Карвонсарой
Хавфсизлик

Вагнер раҳбари жангариларни олиб чиқиш билан таҳдид қилар экан, Украина фронт чизиқларидаги вазият кескинлашмоқда

Caravanserai ва AFP

4 май кунги видеода Вагнер раҳбари Евгений Пригожин Россиянинг юқори даражали ҳарбий мутасаддиларига таъна тошларини ёғдирган. [Concord]

4 май кунги видеода Вагнер раҳбари Евгений Пригожин Россиянинг юқори даражали ҳарбий мутасаддиларига таъна тошларини ёғдирган. [Concord]

МОСКВА – Вагнер гуруҳининг Россия армияси билан зиддият шароитида Бахмутни (Украина) эгаллаш бўйича тўққиз ойдан бери давом этаётган кампанияси издан чиқмоқда.

Жума (5 май) куни Россиянинг Вагнер гуруҳи раҳбари Евгений Пригожин ўқ-дори ва шахсий таркиб етишмовчилигида Россия армиясини айблар экан, келаси ҳафтада ўзининг фронтдаги жангариларини Украина шарқидаги Бахмутдан олиб чиқиш билан таҳдид қилган.

«2023 йил 10 майда Бахмутдаги позицияларимизни Мудофаа вазирлиги бўлинмаларига топшириб, жароҳатларни даволаш учун «Вагнер ХҲК» (хусусий ҳарбий компания) қолдиқларини фронт орти лагерларга олиб чиқамиз», деди Пригожин Телеграмдаги баёнотида.

«Мен Вагнер бўлинмаларини Бахмутдан олиб чиқаман, чунки ўқ-дорилар бўлмаса, улар маънисиз ўлимга маҳкум», деди у.

Россиянинг Вагнер жангарилар гуруҳи асосчиси, россиялик олигарх Евгений Пригожиннинг ҳажвий тулуми олдидаги сайрчилар, 20 феврал, Германиянинг Дюсселдорф шаҳри. Тулумда унинг Украина, Германия, Европа Иттифоқи, НАТО, АҚШ ва Британияни нацизмда айблаётгани акс этган. [Ина Фассбендер/AFP]

Россиянинг Вагнер жангарилар гуруҳи асосчиси, россиялик олигарх Евгений Пригожиннинг ҳажвий тулуми олдидаги сайрчилар, 20 феврал, Германиянинг Дюсселдорф шаҳри. Тулумда унинг Украина, Германия, Европа Иттифоқи, НАТО, АҚШ ва Британияни нацизмда айблаётгани акс этган. [Ина Фассбендер/AFP]

Пригожин Россия мудофаа вазирлигини Вагнернинг Бахмутдаги жанговар ҳаракатларига хиёнат қилганликда айблади.

Унинг айтишича, Россия армияси бир неча бор ва атайин Вагнерга етарлича снарядлар бермаган ва Вагнернинг қанотларини мудофаасиз қолдирган.

Вагнерни кучайтириш учун ваъда қилинган «ўн минглаб» қўшинлар ўрнига, армия ўнлаб, баъзан юзлаб қўшин юборди холос, деб қўшимча қилди у.

Пригожин жума кунги асабий видеомурожаатида, шунингдек, Украинада «ўн минглаб» россиялик жангариларнинг ўлиши ва яраланишида Россия армияси бошлиқларини айблади.

Ушбу улкан талафотларда «бизга ўқ-дори бермай қўйганлар, яъни мудофаа вазири (Сергей) Шойгу ва бош штаб бошлиғи (Валерий) Герасимовлар айбдор», деди у.

«Улар ўн минглаб ҳалок бўлганлар ва яраланганларнинг оналари ва фарзандлари олдида жавоб берадилар. Мен бунга эришаман».

Вагнер гуруҳи русларнинг Бахмутга бир неча ой давом этган машаққатли ҳужумига бошчилик қилиб, кампания доирасидаги энг узоқ ва қонли тўқнашувда шаҳарни қарийб эгаллаган эди.

Шундай бўлса-да, руслар бу жангларда мисли кўрилмаган қурбонлар бериб, урушгача атиги 71 минг аҳоли истиқомат қилган ўртача катталикдан шаҳардан украиналик ҳимоячиларни қувиб чиқара олмаган.

Украина шарқида, хусусан Бахмутдаги беш ойлик жангларда 20 мингдан ортиқ россиялик аскар ҳалок бўлган, 80 минг нафари яраланган. Бу ҳақда душанба куни Оқ уй расмийларидан бири маълум қилди.

Мислсиз танқид

Вагнер ва Россиянинг мунтазам армияси 2022 йил февралда Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бери машҳурлик ва ресурслар учун ўзаро рақобатлашиб келган.

Пайшанба куни эълон қилинган асабий видеомурожаатда Пригожин яна бир бор армия раҳбариятини қоралаган.

Пригожин Телеграмда эълон қилинган видеода жасадлари ерда қалашиб ётган «Вагнер» жангариларининг ўлимида Шойгу ва Герасимовни айблаган.

