Карвонсарой
Саломатлик

USAID 80 мингдан ортиқ тожикистонликларни хавфсиз ичимлик суви билан таъминлашга ёрдам беради

Неъматулло Мирсаидов

Қубодиён туманидаги қишлоқлар аҳолиси йиллар давомида тоза ичимлик сувини орзу қилган. Улар USAID ташаббуси туфайли энди хавфсиз ичимлик сувидан баҳраманд бўладилар. [USAID]

Қубодиён туманидаги қишлоқлар аҳолиси йиллар давомида тоза ичимлик сувини орзу қилган. Улар USAID ташаббуси туфайли энди хавфсиз ичимлик сувидан баҳраманд бўладилар. [USAID]

ДУШАНБЕ – АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Тожикистонда Совет Иттифоқи даврида қурилган, ишламай қолган сув таъминоти тизимларини қайта тиклаш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида USAID Хатлон вилояти Жўми тумани Чорбоғ қишлоғидаги, шунингдек, Суғд вилояти Бобожон Ғафуров тумани Сумчак қишлоғидаги ишларни молиялаштирди.

Молиялаштириш доирасида қудуқларни тозалаш, сув қувурларини ётқизиш, сув миноралари ва резервуарларини қуриш, сувни зарарсизлантириш ускуналари ва индивидуал истеъмолни ўлчайдиган сув ҳисоблагичларини ўрнатиш ишлари амалга оширилди.

Жорий йилда Тожикистон аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Мануэл Микаллер (чапдан иккинчи) 14 апрел куни Рўдакий тумани Зайнабобод қишлоғида қайта тикланган ичимлик суви таъминоти тизимини ишга тушириш маросимида иштирок этмоқда. Қишлоқнинг 6700 дан ортиқ аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди. [USAID]

АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Мануэл Микаллер (чапдан иккинчи) 14 апрел куни Рўдакий тумани Зайнабобод қишлоғида қайта тикланган ичимлик суви таъминоти тизимини ишга тушириш маросимида иштирок этмоқда. Қишлоқнинг 6700 дан ортиқ аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди. [USAID]

Бобожон Ғофуров туманидаги Сумчак қишлоғи аҳолиси йигирма йилдан ортиқ вақт давомида сувни қўшни қишлоқлардан ёки Хўжанддан ташиб келар эди. Айримлар 13 март кунги ушбу суратдаги одам каби қудуқлардан сув олишган. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Бобожон Ғофуров туманидаги Сумчак қишлоғи аҳолиси йигирма йилдан ортиқ вақт давомида сувни қўшни қишлоқлардан ёки Хўжанддан ташиб келар эди. Айримлар 13 март кунги ушбу суратдаги одам каби қудуқлардан сув олишган. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

13 март кунги ушбу суратда Бобожон Ғофуров туманидаги Сумчак қишлоғида USAID лойиҳаси доирасида қурилган сув тозалаш иншооти акс этган. Қайта тикланган сув таъминоти тизими 7000 нафар аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлайди. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

13 март кунги ушбу суратда Бобожон Ғофуров туманидаги Сумчак қишлоғида USAID лойиҳаси доирасида қурилган сув тозалаш иншооти акс этган. Қайта тикланган сув таъминоти тизими 7000 нафар аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлайди. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, сўнгги беш йил ичида амалга оширилган USAID лойиҳалари натижасида Тожикистоннинг 80 мингдан ортиқ аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Яқинда, 16 май куни USAID ва Оға Хон жамғармаси Хатлон вилояти Қубодиён туманидаги учта қишлоқда учта янги ичимлик суви таъминоти тизимини барпо этиб, маҳаллий аҳолига топширган эди.

Ушбу ичимлик суви тизимлари 1191 хонадонни (жами 10990 киши) тоза сув билан узлуксиз таъминлаш имконини беради.

Бундан ташқари, 1424 нафар ўқувчи ва ўқитувчилар мактаблардаги санитар ҳожатхоналардан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар, дейилади элчихона хабарида.

