Карвонсарой
Дипломатия

Хитой ва Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсир учун кураши «фобияни кучайтирмоқда»

Карвонсарой ва AFP

2019 йилнинг 26 октябр куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида полиция намойишчиларни ҳибсга олмоқда. Қозоғистоннинг асосий шаҳарларида тақиқланган мухолифат гуруҳи ҳукумат ва Хитойнинг иқтисодий экспансиясига қарши норозилик намойишига чақириши ортидан йигирмадан ортиқ одам қўлга олинган. [Руслан Пряников/AFP]

2019 йилнинг 26 октябр куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида полиция намойишчиларни ҳибсга олмоқда. Қозоғистоннинг асосий шаҳарларида тақиқланган мухолифат гуруҳи ҳукумат ва Хитойнинг иқтисодий экспансиясига қарши норозилик намойишига чақириши ортидан йигирмадан ортиқ одам қўлга олинган. [Руслан Пряников/AFP]

ПЕКИН – Хитой Украинадаги асоссиз уруши туфайли мушкул аҳволда қолган Россия тарафидан собиқ Совет давлатларида қолдирилган бўшлиқни тўлдиришга интилар экан, Марказий Осиёда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш чораларини кучайтирмоқда.

Марказий Осиё Хитойнинг триллион долларлик «Камар ва йўл» (BRI) номи билан танилган «Бир камар, бир йўл» ташаббуси (OBOR) учун муҳим элементга айланган бўлиб, бу президент Си Цзинпин учун муҳим геосиёсий лойиҳадир.

Ушбу лойиҳа доирасида 150 га яқин давлат йўллар, портлар, темирйўл ёки гидроэлектростанциялар тўғонлари барпо этиш учун Хитойдан маблағ олган.

Пекиннинг маълум қилишича, 2022 йилнинг биринчи чорагида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан савдо айланмаси 70 миллиард долларга етган ва ва 2023 йилнинг биринчи чорагида 22 фоизга ошган.

Хитой раҳбари Си Цзинпиннинг Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан Остонадаги учрашувидан сўнг сўзлаган нутқига бағишланган янгиликлар дастури ташқи экранда намойиш этилмоқда, Пекин, 15 сентябр. [Жейд Гао/AFP]

Хитой раҳбари Си Цзинпиннинг Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан Остонадаги учрашувидан сўнг сўзлаган нутқига бағишланган янгиликлар дастури ташқи экранда намойиш этилмоқда, Пекин, 15 сентябр. [Жейд Гао/AFP]

Таҳлилчиларга кўра, Россиянинг Украинадаги уруши туфайли бу борадаги динамика янада кўпроқ Пекин фойдасига ўзгарган – натижада минтақадаги кўпчилик давлатлар Москва билан узоқ йиллик алоқаларини шубҳа остига олиб, бошқа жойлардан иқтисодий, дипломатик ва стратегик кафолатлар излай бошлаганлар.

«Россиянинг Украинадаги тажовузидан сўнг Марказий Осиё республикалари ўз суверенитетини йўқотишдан хавфсирай бошлади», дейди Мумбайдаги Observer Research Foundation жамғармаси ходими Айжаз Вани AFPга.

Си шу ҳафта ғарбий Сиан шаҳрида ўтказиладиган саммитда беш давлат раҳбарларини қабул қилади.

Саммитда кенг миқёсли транспорт йўллари ва қувурлар, жумладан, анчадан бери тўхтаб қолган 6 миллиард долларлик Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини ривожлантириш ва Марказий Осиё-Хитой газ қувурини кенгайтиришга оид чоралар муҳокама қилинади.

Гарварддаги Дэвис номидаги Россия ва Евроосиё тадқиқотлари марказининг Марказий Осиё дастури директори Наргис Кассенованинг айтишича, Россиянинг Украинадаги уруши «Марказий Осиё давлатларини янада кўпроқ Хитой қучоғига ирғитган».

Хитой экспансионизми

Аммо Хитойнинг Марказий Осиёга кириб бориши қаршиликка дуч келмоқда.

Франциядаги Хитой элчиси Лу Шаенинг собиқ Совет республикалари суверенитетини шубҳа остига қўйган сўнгги провокацион баёноти Пекиннинг минтақадаги роли борасида хавотир уйғотган.

BRI лойиҳасида ўзини «тўқа» деб таърифлаган Қозоғистонда 2019 йилда Хитой экспасионизмига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Бу воқеадан бир йил ўтиб, Қирғизистондаги савдо-логистика марказига қарийб 300 миллион доллар сармоя киритишни режалаган хитойлик инвестор маҳаллий аҳоли норозилиги туфайли лойиҳадан воз кечган.

