Карвонсарой

Жаҳон банки: Марказий Осиё учун табиий офатларга қарши молиявий ҳимоя зарур

Жаҳон банки

ОЛМАОТА – Жаҳон банки баёнотига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари табиий офатларга қарши молиявий ҳимояни сезиларли кучайтириши ва офатлар хавфини самарали бошқариш саъй-ҳаракатларини бирлаштириши лозим, дейди Олмаотада офатлар хавфини молиялаштириш бўйича минтақавий форумда иштирок этган мутахассислар.

Марказий Осиёнинг беш мамлакатидан келган сиёсатчи ва таҳлилчилар иқлим ўзгариши натижасида ўсиб бораётган муаммолар шароитида молиявий ҳимоя усулларини яхшилаш, жумладан қандай молия воситаларини қўллаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Марказий Осиё ва бошқа мамлакатлардан 80 дан ортиқ вакил қатнашган форум Жаҳон банкининг табиий офатлар хавфини бошқаришни қўллаб-қувватлаш, хусусан Марказий Осиёда молиявий ҳимоя чоралари доирасида ташкил этилди. Жаҳон банки бугунги кунга қадар бутун минтақа миқёсидаги лойиҳалар ва техник ёрдам учун 100 миллион доллар сармоя киритган.

Марказий Осиё табиий офатларга энг таъсирчан дунё минтақаларидан бири ҳисобланади. Зилзилалар, сув тошқинлари, ер кўчкилари, экстремал табиат ҳодисалари ва бошқа турдаги табиий офатлар бутун минтақа бўйлаб деярли ҳар йили содир бўлади.

Охирги 30 йил давомида табиий офатлар минтақанинг 10 миллиондан ортиқ аҳолиси жабр кўрди, иқтисодий йўқотишлар эса 2,5 млрд. долларни ташкил этди. Катта зиён келтириши мумкин бўлган зилзилалар минтақа ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизи, сув тошқинлари эса 1,6 фоизига тенглашиши мумкин.

Аҳолисининг учдан бири қишлоқ хўжалигида банд бўлган Марказий Осиё табиий офатлар, жумладан сув тошқинлари ёки қурғоқчилик хавфи олдида ўта заиф бўлиб қолмоқда. 2000-2001 йиллар давомида минтақадаги қурғоқчилик натижасида қишлоқ хўжалиги соҳасида кўрилган зарар 800 миллиондан ошди, бу айниқда қишлоқ жойларда жиддий оқибатларга сабаб бўлди.

Жаҳон банкининг Қозоғистондаги ваколатхонаси раҳбари Ато Брауннинг сўзларига кўра, «деярли ҳар йили табиий офатлар иқтисодиётга зиён етказиб, одамларнинг тирикчилик қобилиятига ўз таъсирини кўрсатади».

«Марказий Осиё мамлакатлари табиий офатларнинг мамлакат бюджетига хавф солишини яхши тушунади ва молиявий ҳимоянинг таъминланишидан тобора кўпроқ манфаатдор. Форумда биз табиий офатлар туфайли келиб чиқадиган молиявий хавфларни камайтириш ва бу таҳдидлардан одамларни ҳимоялаш йўлларини муҳокама қилдик», деди у.

Форум иштирокчилари табиий офатлардан молиявий ҳимояни таъминлашда сезиларли муваффақиятларга эришга мамлакатлар, жумладан Мексика, Кения ва Туркия тажрибасини ўргандилар.

«Марказий Осиёдаги табиий офатлар чегара билмайди«, дейди Олмаотадаги фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича марказ раҳбари Валерий Петров. «Марказий Осиё мамлакатларининг бирида юз берган кенг кўламли офат бутун минтақага хавф туғдириши мумкин. Бу эса мазкур соҳада ҳамкорлик қилиш нақадар муҳим эканлигидан далолат беради.»

Жаҳон банкининг шаҳарлар, қишлоқлар ва ижтимоий ривожлантириш бўйича бош директори Эде Хорхе Ияш-Васкез (Ede Jorge Ijjasz-Vasquez) форумда сўзга чиқар экан, Марказий Осиё мамлакатларининг табиий офатлар таъсирига қарши барқарорликни мустаҳкамлаш чораларини юқори баҳолади, бироқ бу йўналишда ҳали қилинажак ишлар кўп эканлигини қайд этди.

(Жаҳон банки гуруҳи http://www.worldbank.org/terms веб-саҳифасида кўрсатилган шартлар асосида ушбу метериалдан фойдаланишга ижозат берган)

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500