БАҒДОД, Ироқ – Тожикистон Ироқ қамоқхоналарида ва суриялик қочқинлар лагерларида, шу жумладан машҳур ал-Ҳол жамлоғида сақланаётган барча фуқароларини яқин икки ой ичида ватанига қайтаришга ҳозирлик кўрмоқда, дейди Тожикистоннинг Қувайтдаги элчиси Зубайдулло Зубайдов.
Зубайдовнинг ўзи 17 апрел куни Бағдод қамоқхонасида жазо муддатини ўтаган уч аёлнинг ватанига қайтарилишини назорат қилиш учун Ироққа жўнаб кетди.
«Улар ўз ихтиёри билан Тожикистонга қайтиш истагини билдиришган, у ерда реабилитация курсидан ўтиб, қариндошлари олдига қайтишади», деди Зубайдов Карвонсаройга.
Ироқ, Иордания, Уммон ва Ливандаги элчи сифатида ҳам фаолият юритадиган Зубайдовнинг сўзларига кўра, Ироқ ва Сурия расмийлари билан сўнгги икки ой давомидаги учрашувлар натижасида қамоқхоналар ва жамлоқларда сақланаётган тожикистонлик аёллар ва болаларни ватанига қайтаришга келишиб олинган.
«Бу асосан, эрлари туфайли ушбу мамлакатларда қолиб кетган аёллар ва уларнинг болаларидан иборат Тожикистон фуқароларини ватанига қайтаришга оид кўп даражали учрашувлар ва музокаралар эди», деди Зубайидов.
«Мен Тожикистон ҳукуматининг сўровига кўра Сурия ва Ироқ президентларининг қабулида бўлдим ва улардан ёрдам сўрадим».
Ватанига қайтарилаётган тожикистонликларнинг аксарияти (200-250 га яқин одам) шу жамлоқларда, дейди у.
«Суриядаги бошқа жамлоқларда ҳам Тожикистон фуқаролари бўлиши мумкин, аммо улар қаерда ва қанча экани ҳақида бизда маълумот йўқ», деди у.
Ушлаб турилганларнинг аксарияти «Ислом давлати» (ИД) томонидан ёлланган ва террорчи гуруҳ сафида жанг қилиш учун ушбу минтақага борган жангариларнинг аёллари ва фарзандларидир.
Марказий Осиёлик жангариларнинг оилалари асосан Ироқнинг Мосул ва Суриянинг ал-Раққа шаҳарларида яшайди.
Сурияда ўлган ёки бедарак йўқолган ИД жангариларининг аёллари ва болалари ал-Ҳол каби қочқинлар лагерларига жойлаштирилган.
Конституциявий бошқарув тўлиқ тикланган Ироқда улар судга тортилган. Тожикистон ва бошқа мамлакатлардан келган аёллар узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинган.
Мушкул вазифа
«Сурия ҳукумати ҳам, Ироқ ҳукумати ҳам ўз ҳудудида ИДга алоқадор хорижий фуқаролар бўлишини истамайди», деди Зубайдов.
«Улар бу аёллар ва болаларнинг аксарияти бу ерларга ўз ихтиёри билан келмаганини билса-да, улар ҳали ҳам мамлакат учун хавфли бўлиши мумкин деб ҳисоблайди».
«Ягона тўғри ечим – уларни ўз ватанига қайтариш. Бу позицияни Тожикистон раҳбарияти, БМТ [Бирлашган Миллатлар Ташкилоти] ва халқаро гуманитар ташкилотлар қўллаб-қувватлайди», деди у.
«Сўнгги бир неча йил мобайнида биз Сурия расмийлари билан музокаралар олиб бордик, курд гуруҳлари назорати остидаги ҳудудга ташриф буюрдик ва курдлар вакиллари билан мулоқотда бўлиб турибмиз. Улар билан ўзаро тушунишга эришдик».
Мураккаб музокаралардан ташқари, «қайтарилганлар» рўйхатини тузишда ҳам жиддий қийинчиликлар юзага келмоқда, деди Зубайдов.
«Эҳтимол, бу ИД ёлловчиларининг қайтарилганлар орасида ташвиқот ишларини давом эттираётгани учундир», деди у.
