Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Meta бутун дунёда дезинформация тарқатувчи Хитой тармоқларини ўчириб ташлади

Карвонсарой ва AFP

31 октябр куни Гонконгдаги Fintech Week 2022 ҳафталигининг илк кунида Meta стендидаги виртуал реаллик гарнитурасини ишлатиб кўраётган ташрифчи. Meta компанияси яқинда Хитойда жойлашган дезинформация тарқатувчи 200 дан ортиқ аккаунтларни ўчириб ташлаган. [Питер Паркс/AFP]

31 октябр куни Гонконгдаги Fintech Week 2022 ҳафталигининг илк кунида Meta стендидаги виртуал реаллик гарнитурасини ишлатиб кўраётган ташрифчи. Meta компанияси яқинда Хитойда жойлашган дезинформация тарқатувчи 200 дан ортиқ аккаунтларни ўчириб ташлаган. [Питер Паркс/AFP]

МЕНЛО ПАРК, Калифорния – Meta бутун дунё бўйлаб ижтимоий тармоқларда Хитойдан туриб дезинформация ёйинловчи 200 дан ортиқ аккаунтларни ўчириб ташлади.

Хитойда пайдо бўлган бу тармоқлар кўплаб минтақалар, жумладан, АҚШ, Европа, Ҳиндистон, Тибет, Тайван, Саҳрои Кабирдан жанубий Африка, Япония, Марказий Осиё ва бутун дунё уйғур жамоатчилигидаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига қаратилган.

Улар Meta компаниясининг мувофиқлаштирилган шубҳали хатти-ҳаракатлар (CIB) сиёсатини бузганликда айбланиб, аудитория тўплашидан аввал ўчириб ташланган, дейилади Facebook бош компаниясининг чоршанба (3 май) куни чоп этилган душманона таҳдидларга оид чораклик ҳисоботида.

«Сўнгги фаолсизлантириш чоралари Хитойдаги мувофиқлаштирилган шубҳали хатти-ҳаракатлар табиати ўзгарганидан далолат беради, буни янги таҳдид субъектлари, янги географик мақсадлар ва янги тажовузкор тактика пайдо бўлганидан билдик», дейилади ҳисоботда.

«Бу тармоқлар биз илгари Хитойдаги амалиётларда кўрмаган турли тактикаларни синаб кўрган», дейилади хабарда.

Мета маълумотларига кўра, бу тармоқлар Facebook, Instagram, YouTube, Twitter, Telegram, PayPal, криптовалюта, Blogspot, Reddit, Wordpress ва Freelancer.com каби бир нечта платформаларда ишлаган.

Meta бир тармоққа уланган 107 та Facebook профили ва 35 та Instagram аккаунтини ўчириб ташлаганини айтди.

«Ушбу тармоқ ортидаги шахслар асосан инглиз, рус, уйғур ва хитой тилларида ўзлари нишонга олган ҳудудлардаги янгиликлар ва долзарб воқеалар ҳақида постлар жойлаган», деб хабар беради Meta.

Улар орасида «Марказий Осиёдаги геосиёсат, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ), Туркий давлатлар ташкилоти ва Россияга қарши санкцияларнинг Марказий Осиёга таъсири» каби мавзулар бор, дейилади хабарда.

Ташвиқотда, шунингдек, 2022 йилги Пекин Олимпиадасини бойкот қилиш, АҚШнинг Африкадаги ташқи сиёсатига оид номақбул хатти-ҳаракатлари ва Европадаги муҳожирлар, хусусан, мусулмон қочқинларга нисбатан суиистеъмоллик ҳолатлари ҳақидаги огоҳлантиришлар ҳам ўрин олган.

Чоп этилган мақолалар орасида «Хитойдаги уйғурлар учун қулай яшаш шароитлари ҳақидаги даъволар ва Тайвандаги сиёсатчилар танқид қилинган» материаллар ҳам бор.

Янгича хатти-ҳаракатлар

Meta Хитойдаги яна бир тармоққа алоқадор 50 та Facebook профили ва 10 та Instagram аккаунтларини ўчирганини қўшимча қилган.

«Сўнгги хатти-ҳаракатларга Ғарбда сохта компания яратиш, дунё бўйлаб фрилансер ёзувчиларни, намойишчиларни ёллаш ва Африкадаги нодавлат ташкилоти билан ҳамкорлик қилишни ўз ичига олади», дейилади хабарда.

Meta айрим аккаунтларни ўчирган бўлса ҳам, тармоқнинг аксар контенти онлайн ҳолатда қолмоқда, деб хабар берган AFP.

Meta ҳисоботида New Europe Observation деб тилга олинган компания 28 апрел куни Twitter саҳифасида, Европадаги мигрантлар, ЛГБТ фаолларига ҳужум қилувчи иғволи контент қолдирган.

Ўтган йил август ойидаги твитлардан бирида гуруҳ тез-тез ультра ўнг фитна назариячиларининг нишонига тушувчи миллирдер-филантроп Жорж Соросга қарши Венгрияда намойишга чиқиш учун одамлар ёллаётгани ҳақида хабар берган.

Twitter саҳифасидаги айрим постларда ультра ўнг аккаунтларга тааллуқли твитлар бўлган.

