Карвонсарой

ЕИ сув тошқинидан жабрланган тожик оилаларига 60 минг евро ажратади

Карвонсарой

ДУШАНБЕ – Европа комиссияси Тожикистондаги сув тошқинидан жабр кўрган аҳолига инсонпарварлик ёрдами тариқасида 60 минг евро (630 минг сомоний) ажратди. Бу ҳақда 22 июнь, жума куни Европа Иттифоқининг (ЕИ) Тожикистондаги делегацияси маълум қилди.

16-21 май кунлари ёққан кучли ва давомли ёмғирлар натижасида Тожикистоннинг жанубий вилоятлари сув остида қолган, 6 киши ҳаётдан кўз юмганди. Табиий офат натижасида Хатлон вилоятида жойлашган 9 қишлоқдаги 1145 та уй хўжалигига зарар етган, 5725 киши жабрланган. Хабарларга кўра, ёмғирлар натижасида ушбу ҳудудлардаги инфратузилма ҳам вайрон бўлган.

Тошқиндан жабр кўрган 500 оила (2500 киши) уч ой давомида энг зарур жиҳозлар, жумладан, кўрпа-тўшаклар, ошхона анжомлари ва лойни тозалаш воситалари билан таъминланади.

Дастурда шунингдек, сув орқали тарқалувчи касалликларнинг олдини олиш мақсадида гигиенага оид тушунтириш ишларини олиб бориш ҳам кўзда тутилган.

Ушбу чора-тадбирлар ЕИнинг Қизил хоч ва Қизил яримой жамиятлари халқаро федерациясининг фавқулодда ёрдам жамғармаси учун ажратган ёрдами доирасида амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500