Карвонсарой

Қозоғистон Суриядан 156 нафар болани эвакуация қилди

AFP

НУР-СУЛТОН – Жума (10 май) куни «Ислом давлати» (ИД) сафига қўшилиш учун Сурияга жўнаб кетган ёки олиб кетилган, кўпчилиги ёш болалардан иборат 231 нафар Қозоғиcтон фуқароси ўз юртига қайтарилгани хабар қилинди.

2011 йилда Сурияда уруш бошланганидан бери, минглаб қозоғистонликлар, бошқа Марказий Осиё давлатлари, Россиянинг Кавказ ўлкасидан бўлган фуқаролар у ерга жангарилар сафида жанг қилгани жўнаб кетганлар.

156 та бола ва 57 нафар катта ёшли фуқарони ватанига қайтариш операцияси сешанба (7 май) ва пайшанба (9 май) кунлари ўтказилди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабар берган. Тафсилотлар ошкор этилмаган.

Худди шундай операция январь ойида ҳам ўтказилган бўлиб, унда 47 қозоғистонлик мамлакатга қайтарилган, уларнинг баъзилари экстремизмга оид жиноятларни содир этишда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Жума куни эълон қилинган баёнотга кўра, президент Қосим-Жўмарт Тўқаев операция муваффақиятли бўлганини айтган.

«Аёллар радикал ўтмишларидан воз кечдилар, ишга жойлашдилар ва қариндошлари билан алоқаларни тикладилар. Болалар мактаб ва боғчаларга боришни бошладилар», деди у.

«Террорчиларнинг бузғунчи ва сохта ташвиқоти» қозоғистонликларни Сурияга жўнаб кетишга ундаган, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500