Пекиннинг иддао қилишича, BRI хусусан, ривожланаётган мамлакатлар билан дўстона савдо алоқаларини чуқурлаштиришни кўзда тутади.

Аммо танқидчилар анчадан бери Хитойни улкан ва тўланиши қийин кредитлар таклиф қилиб, даромади паст мамлакатларни қарз тузоғига илинтиришда айблаб келади. Айримларнинг фикрича, BRI лойиҳаси бутун дунёда Хитойнинг кенгайиб бораётган ҳарбий ҳозирлиги учун ниқоб бўлиб хизмат қилади.

«Хитой қарз олувчи мамлакатларга дефолтдан қочишга ва ҳеч бўлмаганда қисқа муддат BRI доирасида олган қарзларини тўлашни давом эттиришга ёрдам берадиган «Камар ва йўл қутқаруви» тизимини ишлаб чиққан», дейилади март ойида АҚШда жойлашган Aidata тадқиқот лабораторияси томонидан эълон қилинган ҳисоботда.

Пекиннинг улкан сарф-харажатлари ва ички сиёсатга таъсир қилиши борасидаги хатарлар «тобора авж олаётган фобияларни кучайтирмоқда», деб айтган Жорж Вашингтон университети Марказий Осиё дастурининг тадқиқотчи профессори Себастьян Пейруз.

Хитойнинг тараққиёти минтақада намуна сифатида кўрилади, аммо кўпчилик Пекиннинг мақсади табиий бойликларни қазиб олиш эканлигидан хавотирда, деб айтган у AFP нашрига.

Шинжон ҳам баҳсли мавзу бўлиб, бу ерда Пекин бир миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа мусулмон озчиликлар вакилларини «қайта тарбиялаш» лагерларида ҳибсда сақламоқда.

Айбловлар оммавий ҳибсга олиш, мажбурий меҳнат, мажбурий стерилизация, тизимли зўрлашлар ҳамда уйғурлар маданияти ва исломий обидаларининг йўқ қилинишини ўз ичига олади.

Уйғурларнинг Марказий Осиё билан боғлиқлиги узоқ тарихга бориб тақалади, умумий диний ва этник мерос туфайли уларнинг оғир вазияти минтақада аксилхитой кайфиятни кучайтирган.

Аксилхитой кайфиятлари кучаймоқда

Таҳлилчиларга кўра, Хитой Марказий Осиёдаги элита орасида оддий халққа нисбатан машҳурроқ, чунки сиёсатчиларга жамият доим ҳам қўллаб-қувватламайдиган инвестициялар зарур.

«Бу қисман катта сондаги аҳоли, улар ва Хитой ўртасидаги иқтисодий нотенглик билан боғлиқ», деб айтган Яқин Шарқ институти ходими Ли-Чен Сим.

Шунингдек, «Хитой молиялаштирган лойиҳаларда маҳаллий аҳоли учун иш жойлари йўқлиги» ва «Хитой олдидаги улкан қарздорлик» мухолифатга қўл келмоқда, деб қўшимча қилган у.

«Айрим жойларда Хитойга қарши кайфият кучайган», деди Швециядаги Упсала университети профессори Стефан Хедлунд.

«Буни катта иқтисодий оқим бартараф этиши мумкин ёки йўқлиги ҳозирча ноаниқ.»

Минтақа монолит эмас ва таҳлилчиларга кўра, Пекин Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чуқур тафовутларни доим ҳам англаб етмаган.

Муносабат ўзгариб бораётгандек туюлса-да, Лондондаги Royal United Services Institute тадқиқот марказининг ҳисоботида айтилишича, Марказий Осиёликлар ҳали ҳам Хитойдан кўра Россияга нисбатан анча хайрихоҳ.

«Минтақадаги кўпчилик Россиянинг сиртмоғи чармдан ишланган, вақт ўтиб емирилади, Хитойнинг сиртмоғи эса темирдан, ундан халос бўлиш имконсиз деб ўйлашади», деб айтган Observer тадқиқот фонди ходими Ваний.

«Хитой ҳам худди Россия каби бизни ҳеч қачон тенг ҳуқуқли ҳамкор... ва умуман, тўлақонли давлат ҳисобламаган», дейди хавфсизлик бўйича таҳлилчи, бишкеклик Қосибек Жолчуев Карвонсарой билан суҳбатда.

«Минтақамиз улар учун хомашё қўшимчаси бўлиб, улар ўзларини биз нима қилишимиз ва қандай ривожланишимиз кераклигини ҳал қилишга ҳақли деб ўйлашади», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россиянинг ҳарбий қудрати заиф.

Жавоб бериш

Хитой Россияни сиқиб чиқармоқда.

Жавоб бериш