Европага қаратилган хабарларда Хитойнинг Шинжон вилоятида Пекиннинг сиёсати илгари сурилган контент ҳам бўлган.

Пекин сўнгги бир неча йил ичида узоқ-ғарбий Шинжон вилоятининг бир миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа асосан мусулмон, туркийзабон аҳолисини яширин ҳибсхоналар ва қамоқхоналар тармоғида сақлаб келмоқда.

Айбловлар оммавий ҳибсга олиш, мажбурий меҳнат, мажбурий стерилизация, тизимли зўрлашлар, уйғурлар маданияти ва исломий обидаларининг йўқ қилинишини ўз ичига олади.

Meta компаниясининг таъкидлашича, тармоқ томонидан бошқариладиган яна бир аккаунт Қўшма Штатлардаги баҳсли масалалар, жумладан полициянинг зўравонлиги, жиноятчилик ва ЛГБТ ҳуқуқларига эътибор қаратган.

Тармоқ Буюк Британияда жойлашган London New Europe Ltd деб номланган сохта компания орқали бошқарилган. Meta компаниясининг қайд этишича, компания ёзувлари ва Google Maps маълумотларига кўра, у Лондон шимоли-шарқидаги оддий кўп қаватли бинодан туриб иш юритган.

Гуруҳ контент чиқариш учун Марказий Осиёлик фрилансер ёзувчиларни ҳамда «тармоқ сценарийсига асосан инглиз тилидаги видеолар тайёрлайдиган одамларни ёллашга» уринган, деб хабар беради Meta.

Meta маълумотларига кўра, тармоқ ўз келиб чиқишини ва унга алоқадорларнинг шахсини яшришга ҳаракат қилган бўлса-да, унинг Xi'an Tianwendian Network Technology номли Хитой компаниясига боғлиқлиги фош бўлган.

У шунингдек, Хитой вақти бўйича эрталаб соат тўққиздан кечки соат бешгача фаолият олиб борган, тушлик вақтида ва дам олиш кунлари фаолият бироз пасайгани аниқланган, деб хабар берган Meta.

AFP ихтиёрига келиб тушган Хитой компанияларининг рўйхатида корхона раҳбарининг исми Буюк Британиядаги London New Europe Ltd компанияси раҳбари бўлган Хитой фуқароси билан бир хил эканлиги ойдинлашган.

Xi'an Tianwendian Network Technology AFP нашрининг сўровларига жавоб қайтармаган.

AFP ҳам New Europe Observation ташкилоти билан уларнинг Twitter саҳифасида кўрсатилган маълумотлар орқали алоқага чиқишга ҳаракат қилган, аммо жавоб ололмаган.

Ҳисоботда кўрсатилган Хитойдаги яна бир гуруҳ асосан Ҳиндистон ва Тибетга диққатни қаратган ва Facebook рекламаси учун 73 минг АҚШ доллар сарфлаган, деб хабар берган Meta.

Twitter ва Facebook расман Хитойда блокланган, фойдаланувчилар ўз саҳифалари ва иловаларидан фойдаланиш учун тақиқланган VPNдан фойдаланишлари керак.

Душманона таҳдидлар

Meta оммавий таҳдидлари ҳисоботини олти йил аввал, биринчи марта Россиянинг таъсир операциялари ҳақида хабар берганида бошлаган эди.

Россия узоқ вақтдан бери Ғарбда жамоатчилик фикрига таъсир ўтказиш мақсадида «троллар фабрикасини» юритишда айблаб келинади, Хитой эса бу соҳада илғор деб ҳисобланмайди.

Аммо Meta компаниясига кўра, фош этилган сўнгги тармоқда Хитойдан бошқарилган операция мураккаблашиб бораётгани аниқланган.

АҚШ расмийларига кўра, ўтган ой Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлигининг бир гуруҳ ходимлари Пекинни қўллаб-қувватловчи хабарларни тарқатувчи бир гуруҳ ижтимоий тармоқ аккаунтларини бошқарганликда айбланган.

Тахминан шу вақтда АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Нью-Йоркда Хитойнинг «полиция идорасини» ташкиллаштирганликда айблаб икки эркакни қўлга олган.

Феврал ойида Graphika тадқиқот фирмаси Хитой билан алоқадор Wolf News деб номланган сохта ахборот материалларини тарғиб қилувчи тармоқни аниқлади, унда сунъий интеллект ёрдамида яратилган бошловчилар Пекинни қўллаб-қувватловчи мавзуларни ёритишган.

Шунингдек, Meta Эронда жойлашган асосан Исроил, аммо шу қаторда Баҳрайн ва Францияни нишонга олган тармоқнинг 40 та Facebook аккаунтини ўчириб ташлаган.

«Бу операция бир қатор интернет хизматлари – жумладан, Facebook, Twitter, Telegram, YouTube ва хакерлик форумлари бўйлаб ўтказилган, унда мақсадли давлатларда жойлашган муассасаларга хакерлик ҳужуми уюштирилган даъво қилинган», деб хабар беради Meta бу ҳужумлар ҳақиқатда амалга оширилганини тасдиқлаб бўлмаслиги қўшимча қилиб.

Нишонга олинганлар қаторида «ОАВ, логистика ва транспорт компаниялари, таълим муассасалари, аэропорт, танишув хизматлари ва давлат ташкилотлари» бор, дейилади хабарда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500