ТУРКМАНБОШИ, Туркманистон – Марказий Осиё мамлакатлари расмийлари, халқаро нодавлат ва молия ташкилотлари вакиллари Орол денгизини қутқариш йўлларини муҳокама қилиш мақсадида 24 август куни Туркманбоши шаҳрига йиғилдилар, деб хабар беради Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.
Vox.com маълумотларига кўра, 1960 йиллардан бошлаб Совет Иттифоқи томонидан Марказий Осиёдаги пахта далаларининг суғорилиши оқибатида Орол денгизининг тахминан 90 фоизи қуриб битган.
Учрашувда қатнашган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Оролни қутқариш халқаро жамғармаси денгизни қайта тиклаш бўйича самарали ҳамкорлик механизми бўлишига ишонч билдирди.
Мирзиёев тадқиқотлар олиб бориш, инновацион ечимлар ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали ташкилот ишини фаоллаштиришни таклиф қилди.
Марказий Осиёнинг беш мамлакатидан келган делегациялар сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.