Карвонсарой
Таҳлил

Меҳнат мигрантлари оқими камаяр экан, Россияда демографик муаммолар чуқурлашмоқда

Канат Алтинбаев

28 март куни Москва халқаро бизнес марказининг (Москва-Сити) осмонўпар бинолари яқинида кўчани кесиб ўтаётган одамлар. Маълумотларга кўра, Россиянинг Украинага босқини Россиядаги демографик инқирозни янада оғирлаштирган. [Наталья Колесникова/AFP]

28 март куни Москва халқаро бизнес марказининг (Москва-Сити) осмонўпар бинолари яқинида кўчани кесиб ўтаётган одамлар. Маълумотларга кўра, Россиянинг Украинага босқини Россиядаги демографик инқирозни янада оғирлаштирган. [Наталья Колесникова/AFP]

ОЛМАОТА – Эндиликда меҳнат миграцияси Россияни демографик инқироздан қутқариб қололмайди, дейди кузатувчилар.

Россиянинг Украинага ҳужуми президент Владимир Путин анчадан бери курашиб келаётган демографик инқирозни янада кучайтирди ва бу санкциялар остида қолган мамлакат иқтисодиётига янада кўпроқ зиён келтириши мумкин.

Туғилиш даражасининг муттасил пастлиги сабаб ишчи кучи камайганидан азият чекаётган мамлакат учун бу можаро йиллар давомида сақланиб қоладиган янада кўпроқ қийинчиликларни пайдо қилади.

Юз минглаб эркакларнинг урушга сафарбар этилиши уларни меҳнат бозоридан чиқариб ташлаши билан бирга, аҳолининг кўплаб ўқимишли қатламини мамлакатни тарк этишга мажбур қилган.

Москва метросида полиция ўзбек мигрантларининг ҳужжатларини текширмоқда, 20 октябр. [Даниил Каримов]

Москва метросида полиция ўзбек мигрантларининг ҳужжатларини текширмоқда, 20 октябр. [Даниил Каримов]

Ҳуқуқ ҳимоячилари мигрантларга «фронтга тушиб қолмаслик учун қўлингиздан келганини қилинг» демоқда. [Карвонсарой]

Ҳуқуқ ҳимоячилари мигрантларга «фронтга тушиб қолмаслик учун қўлингиздан келганини қилинг» демоқда. [Карвонсарой]

Россияда 1990-йилларда иқтисодий қийинчиликлар ва мамлакат келажаги борасидаги ноаниқликлар туфайли туғилиш икки баробарга камайган, паст туғилиш кўрсаткичлари Совет Иттифоқи парчаланганидан бери сақланиб қолган эди.

Россия аҳолиси Украинадаги уруш, COVID-19 ва мамлакатни тарк этганлар туфайли 2020 йилдан бери одатдагидан 2 миллиондан кўпроққа камайди, деб ёзган эди The Economist нашри март ойида.

Ҳозирда 15 ёшдаги россиялик эркакларнинг умр кўриш давомийлиги қарийб беш йилга камайиб, Гаити даражасига тушган. «2022 йил апрел ойида туғилганлар сони Гитлер ишғоли вақтидагидан кўп эмас эди», дейилади мақолада.

Ҳозир мамлакатда аёллар эркакларга қараганда камида 10 миллионга кўп.

Ҳозирги инқироз «аҳоли йилига қарийб ярим миллионга камайиб борган 2000-йиллар бошидагидан ҳам ёмонроқ», деб ёзади The Economist.

Ўшандан бери Путин экзистенциал инқирозни ҳал қилишга уриниб, одамлар онгига «анъанавий қадриятларни» сингдириш ва оилаларни фарзандли бўлишга рағбатлантириш ҳаракатида бўлди.

У аҳоли сонининг оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида иккинчи ва кейинги ҳар бир бола учун мукофот пулини жорий қилган.

Аммо эндиликда вазият янада ёмонлашиши мумкин.

«Урушдаги йўқотишлар камайиб бораётган ва касалликлар билан курашаётган аҳоли гарданига юк бўлиб тушяпти. Россия демографик таназзулнинг ҳалокатли ҳалқасига кириб бораётган бўлиши мумкин», деб ёзади The Economist.

Мигрантлар ўз ватанига кетмоқда

Ишчи кучининг қисқариши ҳисобга олинса, Россияда ишсизлик даражаси паст – 3,5 фоизни ташкил этгани яхшиликдан нишона эмас. Аксинча, бу – ишга ёлланувчиларнинг танқислиги, турли соҳалар бўш иш ўринларини тўлдиришга қийналаётганини кўрсатади.

