ДУШАНБЕ – Марказий Осиёдаги беш мамлакат президентлари март ойида, Наврўз байрами кунлари ўтказиладиган Остона саммитига йиғилмоқчи, деб хабар берди пайшанба, 25 январь куни Тожикистон ҳукуматидаги манба AsiaPlus.tj нашрига.
Саммит Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигини кучайтириш ва «минтақадаги барча давлатларнинг узоқ муддатли манфаатларига» мос келувчи қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашади, деди манба.
Қозоғистон ташқи ишлар вазири Кайрат Абдраҳманов ўтган йилнинг октябр ойида Остонада Марказий Осиё саммитини ўтказишни таклиф қилганди.
Бу йилМарказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масаласида бурилиш нуқтаси бўлади, дейди таҳлилчилар.
«Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик, асосан икки томонлама ва уч томонлама форматда ривожлантирилади», деди Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори Эрлан Карин.
Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, саммитни ўтказиш орқали Қозоғистон минтақавий интеграцияга раҳбарлик қилиш учун рақобатлашаётган бўлиши мумкин. Бироқ, кузатувчилар Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қолган барча 4 давлати ва Афғонистон билан чегарадош эканлиги боис, Қозоғистон олдида географик устунликка эга эканлигини таъкидламоқдалар.
Ўтган йили Самарқандда ўтказилган хавфсизлик бўйича минтақавий анжуманда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасби Нурсултон Назарбоевнинг қўшнилар билан яқин ҳамкорликни ривожлантиришга оид саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини маълум қилганди.