Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиянинг эскирган Қора денгиз флоти «қўнғир сув» тактикасига ўтишга мажбур бўлмоқда

Ольга Чепил

Қримдаги Севастопол портида турган Россия ҳарбий-денгиз кучлари кемаси. [Филиппо Монтефорте/AFP]

Қримдаги Севастопол портида турган Россия ҳарбий-денгиз кучлари кемаси. [Филиппо Монтефорте/AFP]

КИЕВ – Қўшиқларда «Россиянинг ҳарбий шон-шуҳрати» шаҳри ва «енгилмас қалъа» сифатида мадҳ этиладиган Россиянинг Қора денгиз бўйидаги Севастополь ҳарбий-денгиз базаси ноқонуний босиб олинган Қримдаги обрўсини оқлай олмаган – у ердаги ҳарбий кемалар тез-тез ҳужумга учрамоқда.

2022 йил феврал ойида Украинага асоссиз ҳужум бошлашидан аввал, Россия Қора денгизда ўз ҳарбий қудратини кўз-кўз қилишга уриниб, Севастопол ва Новороссийск келган 30 дан ортиқ кемалар иштирокида кенг миқёсли машғулотлар ўтказди.

Аммо ўша йил ёзда Украина кучлари жавоб зарбалари доирасида Севастопол ва Россия ҳарбий-денгиз кучлари кемаларини сувости дронлари ёрдамида муваффақиятли нишонга ола бошладилар.

Ўшандан бери Қрим порти сувларида мунтазам тўқнашувлар юз бермоқда, жумладан, 24 апрел куни Украина йирик қарши ҳужумга тайёрланаётгани ҳақидаги хабарлар фонида денгиз базасига дрон ҳужуми амалга оширилган.

15 июл куни олинган суратда Қрим ярим оролининг энг йирик шаҳри ҳамда унинг энг муҳим порти ва ҳарбий денгиз базаси – Севастополдаги ишламай қолган совет ҳарбий техникаси акс этган. [Ольга Мальцева/AFP]

15 июл куни олинган суратда Қрим ярим оролининг энг йирик шаҳри ҳамда унинг энг муҳим порти ва ҳарбий денгиз базаси – Севастополдаги ишламай қолган совет ҳарбий техникаси акс этган. [Ольга Мальцева/AFP]

Қримда жойлашган Севастополдаги Россия Қора денгиз флоти бош қароргоҳи олдида патрул назорати олиб бораётган ҳарбий денгиз кучлари, 31 июл. [Stringer/AFP]

Қримда жойлашган Севастополдаги Россия Қора денгиз флоти бош қароргоҳи олдида патрул назорати олиб бораётган ҳарбий денгиз кучлари, 31 июл. [Stringer/AFP]

Қримдаги воқеаларни ёритувчи «Крым.Реалии» ахборот портали мухбирларининг хабар беришича, 24 апрел куни Севастополнинг Нахимов ҳарбий-денгиз академияси ва Стрелецка қўлтиғи яқинида иккита портлаш, ўқотар қуроллар ва зенит қуроли иштирокида отишма овозлари эшитилган.

«Қўнғир сувлар флоти»

Россия вазиятни ўзгартиришга ҳарчанд уринмасин, Қримдаги Россия ҳарбий-денгиз флоти инновацион ечимларни жорий қила олмайдиган ва ўзининг эскирган денгиз мудофаа тизимини яхшилаш учун хориждаги қудратли давлатлар билан ҳамкорлик қилишни истамайдиган «қўнғир сув» флотига айланди, дейди таҳлилчилар.

«Қўнғир сув флоти денгиз флотининг соҳилбўйи сувларида, қирғоқдан кўпи билан 19 километр узоқликда ёки дарё йўлларида ҳаракат қилишини англатади», дейди ҳарбий таҳлилчи Иван Киричевский Карвонсаройга берган интервюсида.

Бу Россия ҳарбий-денгиз кучларининг Севастополдаги ҳозирги фаолиятини акс эттиради, деди Киевдаги Defense Express консалтинг компаниясида ишлайдиган Киричевский.

«Улар вақтинча босиб олинган Қрим соҳилларидан бир неча километр узоқликда сув юзасига чиқиб, «Калибр» ракеталарини отиб, қайтиб кириб кетмоқда», деди у.

Бунга қадар Россиянинг ракета захиралари тугаб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Таҳлилчиларга кўра, Кремлнинг денгиз флоти базаларга боғланиб қолган ва эркин ҳаракат қила олмайди. Украинага кенг кўламли босқин бошланишидан олдин Россиянинг Қора денгиз флоти қудратли деб ҳисоблангани учун бу кутилмаган ҳолат бўлган.

Киричевскийга кўра, бу ҳолатни флотда Совет Иттифоқи томонидан ишлаб чиқарилган жуда кўп кемалар борлиги инобатга олингани билан изоҳлаш мумкин.

Аммо ҳозир бу кемалар портлардан чиқаётгани йўқ, деди у.

«Уларнинг денгиз флоти қодир бўлган ягона иш – қирғоқдан бир неча километр узоқликда сув юзасига чиқиб, биз тарафга «Калибр» ракеталарини учириш ва ҳеч қандай таҳдид мавжуд бўлмаган Азов денгизи бўйлаб ҳарбий юкларни ташиш», деди Киричевский.