19 апрел куни Россия Марказий банки томонидан эълон қилинган тадқиқот натижалари айниқса, «қайта ишлаш саноати», транспорт ва «сув таъминоти» соҳаларида «ўткир» кескинлик мавжудлигини тасдиқлаган.

Ўтган ой Олий Иқтисодиёт мактаби томонидан ўтказилган тадқиқотда айтилишича, Россия аҳоли қисқаришининг олдини олиш учун аср охирига қадар ҳар йили 390 мингдан 1,1 миллионгача мигрантни қабул қилиши керак.

Аммо айрим соҳалар, хусусан, юқори маълумот талаб қиладиганлари кадрлар танқислигини қоплай олмаяпти.

2012 йилда қабул қилинган, Россиянинг 2025 йилгача бўлган давр учун мўлжалланган давлат миграция сиёсати концепциясига кўра, мигрантларнинг Россияга кўчиб келиши аҳоли қисқаришини қисман компенсация қилиши мумкин.

Ҳужжатда айтилишича, 1992 йилдан 2012 йилга қадар аҳоли сонидаги табиий камайишнинг ярмидан кўпи собиқ иттифоқ республикаларидан келган мигрантлар ҳисобига қопланган.

Бироқ, бу оқим ҳам тўхтаб қолиши мумкин.

Украинадаги уруш ва 2022 йилда жорий қилинган кенг кўламли санкциялар туфайли Россия иқтисодиёти 2 фоиздан кўпроққа қисқарди. Хорижий компаниялар ўз фаолиятини тўхтатди, қурилиш ишлари тўхтатилди, натижада Марказий Осиёдан келган кўплаб мигрантлар доимий иш жойидан маҳрум бўлди.

Ўшлик Зарина Аттокурова Москвадаги дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи компанияда офис-менежер бўлиб ишлар эди.

Март ойида европалик мижозлар Россия компанияси билан ҳамкорликни тўхтатиши ортидан у ҳам ишдан бўшатилган ва Қирғизистонга қайтиб, Бишкекда иш топган эди.

«Россияда иш топиш аввалгига нисбатан қийинлашган», деди Аттокурова Карвонсарой нашрига. «Ўтган йили анча одам ишсиз қолди, бу йил эса яхши иш жойларига кўпчилик, шу жумладан маҳаллий аҳоли ҳам даъвогарлик қилмоқда.»

Ўтган йили кўплаб Россия компаниялари Қирғизистонга кўчиб ўтган, деб таъкидлади у.

«Россияда қиладиган иш йўқ»

Ўтган йил сентябр ойида Путиннинг сафарбарлик эълон қилиши мигрантларни саросимага солиб қўйган.

Ҳуқуқбонларга кўра, Россиядаги ҳарбий комиссариатлар қонунни қўпол равишда бузиб, фуқароларга мажбурий тарзда чақирув қоғозларини топширган ва фронтга ҳатто Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини ҳам олиб кетган.

Ўтган йили кўпчилик мигрантлар Россиядан Қирғизистонга қайтди, дейди Бишкек адвокатлара уюшмаси раҳбари Ислам Байгараев.

«Россияда содир бўлаётган воқеалардан уларнинг ҳафсаласи пир бўлган», деди мигрантларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи Байгараев Карвонсарой нашрига. «Россия ишлаш учун жозибадорлигини йўқотди

Кўпчилик мигрантларни Қозоғистон ва Жанубий Корея каби бошқа мамлакатларда ишлаш имконияти қизиқтирмоқда, деб айтган у.

«Иқтисодий қийинчиликлар ортиб бораётгани туфайли Россияда келгуси йилларда Марказий Осиёлик мигрантлар сони кескин камайиши кутилмоқда», деб айтган Байгараев.

«Бу тренд Россиядаги демографик инқирозга ўта салбий таъсир қилиши мумкин. Бунга сабаб, Россиянинг ўз фуқароларини ҳам, хорижликларни ҳам ҳурмат қилмаслигидир.»

Москвадаги қурилишда ишлаган тошкентлик собиқ мигрант Ойбек Ҳасанов ўтган йил май ойида Россия пойтахтида қурилиш соҳаси тўхтаб қолиши ортидан Ўзбекистонга қайтган эди. Унинг сўзларига кўра, у Тошкентда қурувчилар жамоасини тўплаган ва Россиядан кўпроқ даромад топаяпти.

«Мамлакатимизда собиқ меҳнат мигрантлари учун иш ўринлари кўпайиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз, чунки корхоналар ва қуриладиган уйлар кўпайди, одамлар ҳаёти фаровонлашмоқда», дейди Ҳасанов.

«Россияда қиладиган иш қолмади.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия аҳолиси камаймоқда, мусулмонлар сони эса ортиб бормоқда.

Жавоб бериш