«Шойгу! Герасимов! Ўқ-дорилар қани?» дейди Пригожин сўкиниб.

«Улар бу ерга кўнгиллилар сифатида келишган ва қизил ёғочдан ишланган кабинетларингизда семириб ётишингиз учун жон беришмоқда», деб айтган у жасадлар олдида турганча.

«Бу Вагнер йигитлари. Улар бугун вафот этишди. Уларнинг қони ҳали совигани йўқ», деди у армия бошлиқлари «дўзахда ёнишини» айтиб.

«Биздаги ўқ-дорилар тақчиллиги 70%ни ташкил этмоқда», деди у сўкинишларга тўла хитобида.

«Сизлар қиммат клубларингизда ўтирибсиз... Ўзингизни ҳаётнинг хўжайинлари деб ҳисоблайсиз ва уларнинг ҳаётини ҳал қилишга ҳақлимиз деб биласиз», деди у жасадларга ишора қилиб.

Гарчи Пригожин аввал ҳам худди шундай таҳдидлар билан истеъфога кетишини айтган бўлса-да, видеодаги эмоционал нутқ ва Россия ҳарбий мутасаддиларига қаратилган танқид бу сафар ўта кескин бўлган.

Президент Владимир Путин билан яқин алоқадаги Пригожин 1991 йилда Совет Иттифоқи қулаганидан кейин ўз она шаҳри Санкт-Петербургда бизнес ва сиёсатдаги фаолиятини бошлаган.

Россия сафидаги бўлинишлар

Россия сафларидаги можаро мамлакат мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, генерал-полковник Михаил Мизинцевнинг қўмондон ўринбосари сифатида Вагнерга қўшилиши ҳақидаги хабарлар ортидан юзага келган.

Ҳарбий мухбир Александр Симонов томонидан Телеграмга жойланган иккита видеода «Вагнер»нинг жанговар кийимидаги Мизинцев машғулотлар лагерига ташриф буюргани ва Бахмутдаги Россия позицияларини кўздан кечираётгани акс этган, деб хабар беради Reuters.

29 апрел куни Пригожиннинг матбуот хизмати Мизинцевни ўз сафига қабул қилиш таклифини билдирганини маълум қилди. Бу баёнот берилишидан бир кун аввал Мизинцев лавозимига тайинланганидан бир неча ой ўтиб, Россия мудофаа вазирлиги томонидан ишдан бўшатилган эди.

Европа Иттифоқи июн ойида Мизинцевга қарши санкциялар жорий қилиб, ўтган йили урушнинг дастлабки ойларида шаҳарнинг вайронкор қамали учун унга «Мариупол қассоби» деган номни берган.

Россия заминидаги тартибсизликлар

Бу орада сўнгги кунларда Россияда дрон ҳужумлари ва поездларнинг релсдан чиқиб кетиш ҳолатлари кузатилди, кузатувчиларга кўра, бу Украинанинг баҳорги қарши ҳужумига оид режаларининг бир қисми бўлиши мумкин.

Сўнгги маълумотларга кўра, жума куни Россия жанубидаги нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин юз берган – бир кун аввал расмийлар ушбу объект дрон ҳужумига учраганини маълум қилган эдилар.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров чоршанба куни эрталаб Кремлга Украина дрони томонидан уюштирилган ҳужум ортида АҚШ тургани ҳақидаги Россиянинг айбловларини такрорлади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) мажлисида иштирок этиш учун Ҳиндистоннинг Гоа штатига ташриф буюрган Лавров ҳужум Вашингтоннинг хабардорлигисиз содир бўлиши имконсиз эканлигини айтди.

«Биз аниқ чоралар билан жавоб қайтарамиз», деди у.

Украина ҳужумга алоқадорлигини рад этган, президент Владимир Зеленский эса «Биз Москва ёки Путинга ҳужум қилмаймиз», деб айтган.

Қўшма Штатлар, шунингдек, унинг ҳужумга алоқадорлиги ҳақидаги барча айбловларни рад этиб, Кремлни АҚШнинг иштироки борасида «ёлғон сўзлашда» айблади.

Пайшанба куни Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Хосеп Боррел Москвани «бу ҳужум урушни авж олдириш учун баҳона сифатида ишлатмаслиги керак» дея огоҳлантирган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Эх, Вагнерчи «ватанпарварлар» компьютер олдида ўтириб, фикр-мулоҳаза ёзишга уринаётганини кўриб турибман. Қанчалик қўрқмас виртуал жангчилар! Аммо кечирасиз-у, улар бу вазифани ҳам унчалик уддалай олмаяпти. Балки улар жуда катта «дала тажрибасига» эгадир, фикрлари билан уруш ичра йўқолиб қолганга ўхшайдилар. Нима ҳам дердик, қадрли ёлланма жангчилар, ҳаминқадар шарҳларингизни ёзаверинг, акс ҳолда дунё сизнинг хиёнатингиз ва арзимаслигингизнинг асл даражасини билмайди!

Жавоб бериш

Пригожинга Новичокли чой беришади, ортиқча гапириб юборди

Жавоб бериш