Карвонсарой
Технология

Ўзбекистонда интернетдаги экстремистик мафкурани жиловлаш чоралари кучайтирилмоқда

Рустам Темиров

Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси (ДИҚ) ва бошқа давлат идоралари экстремистик мазмундаги материалларни аниқламоқда. Ўнгдаги гистограммада Ўзбекистонда экстремистик деб топилган ва тақиқланган материаллар сони ортиб бораётгани кўрсатилган: 2019 йилнинг май ойида 42 та, 2022 йилнинг январида 166 та ва шу йилнинг май ойида 496 та. [Карвонсарой]

Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси (ДИҚ) ва бошқа давлат идоралари экстремистик мазмундаги материалларни аниқламоқда. Ўнгдаги гистограммада Ўзбекистонда экстремистик деб топилган ва тақиқланган материаллар сони ортиб бораётгани кўрсатилган: 2019 йилнинг май ойида 42 та, 2022 йилнинг январида 166 та ва шу йилнинг май ойида 496 та. [Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Интернетда экстремистик ғояларни тарғиб этувчи контентнинг кўпайиши ортидан Ўзбекистон ҳукумати бу муаммонинг олдини олиш механизмларини ишлаб чиқиш ва фаоллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтирди.

Дин ишлари бўйича қўмита (ДИҚ) ва бошқа давлат идоралари радикал ёки экстремистик мазмундаги веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқларни аниқлаш ва блоклаш устида иш олиб бормоқда.

ДИҚ Ўзбекистонга олиб кириш, ишлаб чиқариш, тарқатиш ёки намойиш этиш тақиқланган материалларнинг рўйхатини мунтазам равишда янгилаб туради, у текшириш ва тасдиқлаш учун Олий судга тақдим этилади.

17 май куни янгиланган рўйхатда «радикал» деб топилган 496 та контент, жумладан, экстремизмни мадҳ этувчи ёки тарғиб қилувчи сўзлар ишлатилган тўртта диний ашула ёки «нашид», 20 га яқин китоблар, шунингдек, TikTok, Facebook, Instagram, YouTube ва Одноклассники аккаунтлари мавжуд.

22 ноябр куни Самарқанддаги интернет-кафега ташриф буюрган ички ишлар ходими. [Мансур Ҳасанов]

22 ноябр куни Самарқанддаги интернет-кафега ташриф буюрган ички ишлар ходими. [Мансур Ҳасанов]

«Сўнгги вақтларда интернет тармоқларида экстремистик ва террористик мазмундаги тарғибот материалларикенг тарқатилмоқда», дейилади ДИҚнинг сўнгги баёнотида.

«Бу эса, ўз навбатида, нафақат юртимизда, балки жаҳон ҳамжамиятида бу каби маълумотларни аҳоли орасида тарқалишининг олдини олиш механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга тадбиқ қилиш заруратини кун тартибига қўймоқда», дейилади хабарда.

Ижтимоий тармоқларда бу каби контентни аниқлаш ва чеклаш ҳам шулар жумласига киради.

Бу чоралар ҳукуматнинг 2018 йилда қабул қилинган «интернетда экстремистик, тарғибот-ташвиқот ёки нафратга асосланган контентни тарғиб қилувчи» ОАВни блоклашга рухсат берувчи қарорига асосланган.

Шунингдек, «фанатизм ғоясига асосланган» қўшиқларни олиб кириш ва тарқатиш ҳам тақиқланади.

ДИҚ 2019 йил май ойида 42 та блокланган «экстремистик» ахборот ресурсини, шу жумладан 22 веб-сайтни, 2022 йил январида эса 166 та веб-сайт, канал ва аккаунтларни қайд этган.

Бир «клик» масофадаги экстремизм

Кўплаб ўзбек ёшлари интернет ёки ижтимоий тармоқларда радикал ёки террористик ғояларга дуч келишади.

Радикаллашув уларни қамоқхона сари етаклаши мумкин, зеро мамлакат қамоқхоналаридаги 18 ёшдан 25 ёшгача бўлганлар сони номутаносиб.

22 май куни жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан 19 ёшли йигит тақиқланган экстремистик материалларни тарқатгани учун уч йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар берган Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов.

Йигит уч йил давомида ўз мобил телефонида Телеграм иловаси орқали Ўзбекистонда тақиқланган «турли ақидапарастлик ғояларига оид маълумотларни ўрганган», дейди Абидов.

Шунингдек, ўтган ой 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродов ўз синфдошларига YouTube тармоғидаги радикал мазмунли нашид ҳаволасини юборгани учун Тошкент вилоятининг Оққўрғон туман суди томонидан уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

У Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг грант асосида ўқийдиган талабаси эди.

Ички ишлар органлари Улуғмуродовни йил бошида Янгийўл туманидаги хонадонида қўлга олган. Унинг телефонидан ўтган йили Телеграмдаги синфдошлар гуруҳига юборилган нашид ҳаволаси топилган.

