Карвонсарой
Атроф-муҳит

Ўзбекистон яқинлашиб келаётган сув инқирози учун янги ечимлар изламоқда

Рустам Темиров

Наманган вилояти, Мингбулоқ тумани, Бешсерка қишлоғида янги ўрнатилган сув қувури атрофида ўйнаётган болалар, 15 сентябр. [Шохруҳ Кенжаев]

Наманган вилояти, Мингбулоқ тумани, Бешсерка қишлоғида янги ўрнатилган сув қувури атрофида ўйнаётган болалар, 15 сентябр. [Шохруҳ Кенжаев]

ТОШКЕНТ – Яқинлашиб келаётган сув инқирозини ҳал қилиш – сувни тежаш технологияларини жорий қилиш, сувга қимматли ва ўз нархига эга иқтисодий ресурс сифатида қараш билан боғлиқ муҳим зеҳниятга таянади, дейди таҳлилчилар.

27-28 апрел кунлари бўлиб ўтган 2-Тошкент халқаро инвестиция форуми давомида расмийлар ва кузатувчилар Ўзбекистонда кутилаётган сув инқирози ҳақида нохуш прогнозлар билан чиқишди.

Ўзбекистоннинг 80% ҳудуди чўллардан иборат. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, мамлакатда сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сарфланади.

Мамлакат қишлоқ хўжалигини экинлари орасида сувни кўп истеъмол қиладиган ўсимлик пахтадир.

Ўзбекистонда сув истеъмолининг турли соҳалар кесимидаги кўриниши. Сувнинг 90,6 фоизи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ишлатилади. [Карвонсарой]

Ўзбекистонда сув истеъмолининг турли соҳалар кесимидаги кўриниши. Сувнинг 90,6 фоизи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ишлатилади. [Карвонсарой]

Тошкент вилоятидаги Оҳангарон сув омбори, 27 май кунги сурат. Сув омбори 1989 йилда ишга туширилган. [Шохруҳ Кенжаев]

Тошкент вилоятидаги Оҳангарон сув омбори, 27 май кунги сурат. Сув омбори 1989 йилда ишга туширилган. [Шохруҳ Кенжаев]

«2030 йилга бориб Ўзбекистонда 7 миллиард куб метр сув (ҳозирги эҳтиёжнинг 25 фоизи) етишмовчилиги юзага келади», деди Ўзбекистон сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Азимжон Назаров форумдаги чиқишида.

Ўзбекистонга 80 фоиз сув бошқа мамлакатлардан келади.

«Шунингдек, 30-40 йил аввал яратилган инфратузилмалар жиддий модернизацияга муҳтож, зеро сув захиралари камайиб, янги бинолар ва аҳоли сони кўпаймоқда».

«Бунинг учун янги ҳажм ва сифатдаги сув талаб этилади... Бу ҳажм ҳозирда [дарёлар ва сув омборларидан] олинаётган сувнинг 25 фоизини ташкил қилади», деди Назаров.

2035 йилга бориб, мамлакатнинг сувга эҳтиёжи ҳозиргидан 35 фоизга кўпроқ бўлиши кутилмоқда.

Жаҳон банки прогнозларига кўра, бу вақтга келиб, чучук сув танқислиги ЯИМнинг 11 фоизга қисқаришига олиб келади.

Ўзбекистон келажакда сув танқислигига дуч келадиган ягона давлат эмас.

Жаҳон метеорология ташкилоти ҳисоботига кўра, 2050 йилга бориб Ер юзида 5 миллиарддан ортиқ одам у ёки бу даражада сув танқислигини бошдан кечиради.

Сув ресурсларини бошқариш

Танқислик юзага келишидан аввал Ўзбекистон ирригация тизимларини янгилаш ва мавжуд дренаж инфратузилмасини модернизация қилиш чораларини кўриши зарур, дейди таҳлилчилар.

