Карвонсарой

Тожикистонда ногиронларнинг ҳуқуқий билими ва касбий кўникмаларини оширишга қаратилган лойиҳа ишга тушди

Карвонсарой

ДУШАНБЕ – 4 май, жума куни Душанбе шаҳрида Тожикистон ҳукумати имконияти чекланган ёш фуқароларга кўмаклашувчи лойиҳани амалга оширишга киришди, деб хабар беради Asia-Plus.

1 апрел куни иш бошлаган «Тожикистонда ижтимоий ўзгаришлар ва инклюзив таълимга кўмаклашиш» номли лойиҳани 2020 йилга қадар амалга ошириш мўлжалланмоқда. Унинг умумий қиймати 690 минг еврога (7,3 миллион тожик сомонийси) тенг, шундан 10% Германия ҳукумати ва қолган 90 фоизи Европа Иттифоқи томонидан ажратилган.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – имконияти чекланган тожик ёшларининг касбий таълимини яхшилаш ва уларга ўз ҳуқуқлари ҳақида сабоқ беришдир.

Жума куни ўтказиладиган тадбирда лойиҳа мақсадлари ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор этиш ва потенциал ҳамкорларни жалб этиш режалаштирилган. Ушбу тадбирда Тожикистон ҳукумати вакиллари, маҳаллий ва халқаро нодавлат ташкилотлар ҳамда ОАВ ходимларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Лойиҳа Бонн шаҳридаги Deutscher Volkshochschul-Verband e.V. (DVV International) ташкилоти томонидан амалга оширилади.

DVV International ташкилоти Тожикистоннинг катта ёшдагилар таълим уюшмаси ҳамда «Иштирок» ногирон аёллар бирлашмаси билан ҳамкорликда ногиронларни меҳнатга жалб этиш имконини берувчи касбий маҳорат курсларини ташкиллаштиришни режалаштирмоқда.

Шу билан бирга, германиялик ташкилот Меҳнат, бандлик ва миграция вазирлиги, Рашт, Панжакент ҳамда Душанбе ҳокимликлари билан биргаликда вазирликнинг 36 та катталар учун таълим марказига мўлжалланган синов ўқув қўлланмасини ишлаб чиқади.

Ногиронлар ҳуқуқлари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш кампаниясини ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500