Карвонсарой

Швецияда террорда айбланган олти Марказий осиёлик устидан суд бошланди

AFP

СТОКГОЛМ – Душанба (7 январ) куни Стокголм судида Швецияда яшовчи ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб олти фуқаро устидан суд маҳкамаси бошланди. Улар терроризмни молиялаштиришда айбланган, уч нафари эса террорчилик ҳаракати режалаштиришда гумон қилинмоқда.

«Террор ҳужуми амалга ошган тақдирда Швецияга жиддий зарар етказиши мумкин эди», дейилади айблов томонининг хулосасида.

Суднинг биринчи кунида айблов томони олти нафар гумондор «Ислом давлати» (ИД) террорчилик гуруҳини молиялаштириш учун маблағ юборганини даъво қилди.

Айблов томони ўзбекистонлик 34 яшар Акромжон Эргашев Туркиядаги воситачига қарийб 18 минг швед кронаси (1750 евро ёки 2 минг АҚШ доллари) юборганини, у эса ўз навбатида маблағни Суриядаги ИД тарафдорларига ўтказганини таъкидлади.

Прокурорлар шифрланган мобил иловадаги ёзишмалар ва ҳисоб ёзувларини судга далил сифатида тақдим этганлар.

Суд ҳужжатларига кўра, қолган беш гумондор – ўзбекистонлик 30 яшар Бахтиёр Умаров, 39 яшар Ғулом Тожиев, 24 яшар Шоаҳмад Маҳмудов, 46 яшар Давид Идриссон ва 39 яшар қирғзистонлик Атабек Абдуллаевлардир.

Абдуллаев, Идриссон ва Умаров Швецияда террор ҳужумини режалаштирганликда айбланмоқда.

Айблов хулосасига кўра, улар портловчи мосламалар ясаш учун катта миқдорда кимёвий моддалар, газ ниқоблари, радиотелефонлар ва бошқа ҳарбий материалларни сотиб олишган.

Прокуратурага кўра, гумондорга тегишли телефонларнинг биридан Стокголмдаги нишонга олингани тахмин қилинган гавжум жойларнинг суратлари топилган.

Ўтган йилнинг апрел ойида Стокголмдан 600 км шимолда жойлашган Стромсундда ўтказилган рейд чоғида қўшнилар полиция 15 га яқин йирик пластмасса идишларни бўш жойдан чиқариб олганига гувоҳ бўлганликларини айтганлар, деб хабар берган «Dagens Nyheter» газетаси.

Гумондорларнинг бири 2017 йил апрел ойида Стокголмда пиёдалар устига машина ҳайдаб, беш кишини ўлдирган радикал ўзбек муҳожири Раҳмат Оқилов билан алоқада бўлган.

Ўтган йил июнь ойида Оқилов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Олтовлон айбловларни рад этмоқдалар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500