Карвонсарой

Қозоғистон ва ЕТТБ Остонада табиий газ қувури лойиҳасини молиялаштириш бўйича музокара олиб бормоқда

Карвонсарой

ОСТОНА – Қозоғистон Остона шаҳрини газлаштиришни кўзда тутувчи «Сарыарка» магистрал газ қувурини ётқизиш лойиҳасига Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) маблағларини жалб этиш бўйича музокара олиб бормоқда, деб хабар берди Kazinform.

Бу ҳақда энергетика вазири Канат Бозумбаев сешанба, 13 февраль куни вазирлар маҳкамаси йиғилишида айтиб ўтди.

Лойиҳа маъқулланган тақдирда у Остонадаги турли объектлар фаолиятини кўмир ёқилғисидан табиий газга ўтказиш имконини беради. Хусусий уйларни иситишга мўлжалланган 192 та қозонхона, унча катта бўлмаган коммунал турар-жой биноларини иситувчи 48 та қозон, кўмирда ишлашга асосланган 22 мингта уй хўжалиги ҳамда ТЭЦ-1 ва ТЭЦ-3 иссиқлик электр станциялари шулар жумласидандир, деди вазир.

Лойиҳа ҳавога зарарли чиқиндилар ажралишини йилига 35 тоннага камайтириш орқали Остонадаги экологик ҳолатни яхшилашга ёрдам беради. Шунингдек, газ қувури бўйлаб инфратузилмани ривожлантириш ва табиий газдан фойдаланган ҳолда янги ишлаб чиқариш корхоналарини очиш имкони яратилади, деди Бозумбаев.

Унинг сўзларига кўра, миллий иқтисодиёт ва молия вазирликлари, «Самрук Казына» миллий фаровонлик жамғармаси, «Казмунайгаз» акциядорлик компанияси ва Остона ҳокимлиги вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳ лойиҳани амалга ошириш йўлларини ишлаб чиқмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500