14 апрел куни USAID Рўдакий тумани Зайнабобод ҚФЙда 6700 дан ортиқ аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминловчи қайта таъмирланган ичимлик суви насос станциясини фойдаланишга топширди.

Бу охирги бир неча йилда Тожикистонда USAID томонидан қайта тикланган ёки барпо этилган 12 та ичимлик суви таъминоти тизимидан биридир.

«USAID Тожикистоннинг барча ҳудудларида тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятини оширишга интилмоқда», деди АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Мануел Микаллер тантанали топшириш маросимида.

«USAIDнинг ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга содиқлиги аҳоли саломатлиги, инсон қадр-қиммати, ижтимоий адолат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга», деди у.

Сув мўл, аммо аҳоли танқисликка дуч келмоқда

Тожикистон ҳудудининг 93 фоизи тоғлардан иборат. Уларда катта миқдордаги фойдали қазилмалардан ташқари, Марказий Осиёдаги чучук сув заҳираларининг 60% га яқини жойлашган.

Тожикистондаги музликларда 550 куб км чучук сув бор, тоғларда эса 300 дан ортиқ чучук сувли кўллар мавжуд. Улар биргаликда 600 дан ортиқ кичик ва катта дарёларни сув билан таъминлайди.

Шунга қарамай, тожикистонликлар айниқса, қишлоқ жойларда ичимлик ва суғориш учун ишлатиладиган сув танқислигини бошдан кечирмоқда.

Энергетика ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, қишлоқ аҳолисининг 49,6 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланмаган ёки хавфсиз бўлмаган сув истеъмол қилмоқда.

Аксарият қишлоқ жойларда аҳоли ҳалигача сой, дарё, сув омборлари ва қудуқлардан сув истеъмол қилмоқда, дейди Сўғд вилояти мелиорация ва ирригация бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳалим Ҳожиев.

«Жанубдаги айрим шаҳарларга... ичимлик суви юк машиналарда етказиб берилади. Вазият қишлоқларга сармоя киритилмагани туфайли мураккаблашган, натижада қудуқлар, насослар, дренаж тизимлари ва тозалаш иншоотлари аллақачон ишдан чиққан. Уларни тузатиш керак.»

«Афсуски, сифатли ичимлик суви таъминотининг йўқлиги юқумли касалликларнинг кўпайиши ва тарқалишининг асосий сабабларидан биридир», дейди Ҳожиев. «Бу кўпчиликни хавотирга солмоқда.»

Ҳукумат эски сув таъминоти тизимларини янгилаш учун жуда кам маблағ ажратгани сабаб маҳаллий ҳокимият ва аҳоли халқаро ташкилотлар ёрдамига таянишга мажбур, дейди у.

Асосий ёрдам USAID, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тараққиёт дастури, Oxfam, Оға Хон жамғармаси, Жаҳон Банки, Осиё тараққиёт банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан тақдим этилди.

Барқарор механизм яратиш

USAID сув таъминоти лойиҳаларининг асосий мақсади узоқ йиллар давомида ишончли ва узлуксиз ишлай оладиган барқарор механизм яратишдир.

Буни амалга ошириш учун USAID бошқарувни такомиллаштириш ва молиялаштиришдан фойдаланиш таклифи орқали ишончли ва тижорий жиҳатдан манфаатли ичимлик суви таъминотчиларини яратишга ҳаракат қилмоқда.

Қайта тикланган ёки янги барпо этилган сув таъминоти тизимлари нафақат масъулиятни ўз зиммасига оладиган, балки натижалар билан боғлиқ иқтисодий рағбатга эга бўлиши керак, дейди ҳамкор ташкилотлар мутахассислари.

«Ўтмишда Тожикистонда сув учун пул тўламанмаган» дейди USAID пудратчиси Chemonics International компаниясининг Сўғд вилоятидаги вакили Наимжон Набиев. «Шаҳарларда барча харажатларни ҳукумат ўз зиммасига олган бўлса, қишлоқларда бу ишни аҳоли пунктлари жойлашган колхоз ва совхозлар амалга оширган».

