикаплар билан бирлаштирилган, деб ёзади Forbes 19 декабр куни.
«Натижада қўлбола қурол-аслаҳа, ракета учирувчи қурилмалар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг ақл бовар қилмас турлари пайдо бўлган», дейилади хабарда.
«Сурия ва Ироқдаги сафарбарлик кучлари шатакчи танклар ва пўлатдан ясалган юк машиналари билан қўлбола қуроллар бўйича замонавий чемпиони бўлиши мумкин, аммо украиналиклар уларга жиддий рақобат туғдирмоқда», деб қўшимча қилди у.