БИШКЕК – АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Бишкекда 5-6 июнь (сешанба ва чоршанба) кунлари Қишлоқ хўжалигида савдо ва инвестициялар форумини ўтказади, деб хабар қилди Бишкекдаги АҚШ элчихонаси.
Форум қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 200 ишлаб чиқарувчи, тадбиркорлар, ҳукумат расмийлари ва инвесторларни Қирғизистон пойтахтига жамлайди, деб хабар берилади элчихонанинг душанба, 4 июнь кунги баёнотида.
Тадбир иштирокчиларга «бозор муносабатларини йўлга қўйиш, инвестиция имкониятлари ва қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни молиялаштиришнинг янги усулларини ўрганишга» ёрдам беради, дейилади баёнотда.
Тадбирда юқори мартабали Қирғизистон расмийлари, жумладан, бош вазир Муҳаммедқали Абилғозиев, иқтисодиёт вазири Олег Панкратов ва қишлоқ хўжалиги вазири Нурбек Мурашевлар иштирок этиши кутилмоқда.
«Форумда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси, давра суҳбатлари, бизнес учрашувлар, USAID агентлигининг «Agro Horizon» лойиҳаси эришган ютуқлар ҳақидаги фотогалерея ва видеолавҳалар тақдим этилади», дейилади элчихона баёнотида. Ушбу лойиҳа Қирғизистон қишлоқ хўжалиги секторининг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.