«Аҳолини сув учун пул тўлашга кўндириш қийин, лекин у бозор иқтисодиёти шароитида самарали механизм яратилмаса, барқарор тизимга эга бўлиш мумкин эмаслигини англай бошлади», деб айтган у.

Совет даврида қишлоқ ҳудудларидаги сув таъминоти, жумладан ичимлик суви тизими колхоз ва совзозлар ихтиёрида бўлган, деб тушунтирган Набиев.

Совет Иттифоқи инқирозидан кейин катта фермерларнинг аксарияти банкрот бўлган, ҳукумат уларни қайта ташкил этишга қарор қилган. Катта фермер хўжаликлари ўрнига кичиклари тузилган, улар сув таъминоти каби йирик жамоат харажатларини қоплай олишмаган.

«Янги шароитларларда ишлайдиган янги модел яратишдан бошлаш керак», деб айтган Набиев. «Айрим туманларда нодавлат ташкилотлар ташаббусни ўз зиммаларига олишмоқда, бошқаларида эса сув истеъмолчилари уюшмалари шакллантирилмоқда.»

«Асосийси, сув таъминотини бошқарувчи механизмни яратиш. Бунинг учун ташкилот қатъий талабларга жавоб берадиган кўп қиррали, малакали мутахассисларга эга бўлиши муҳим», деб айтган у.

20 йилдан ортиқ кутилган

Бобожон Ғофуров туманидаги Сумчак қишлоғи Ўрта Осиёдаги энг узун дарё –Сирдарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган. Қишлоқ йигирма йилдан ортиқ вақт давомида тоза ичимлик суви билан таъминланмаган.

2000-йиллар бошидаги иқтисодий инқироздан сўнг, маҳаллий колхоз сув тизимини молиялаштира олмайдиган кичик шахсий фермер хўжаликларига бўлиниб кетди. Насослар, қудуқлар ва резервуарлар ишдан чиққан, уларни таъмирлашга, эҳтиёт қисмлар ёки материаллар сотиб олишга маблағ йўқ эди.

USAID кўмагида йирик резервуар ва сувни зарарсизлантириш иншооти қурилди, иккита қудуқдаги насослар алмаштирилди, қишлоққача қарийб 4 км узунликдаги сув қувурлари ўтказилди, истеъмолчиларнинг уйларига сарфни ўлчаш учун 615 та сув ҳисоблагичи ўрнатилди.

Ушбу ташаббус натижасида қишлоқнинг 7000 кишилик аҳолиси тоза ичимлик суви билан доимий таъминланди.

Маҳаллий «Рушдий деҳаи сумчак» нодавлат ташкилоти сув тизимини бошқаришни ўз зиммасига олди, бир куб метр сув учун 1,5 сомоний (0,14 АҚШ доллари) нарх белгиланди.

«Илгари сувдан фойдалана олмаган ёки қисман фойдаланган оилаларни сув билан тўлиқ таъминладик, хизматларимиз учун минимал нарх белгиладик», деб айтган «Рушдий деҳаи сумчак» ташкилот раҳбари Раҳмат Иброҳимов.

«Аҳоли сув учун тўлов тизимига ўтишни тўғри тушуняпти» дейди у. «Бу, албатта, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашнинг барқарор, ишончли моделини яратишга қодир эканлигимизни кафолатлайди».

Сўғд вилояти, Конибодом туманидаги 7 минг аҳоли истиқомат қилувчи Сарикуй қишлоғидаги сув таъминоти ҳам USAID молиявий кўмаги туфайли янгиланадиган бўлди.

Авваллари қишлоқ аҳолисининг ярми олиб келинган сувни сотиб олган ёки сойлар ва суғориш ариқларидан, қудуқлардаги ерости сувларидан фойдаланган. USAID йил охиригача барча 1049 та хонадонда сув ҳисоблагичларни ўрнатишни ва қишлоқнинг барча аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашни режаламоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Гўзал инсонлар. Ёш ўғил, бахтиёр қиз.

Жавоб бериш