Россия денгиз флотининг ҳужумлардан ҳимоялана олмаслиги ҳарбий қўмондонларни ранжитмоқда. Ўтган йили Россия президенти Владимир Путин ҳатто Севастополда ўнлаб йиллар давомида муҳим сана бўлган денгиз флоти кунини нишонлашни ҳам бекор қилишга мажбур бўлган эди.

«Ишончим комилки, бевосита Қрим учун жанглар бошланганида ҳам руслар одатдагидек ҳаракат қилишади», деди Киричевский.

«Улар кемаларни боғлаб қўйишади ёки бутунлай сув остига туширишади, экипаж эса қирғоққа чиқиб, қуруқликдаги кучга айлантирилади», деб қўшимча қилди у. «Иккинчи жаҳон уруши вақтида ҳам шундай қилинган.»

Муаммоли ҳаво мудофааси

Қора денгиздаги Россия ҳарбий-денгиз флотининг ҳалокатли ҳолатига асосий сабаб – денгиздаги ҳаво мудофаа тизими муаммосидир, дейди таҳлилчилар.

Уларнинг таъкидлашича, 2022 йил апрел ойида Россиянинг байроқдор ракета крейсери – «Москва» йўқ қилингач, бу ҳудуддаги Россия кемалари деярли ҳимоясиз қолишган.

Руслар ўз кемаларини шошилинч равишда қайта жиҳозлашга мажбур бўлишди, натижада кемаларнинг бирламчи мақсади ва самарадорлиги ўзгарди. Масалан, 22160 лойиҳасининг патрул кемалари ҳозир «Тор-М2КМ» зенит-ракета тизимлари билан жиҳозланмоқда.

«Патрул кемаларида вертолёт бўлиши керак эди», дейди Украина миллий стратегик тадқиқотлар институтининг ташқи сиёсатни ўрганиш маркази раҳбари Максим Паламарчук.

«Аммо вертолёт ўрнига улар дронлар ва самолётлардан ҳимояланиш имконини бериш учун «ер-ҳаво» ракета тизимлари билан жиҳозланган», деди у Карвонсаройга.

«Мунтазам жанговар самолётлар етишмаслиги туфайли улар патрул кемаларини жанговар ролга унчалик мос келмайдиган қилиб қайта жиҳозладилар», деди у.

«Бу кемалар мустақил миссияларни бажариш учун етарлича салоҳиятга эга эмас – улар шунчаки денгиз полициясининг қайиқлари.»

InfoResist сайтининг ҳарбий ва сиёсий таҳлилчиси, одессалик ҳарбий кузатувчи Александр Коваленкога кўра, кемага қуруқликдаги зенит-ракета тизимини ўрнатиш «ақлга тўғри келмайди».

Қуруқликдаги ва кемадаги тизимлар «мутлақо бошқача ҳисоб-китоблар асосида ишлайди ва бошқа-бошқа хусусиятларга эга», деди у Карвонсаройга.

«Элементар нуқтайи назардан қаралса ҳам, бу зенит-ракета тизими [денгизда] доим тебраниб туради», деб тушунтирди у. «У эса стационар ҳолатда бўлиши керак, чунки қуруқликда фойдаланиш учун мўлжалланган.»

Текширилмаган мудофаа тизимлари

«Улар бу вазиятдан чиқишга уринаётгани тушунарли, чунки уларнинг денгиздаги ҳаво мудофааси умуман чала», деди Коваленко Кремл ўзининг денгиздаги ҳаво мудофаа тизимларини жанговар шароитларда синаб кўрмаганини қўшимча қилиб.

«Москва» ракета крейсерига ўрнатилган Совет даврига мансуб С-300Ф тизими етарли даражада синовдан ўтказилмаган ва охир-оқибат ўз вазифасини бажара олмади, деди у Украинадаги уруш бу тизимнинг барча заиф томонларини яққол кўрсатганини таъкидлаб.

«Муаммо фақат Қора денгиз флотида эмас», деди у. Россиянинг «бутун Тинч океани флоти С-300Ф зенит-ракета тизимига эга кемалар ёки янги, охиригача синалмаган «Полимент – Редут» мажмуаси ўрнатилган кемалар билан ҳимояланган».

«Полимент-Редут» тизими тўлиқ синовдан ўтказилмаган, деб айтган у Россия кемасозлигининг ачинарли ҳолатини назарда тутиб.

«Улардаги маблағ билан бундан кучли флотга эга бўлиш мумкин эди, аммо тизимли коррупция бунга тўсиқ бўлмоқда», деб айтган Паламарчук.

«Бу уруш уларнинг ҳарбий денгиз кучларини йўқ қилмаса ҳам, унинг келгуси ривожи йўлига жиддий тўғаноқ бўлади», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Саёзликка ўтирган.

Жавоб бериш

Улар тўғридан-тўғри Россиянинг ҳарбий тоғоралари юборилган жойга боришмоқда.

Жавоб бериш

Ҳатто шу ўтин билан ҳам уларнинг таъзирини беришяпти

Жавоб бериш