Ўзбекистон учун зарур бўлган сувни тежаш лойиҳаларининг умумий қиймати 10 миллиард долларни ташкил қилади, деди форумда иштирок этган Boston Consulting Group (BCG) раҳбари Игор Алексеев.

«Шундан 4 миллиард доллари инфратузилмага, энг аввало насос станцияларини барпо этиш, сув каналларини бетонлаштириш ва қувурларни тозалашга йўналтирилади», деди у форумда.

«6 миллиард долларга яқин маблағ эса хўжалик юритувчи субъектлар – фермер ва деҳқонларга сувни тежаш технологияларини жорий қилиш учун субсидияларга йўналтирилади», деди у.

BCG ҳисоб-китобларига кўра, сувни тежашни рағбатлантириш учун ҳатто энг қолоқ деҳқон хўжаликлари учун ҳам ҳар бир куб метр сувга 0,02-0,035 АҚШ доллари миқдорида тўлов белгиланиши зарур.

«Бундай ёндашув фермер хўжаликларига келадиган сувнинг қарийб 30 фоизини ва шаҳарлараро қувурлардан ўтадиган сувнинг 20-25 фоизини тежашга ёрдам беради», деди Алексеев.

Ўзбекистон сув истеъмоли кўрсаткичлари ва сувдан фойдаланиш турлари бўйича ҳисоб-китобларни қайта кўриб чиқиши керак, дейди Тошкентда жойлашган Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг Ўзбекистондаги директори Вадим Соколов.

Соколовнинг сўзларига кўра, ҳозирда мамлакатда ўсиб бораётган аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатлаш учун илғор технологиялардан фойдаланишга имкон берувчи реал шарт-шароитлар мавжуд.

Бу технологиялар ҳосилдорликни оширади ва сувдан фойдаланишни камайтиради, деди у.

Бироқ, сувдан фойдаланувчиларнинг зеҳнияти ўзгармас экан, томчилатиб суғориш ёки сувни тежашнинг бошқа технологиялари ҳеч қандай фойда бермайди, дейди АҚШда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатшунос Нигора Ҳидоятова.

«Кўп сув талаб қиладиган пахта экишни тўхтатишимиз керак. Шунингдек, сув ресурсларининг бошқаришнинг янги усулини ишлаб чиқиш масаласи ҳам ўртага чиқмоқда», деди Ҳидоятова.

«Бунинг учун халқаро сув ҳуқуқи низомлари ва БМТ резолюцияларига мувофиқ минтақалараро консорциум ташкил қилишимиз зарур

Халқаро дастак

Халқаро ва АҚШ ташкилотлари сув билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда анчадан бери Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

2022 йил апрел ойида АҚШ Савдо ва тараққиёт агентлиги «Ўзсувтаъминот» миллий компаниясига масофадан мониторинг қилиш, сув оқишини аниқлаш ва талабни прогнозлаш учун «Рақамли эгизак» технологиясини синовдан ўтказиш бўйича тажриба лойиҳаси учун 500 минг доллар миқдорида грант ажратган.

Ушбу технология Чирчиқ ва Жиззах шаҳарларида татбиқ этилиши ва бутун Ўзбекистон бўйлаб қўлланиладиган намуна бўлиши керак эди.

Ўтган йилнинг сентябр ойида Осиё тараққиёт банки ер ва сув ресурслари бошқарувини яхшилаш орқали Ўзбекистоннинг озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини яхшилашга ёрдам бериш учун 150 миллион долларлик кредит ва 3 миллион долларлик грантни маъқуллади.

2020 йил сентябр ойида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Бухоро вилоятидаги Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидаги Ёмонжар каналини тиклаш ишларини молиялаштирган.

Тўсувчи иншоотлар ва ўлчаш станциясининг қурилиши, 32,5 километр узунликдаги канал ўзанини бетонлаш ишлари Қоракўл ва Олот туманларининг 34 мингга яқин аҳолисининг сув таъминотини яхшилашга хизмат қилди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500