https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/newsbriefs/2018/01/18/newsbrief-01

Қозоғистонда автобус ёниб кетиши оқибатида 52 киши ҳалок бўлди

AFP

Ақтўбе, Қозоғистон – 18 январь, пайшанба куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида Россияга йўл олган автобуснинг ёниб кетиши туфайли 52 нафар киши ҳаётдан кўз юмди, деб хабар берди Марказий Осиё давлатлари фавқулодда вазиятлар вазирликлари.

«18 январь куни, маҳаллий вақт билан эрталабки соат 10:30 да, ичида 55 та йўловчи ва 2 нафар ҳайдовчи бўлган автобус ёниб кетган. Автобус ичидан чиқиб омон қолган беш кишига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Қолганларнинг барчаси воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган», деб хабар беради Фавқулодда вазиятлар вазирлиги. Вазирлик ёнғин сабабларига аниқлик киритмаган.

Тирик қолганлардан икки нафарининг қўллари куйган, бу ҳақда AFPга тез ёрдам хизмати ходимлари маълум қилишди. Қолганлар эса майда жароҳатлар олишган.

Ёнғин жуда тез тарқалган, деди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийси Руслан Иманкулов AFPга.

У транспорт воситаси Қозоғистонда рўйхатга олинганини айтган. Бироқ, ички ишлар вазирлиги расмийсининг «Интерфакс-Қозоғистон» агентлигига маълум қилишича, ҳалок бўлган йўловчиларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароларидир.

Қозоғистон оммавий ахборот воситаларига кўра, автобусда Россияга кетаётган меҳнат муҳожирлари бўлишган.

Фавқулодда вазиятлар вазирининг айтишича, автобус Қозоғистон жанубидаги Чимкент шаҳридан Россиянинг Волга дарёси бўйидаги Самара шаҳрига кетаётган эди. Икки ўртадаги масофа қарийб 1900 километрни ташкил қилади.

Транспорт воситаси Венгрияда ишлаб чиқарилган Икарус русумидаги автобус бўлиб, уларнинг баъзилари бир неча ўн йилликлар давомида эскирганига қарамай, собиқ Совет иттифоқи мамлакатларида ҳозиргача ишлатилади.

Маҳаллий фавқулодда ёрдам хизмати ходимлари дастлаб фожеага қисқа туташув сабаб бўлгани ва автобусда меъёрдан ортиқ йўловчи бўлганини айтишган, деб хабар беради «Интерфакс-Қозоғистон» агентлиги.

Шунга қарамай, Иманкулов мазкур сабабларни тасдиқламади ва «ёнғин сабаблари ҳақида гапиришга ҳали эрта» эканини айтди.

Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам ҳодиса сабабларини ўрганиш учун махсус ҳукумат комиссиясини тузган, деб хабар берди Казинформ.

Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири, шунингдек, шошилинч алоқа рақамлари ишга туширилганини маълум қилди.

Қозоғистон ҳукумат комиссияси «ҳалок бўлганлар ва уларнинг оилаларига ҳар томонлама зарурий ёрдам кўрсатади», деди ички ишлар вазирлигининг давлат тили ва ахбороти бўйича департаменти бошлиғи Алмас Садубаев.

Сизга мақола ёқдими?

3
Фикрлар 0
Сиёсат
Каптча *