ДУШАНБЕ – 29 июль куни Тожикистонда хорижлик велосайёҳларга қарши содир этилган ҳалокатли ҳужум «Ислом давлати» (ИД) гуруҳининг ўсмирлар ва ёшларга кўпроқ эътибор қаратаётганини англатиши мумкин. Бир қатор тожик расмийлари ва таҳлилчилар шундай фикрни билдирмоқда, деб хабар берди якшанба, 5 август куни Озод Европа/Озодлик радиосининг тожик хизмати.
Ҳужумни амалга оширган шахслар велосайёҳларни ўз машиналари билан уриб, сўнгра уларни пичоқлаганлар. Сайёҳлардан 4 нафари ўлдирилган, иккиси жароҳатланган. Еттинчи велосипедчи ҳужумдан қочиб улгурган.
Тўрт нафар гумондор ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан йўқ қилинган, яна 11 нафари ҳибсга олинди, улар орасида бевосита ҳужумни содир этишда гумон қилинган шахс ҳам бор. Ҳужум учун масъулиятни ИД гуруҳи ўз зиммасига олган.
Тожикистонлик айрим таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, қотилларнинг аксари 18-19 ёш атрофида бўлган. Бу воқеадан шуни хулоса қилиш мумкинки, ИД Сурия ва Ироқда мағлубиятга учраганидан сўнг, интернет орқали ёллаш услубини ўзгартирган.
Авваллари ИДнинг тарғибот видеоларида ўша мамлакатларда жанг қилаётган ёши каттароқ, соқол қўйган ва қурол ушлаган тожик эркаклари кўрсатилар эди. Эндиликда ИД ўз видеолавҳаларидан қизиққон ўсмирлар ва ёшларни жалб қилиш учун фойдаланмоқда ва уларни Яқин Шарққа боришга даъват қилмаяпти.
«Шахсий тажрибамда ўқотар қуроллар шовқинини ёқтиргани учунгина экстремистлар сафига қўшилишни истаган ўсмирни қўлга олган эдик», деб айтган исми сир қолишини истаган тожик расмийси RFE/RL радиоси билан суҳбатда.
Июль ойида хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, «Ислом давлати» сафига қўшилишни истаган 17-18 яшар 4 нафар йигит қўлга олинган эди, деди Тожикистон наркотикларни назорат қилиш бошқармасининг Кўлобдаги бўлими раҳбари Муҳаббат Абдуллозода Озод Европа/Озодлик радиосига.
«Бундай ёшлар ўзларини керакли ва муҳим одам деб ҳис қилишни хоҳлайдилар», дейди ўсмирлар билан ишловчи психолог Гулчеҳра Гулмирзоева. «Худди шу вақтда эктремистик гуруҳлар пайдо бўлиб, уларни қаҳрамонга айланишлари мумкинлигига ишонтиради», деди у.
«Эктремистик гуруҳлар ҳарбий куч-қудратга эга вақтларида бамисоли давлат каби курашадилар», дейди тожикистонлик таҳлилчи Рустам Азизий. «Бундай имконият бўлмаганида эса алоҳида терактлар содир этишга ўтадилар».