ОЛМАОТА – Чоршанба-пайшанба (6-7 март) кунлари Олмаота яқинидаги Оқбулоқ шаҳрида Қозоғистон расмийлари ва германиялик мутахассислар иштирокида мамлакатда жиноятларни тергов қилиш самарадорлигини оширишга бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Бу ҳақда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) хабар беради.
Анжуман ЕХҲТ томонидан Қозоғистон Бош прокуратураси, Конституциявий кенгаш ва Олий суд билан ҳамкорликда, халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик бўйича Германия фонди кўмаги билан ташкил этилди, дейилади хабарда.
Тадбирда ҳукумат идоралари, ҳуқуқ-тартибот ва суд органлари, илмий доиралар, Адвокатлар уюшмаси, нодавлат ташкилотларнинг 60 дан ортиқ юқори лавозимли вакиллари, шунингдек, Қозоғистон ва германиялик ҳуқуқ соҳаси экспертлари иштирок этди.
Икки кунлик анжуман ЕХҲТнинг Қозоғистонда жиноий қонунчилик соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари доирасида ўтказилди.
Анжуман давомида Бош прокуратура томонидан жиноий ва жиноий-процессуал қонунчиликни такомиллаштиришга оид қонун лойиҳаси концепцияси тақдим тақдим этилди.
Иштирокчилар мавжуд суд олди амалиётлари, жиноий судловнинг асосий муаммолари ва судяларни танлов асосида саралашнинг янги ёндашувларини муҳокама қилдилар, дейилади хабарда.
Шунингдек, мутахассис ва расмийлар адлия ишларида фуқароларнинг иштироки, жумладан, суд маслаҳатчилари ваколатларини кенгайтириш зарурлигини таъкидладилар.