Карвонсарой

Кобулдаги терактда ҳалок бўлган Қозоғистон фуқаросининг шахси аниқланди

Карвонсарой

ОСТОНА – Шанба, 20 январь куни Кобулдаги Интерконтинентал меҳмонхонасига уюштирилган террорчилик ҳужуми натижасида қурбон бўлган Қозоғистон фуқаросининг шахси аниқланди, деб хабар берди Казинформ.

Камида 19 кишининг ҳаётига зомин бўлган теракт учун жавобгарликни Толибон гуруҳи ўз зиммасига олган.

Ҳужум қурбони 1978 йилда туғилган остоналик тадбиркор бўлган, деб хабар қилди Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги душанба, 22 январь куни.

«Ҳозирча унинг фамилиясини айта олмаймиз, бироқ биздаги маълумотларга кўра, у Афғонистонда 2017 йилнинг октябрь-ноябр ойларидан бери бизнес сафарида бўлган», деб маълум қилди душанба куни Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Ануар Жайнаков.

У Афғонистондаги алоқа компанияларидан бири томонидан мамлакатга таклиф этилган эди, деди вазирлик расмийси.

«Биз қурбоннинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз ҳамда ушбу вазиятда барча зарурий ёрдамни кўрсатамиз», деди Жайнаков. У Афғонистондаги қозоқ дипломатлари марҳумнинг жасадини ватанига қайтариш устида иш олиб бораётганини қўшимча қилди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500