Карвонсарой
Хавфсизлик

Путин Украинадаги уруш туфайли Ғалаба кунини тартибсизлик ва можаролар шароитида нишонламоқда

Карвонсарой ва AFP

2023 йил, 9 май куни Россия президенти Владимир Путин Москва марказидаги Қизил майдонда Ғалаба кунига бағишланган ҳарбий парад чоғида нутқ сўзлади. [Гавриил Григоров/SputnikAFP]

2023 йил, 9 май куни Россия президенти Владимир Путин Москва марказидаги Қизил майдонда Ғалаба кунига бағишланган ҳарбий парад чоғида нутқ сўзлади. [Гавриил Григоров/SputnikAFP]

МОСКВА -- Сешанба (9 май) куни Россия президенти Владимир Путин Москвада Ғалаба байрамини нишонлаш чоғида куч ва қатъият туйғусини кўрсатишга уринган бўлса-да, Украинадаги ва Россия ичидаги мудҳиш воқеликлар кенг тарғиб қилинган тадбирга соя солган.

Москвада қисқартирилган йиғилишдаги қисқача мурожаати чоғида Путин парад формасидаги Россия ҳарбий хизматчиларига юзланиб, мамлакат келажаги Украинада жанг қилаётган россиялик аскарларга боғлиқлигини айтди.

«Давлатчилигимиз ва халқимизнинг келажаги сизга боғлиқ», деди Путин қария фахрийлар ва Россиянинг Украинадаги кампанияси аскарлари билан ёнма-ён туриб.

2000 йилда ҳокимиятга келган Путин 1945 йилда Совет Иттифоқининг нацистлар устидан қозонилган ғалабаси атрофида ватанпарварлик руҳини авж олдириб, Совет ҳокимиятининг вориси сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга уриниб келади.

Украинадаги ҳужумини оқлаш учун Совет уруши хотирасидан ҳам фойдаланган Кремл Ғарб қўлловидаги «нацистларга» қарши курашаётганини даъво қилади.

Шундай бўлса-да, 2022 йил феврал ойида босқин бошланганидан бери ҳарбийларнинг Украинада эришган ҳаминқадар ютуқлари ва улкан йўқотишлар байрамга соя солмоқда.

Беш ой давомида Украина шарқидаги жангларда 20 мингдан ортиқ россиялик ҳарбий ҳалок бўлди, яна 80 минг нафари яраланди, деб хабар берган 1 май куни Оқ уй расмийларидан бири.

Ғалаба байрами арафасида Россияда бир қанча қўпорувчилик амалиётлари содир этилди: поездни релсдан чиқариб юборган портлаш, Кремлга дрон ҳужуми ва кремлпараст ёзувчи яралаган автомобилдаги мина портлаши – шулар жумласидандир.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песковнинг баён қилишича, давлат раҳбарларининг хавфсизлигини таъминлаш учун «барча зарурий чоралар» кўрилган.

Шундай бўлса-да, йигирмадан ортиқ шаҳар ва қишлоқларда хавфсизлик важидан маҳаллий ҳарбий парадларни ўтказиш режалари бекор қилинди.

Россиянинг Украина билан чегарадош Курск ва Белгород вилоятлари раҳбарлари ҳам хавфсизлик важидан Ғалаба куни паради тадбирларини бекор қилишган.

Апрел ойида мудофаа вазири Сергей Шойгу Москвадаги парадда ўтган йилгига нисбатан камроқ аскарлар ва техника иштирок этишини эълон қилган эди.

Вагнер айбловлари

Путиннинг мурожаатига Кремлпараст Вагнер ёлланма гуруҳининг раҳбари Евгений Пригожиннинг аччиқ изоҳлари путур етказди. У Россия армиясини Украинадаги кетма-кет муваффақиятсизликларда айблади.

Путин нутқи билан бир вақтда эълон қилинган баёнотида Пригожин Россия қуролли кучларининг айрим аскарларини Украина урушининг маркази ҳисобланган Бахмут яқинидаги позицияларини тарк этишда айблаган.