Тожикистон ҳукуматининг Ироқ ва Сурияда 600 та аёл ва ёш бола борлиги ҳақидаги тахминлари ҳақиқатдан йироқ, деб айтган аввал ҳам бу каби ватанга қайтариш операцияларини ёритган Озод Европа/Озодлик радиосининг (RFE/RL) тожик хизмати мухбири Мўмин Аҳмадий.
Ал-Ҳол ва ал-Рож жамлоқларининг ўзида тожиклар анча бўлиши мумкин, деб айтган у Карвонсаройга, Суриянинг Туркия, Ироқ ва Иордания чегарасида бир нечта йирик ва кичикроқ лагерлар борлигини таъкидлаб.
«У ерда тожикистонликлар борлиги эҳтимолини рад эта олмаймиз. Уруш натижасида улар Ироқ ва Сурия бўйлаб тарқаб кетишган», дейди Аҳмадий.
«Лагерлардаги кўпчилик сохта исмини айтиб, ҳақиқийсини яширмоқда... Улар ватанга қайтганида авф этилишига ишонмайди ёки эркинлик учун ўз ғояларидан воз кечишни истамайди», деб айтган у.
«ИДни қўллаб-қувватлаш эътиқоди билан Сурия ва Ироққа келган бу фуқаролар ватанига қайтмоқчи бўлаётганларга ҳар томонлама таъсир қилишга уринмоқда.»
«Бу ҳам Тожикистон ҳукуматининг фуқароларни ватанига қайтариш жараёнини мураккаблаштиради», деб айтган Аҳмадий.
Террорчилик хатари
Сурия демократик кучлари (СДК) 2019 йилда халқаро коалиция қувватлови ёрдамида Суриядаги ИДни сўнгги таянчидан чиқариб юбориши ортидан бир неча ўн минглаб одамлар курдлар назоратидаги жамлоқларда сақланмоқда.
Ал-Ҳасакадаги ал-Ҳол ва ал-Рож жамлоқларидаги маҳбуслар орасида хорижликлар кўп, ал-Ҳолниинг ўзида 10 минг нафар хориж фуқароси бор.
Курд ҳукумати мамлакатларни ўз фуқароларини репатриация қилишга чақирган, аммо хорижий давлатлар хавфсизлик таҳдидлари ва маҳаллий сиёсий қарама-қаршиликдан қўрқиб, жуда озчилик одамни қайтарган.
«Бу лагерлар нафақат азоб-уқубат ўчоғи, балки уларда яшаётган 30 мингдан ортиқ ёш болалар ҳар куни ИШИДнинг мафкуравий таъсирига учраши хавфи борлиги сабаб хавфсизлик муаммосига ҳам айланган», деди АҚШ марказий қўмондонлиги (CENTCOM) қўмондони генерал Макл «Эрик» Курилла, ИДнинг бошқа қисқартмасини ишлатиб.
«Бу инқирозга ягона узоқ муддатли ечим – бу ал-Ҳол ва ал-Рож жамлоқларидаги фуқароларини ватанларига муваффақиятли қайтариш, реабилитация ва қайта интеграция қилишдир.»
Мамлакатларнинг Ироқ ва Суриядаги қамоқхоналар ва қочқинлар лагерларидан ўз фуқароларини қайтариши террорчилик ва экстремизмга қарши курашда муҳим қадамдир, дейди БМТ Тараққиёт дастурининг зўравонлик экстремизмининг олдини олиш бўйича катта маслаҳатчиси Александр Аванессов.
«Марказий Осиёдаги барча давлатлар бу масалада ягона позицияда эканлигидан мамнунман», деб айтган у 17 апрел куни Хўжандда зўравон террорчиликка бардошлиликни кучайтириш лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган ўқув семинаридаги онлайн нутқида.
Тожикистонда 2016 йилда қабул қилинган ва 2022 қайта таҳрир қилинган Террорчилик ва экстремизмга қарши кураш стратегияси террорчилик ва экстремистик ташкилотларга алоқадор фуқароларни ватанига қайтариш, реабилитация қилиш ва қайта интеграция қилиш бўйича режаларни ўз ичига олади.
Тожикистон икки марта – 2019 ва 2022 йилда ўз фуқароларини Суриядан ватанга қайтарган. Биринчи операцияда 84 та бола, иккинчи операцияда эса 146 та аёл ва ёш болалар Тожикистонга олиб келинган.