ДИҚ бу нашидни «фанатизм ғоялари билан йўғрилган» деб хулоса берган.

Шу каби жиноятларда айбланган бир қатор судланувчиларнинг эътироф этишича, улар сичқонча тугмасини бир марта босиш билан «экстремизмни ахборий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни» тақиқловчи қонунни бузаётганликларини билмаганлар.

Олий суд матбуот хизматининг хабар беришича, айримлар экстремистик гуруҳ аъзосига тегишли веб-сайтга ташриф буюргани учунгина судланган.

26 май куни маҳаллий ОАВ саккиз нафар тошкентлик халқаро террорчилик ташкилотига алоқадорликда гумон қилинаётгани ҳақида хабар берди.

Хабар қилинишича, гумондорлар хабар алмашиш иловалари орқали «Тавҳид ва жиҳод катибаси» етакчилари билан боғланиб, экстремистик ғояларни тарғиб қилган ва Суриядаги жанговар ҳудудларга боришни режалаштирган.

Огоҳлик маслаҳати

Интернетдаги тақиқланган контент муаммоси бир қарашда кўринганидан анча чуқурроқ, дейди Тошкентлик ахборот технологиялари мутахассиси Фирдавс Нусратов.

«Муайян созламаларда қурилманинг операцион тизими ёки хабар алмашиш иловаларининг ўзи фойдаланувчи ўчириб ташлаган контентни телефон ёки ноутбукда сақлаши мумкин», деди у. «Буни ҳамма ҳам билмайди.»

«Шу тариқа, сиз шунчаки нотаниш ҳаволани боссангиз ҳам, беихтиёр қурилма хотирасида тергов учун далил бўладиган бирор нарса қолдиришингиз мумкин», деди Нусратов.

Феврал ойи бошида Тошкент давлат техника университети талабаси – 22 ёшли Сардор Раҳмонқулов экстремистик деб топилган диний қўшиқни тарқатгани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилганди.

У қўшиқни Телеграм иловасидаги VK music боти орқали юклаб олиб, контактларига улашган.

Бироқ, март ойи бошида апелляция суди беш йиллик қамоқ жазосини шартли жазога ўзгартириб, икки йиллик синов муддати белгилади ва у суд залидан озод этилди.

Мувозанатлаш чораси

Экстремистик мафкура тарқалиши билан боғлиқ хавотирлар сабаб 2016 йилда Ўзбекистон Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришда «жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш ва намойиш этиш» учун жазо кучайтирилган.

Унга «оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари ёки... интернетдан фойдаланиш»га оид қўшимча банд киритилган.

Ҳуқуқбузарлар жаримага тортилиши, ўз уйида яшаб, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши, бир йилдан уч йилгача уй қамоғи ёки уч йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланиши мумкин.

«Consultations on International Policy and Economy» тадқиқот маркази президенти Фикрет Шабанов сўнгги чоралар ҳақида фикр билдирган.

«Блоклаш – энг радикал чора», дейди у.

«Бошқа томондан, наркотик моддаларнинг тарғиб қилиниши, ўз жонига қасд қилиш ва портловчи қурилмаларни ясаш йўлларини ўргатишнинг олдини олиш кабилар – жамият учун фойдали», дейди у.

Бу шунингдек, фойдаланувчиларни педофилия, зўравонлик, сохта хабарлар ва радикал экстремизм каби хавфли контентлардан сақлайди, деб айтган Шабанов.

Аммо, бундай тақиқлар давлатни янада хавф остига қўяди, дейди у. Ҳукумат фақат блоклаш орқали ўзининг стратегик мақсадларига эриша олмайди.

Ахборотнинг «тақиқланган меваси» одамларни ўзига кўпроқ жалб қилиши мумкин, деб айтган у.

«Бу муаммоларни тўғри ва самарали ҳал қилиш учун миллий хавфсизлик доктринасини замонавийлаштириш ва тез ўзгариб бораётган шароитларга мослаштириш зарур», деб айтган Шабанов.

«Тўғри иш»

Андижонлик журналист Сабоҳат Раҳмоновага кўра, бу ишларнинг фойдаси зараридан кўпроқ.

Ҳукумат экстремистик ғояларни тарқатувчи онлайн материалларни блоклаш ёки тақиқлаш билан тўғри иш қилмоқда, деди у.

«Айримлар учун давлат бир қарашда бемаънилик билан шуғулланаётгандек кўринади – яъни ҳукумат қайси китобларни ўқиш, қайси фильмларни кўриш мумкинлигини ҳал қилмоқда», деб айтган у.

«Аслида мен бу тўғри иш деб биламан», дейди у. «Шахсан ўзим кўп салбий вазиятларга гувоҳ бўлганман.»

Айрим ахборот истеъмолчилари ҳақиқий ислом ва экстремистик ғояларнинг фарқига бора олишмайди, деб айтган Раҳмонова. Агар интернетда радикализм тарқалишининг олди олинмаса, ёш авлод учун улкан оқибатларга олиб келиши мумкин, деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500