«Уларнинг ҳаммаси фронтни ташлаб қочиб кетган», деди Пригожин. Агар Россия армияси қўшимча ўқ-дори билан таъминламаса, гуруҳ сешанбагача Бахмутни тарк этишини такрорлаб.

Пригожиннинг сўзларига кўра, аскарлар «жиноий буйруқлар» бераётган Россия қўмондонларининг «аҳмоқлиги» сабабли қочишмоқда.

«Аскарлар раҳбариятнинг аҳмоқлиги сабабли ҳалок бўлмаслиги керак», деб айтган Пригожин.

Вагнер Россиянинг Украина шарқидаги вайрон бўлган саноат шаҳарчаси Бахмутга бир неча ой давом этган ҳужумини бошқариб келган, қиш ойларидаги ҳужумдан бошқа Россия кучлари деярли ҳеч нарса қила олмаган.

«Нимага ҳукумат мамлакатни ҳимоя қила олмаяпти?», деб савол беради Пригожин аламзада видеомурожаатида. Худди шу видеода у Россия армиясининг раҳбариятини Украина кампаниясининг бориши ҳақида Путинни алдашга ҳаракат қилаётганликда айблаган.

«Агар ҳамма вазифалар бош қўмондонни (Путин) алдаш учун қилинаётган бўлса, сизни у ёки урушда мағлуб бўлганингиздан ғазабланган Россия халқи тилка-пора қилади», деб айтган Пригожин.

Унинг сўзларига кўра, Украина «телевизорда эмас, майдонда бўладиган» ҳужумга ҳозирлик кўрмоқда.

«Негадир мамлакатимиздаги одамлар ҳамма ишлар телевизорда қилиниши керак деб ўйлашади.»

«Европа оиласи»

Европа Комиссияси (ЕК) президенти Урсула фон дер Ляйен Москвадаги Ғалаба куни ҳарбий парадига рамзий жавоб сифатида Европа тинчлик ва бирлик кунини нишонлаш учун Киевга келди.

ЕК Европа Иттифоқининг (ЕИ) ижрочи органи ҳисобланади.

У Украина президенти Владимир Зеленский билан мамлакатнинг ЕИга аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини муҳокама қилиш учун учрашди.

Зеленский худди Брюсселдаги каби собиқ Совет Иттифоқининг Ғалаба кунини нишонлаш анъанасини бекор қилиб, 9 май куни Европа куни сифатида байрам қилиниши ҳақида буйруқ берган.

«Президент Зеленскийнинг 9 май кунини Европа куни деб белгилаш қарорини олқишлайман. Украина Европа оиласининг бир қисми», деб айтган фон дер Ляйен Киев томон йўлида.

«Бугун 9 май куни Киевда бўлишим рамзий маънога эга, бироқ бу айни пайтда ҳал қилувчи ва ўта амалий воқеликнинг белгиси: Европа Иттифоқи Украина билан кўп масалаларда ҳамкорлик қилмоқда».

У келишидан бироз аввал Украина ҳарбий-ҳаво кучлари душанбадан сешанбага ўтар кечаси Россия томонидан учирилган 25 та қанотли ракетадан 23 тасини уриб туширган.

Киевдаги ҳаво сиренаси фон дер Ляйен келишидан тахминан бир соат олдин тўхтаган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Вагнернинг «ватанпарвар» ёлланма аскарлари ўз принципларини Кремл таҳдидларидан арзонроққа сотмоқдалар гўё. Улар маҳорат билан ватанпарварлар ва Россия манфаатларининг ҳимоячилари ролини ўйнаяпти, аслида эса улар пул учун ўлдиришга тайёр оддий ёлланма аскарлар. Балки, келаси сафар улар ўзларининг «ватанпарварлик» изоҳларини чегирма билан сотишни бошлашар? Бу «Ватанга садоқат»га соф тижорий ёндашув.

Жавоб бериш

Фақат битта T-34 дан иборат ачинарли парад :)))

Жавоб бериш